Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллик тўйи муносабати билан ҳар соҳада ўзига хос янгиликлар, янгиланиш ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Истиқлолнинг имкониятлари туфайли бугун юртимизда жаҳон стандартларига мос равишда ривожланмаган соҳанинг ўзи қолмади. Шу қаторида бугун темир йўл тизимида ҳам катта ўзгаришлар содир бўлмоқда. Зеро, ҳеч бир соҳа тараққиётини темир йўл тизими фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Албатта, мамлакатимизнинг ҳар бир жабҳаси ривожланишида темирйўл ва темирйўлчиларнинг муносиб меҳнати борлигини эътироф этиш ўринлидир.
Ватанимиз мустақиллиги кенг нишонланаётган шукуҳли кунларда эзгу байрамни темирйўлчилар ҳам пойтахтимиз ва мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги тарихий аҳамиятга эга, халқимиз фаровонлиги, давлатимиз иқтисодий юксалишига, қолаверса, юртимизнинг, юртдошларимизнинг келажак ҳаёти учун катта наф келтирадиган лойиҳаларни амалга ошириш билан муносиб кутиб олмоқда. Хусусан, пойтахтимизда бунёд этилаётган ер усти ҳалқа метро йўналишининг қарийб 8,5 километрлик “Қўйлиқ – Қурувчилар” йўналишининг 2-босқичида қурилиш ишлари давом этаётган 5 та бекатни ўз ичига олган мазкур лойиҳа жорий йил якунига қадар битказилиши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг март ойида темирйўлчилар томонидан Бухоро – Урганч – Хива йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатновини ташкил этиш учун электрлаштириш ишлари бошланган эди. Айни дамда участка йўллари бўйлаб пойдевор ҳамда темир-бетон устунлар ўрнатилмоқда. Замонавий техникалар ёрдамида устунларга электр симларини ушлаб туриш учун консоллар монтаж қилиняпти. Электрлаштириш икки йўналишда – Бухоро ҳамда Хоразм вилоятлари ҳудудида олиб борилмоқда. Умумий узунлиги 465,5 километрлик ушбу йўналишдаги ишларнинг тўлиқ тугалланиши натижасида тармоқ тасарруфидаги пўлат изларнинг электрлаштирилган ҳудуди қарийб 50 фоизга етади. Қолаверса, Тошкент – Самарқанд – Навоий – Бухоро – Урганч – Хива йўналишида тезюрар ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи экологик хавфсиз электропоездлар қатновини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Табиийки, бу йўл учун кетадиган вақт, ёнилғи ва бошқа харажатларнинг ҳам тежалишига замин яратади.
Бундан ташқари, Навоий – Бухоро участкасида электрлаштирилган иккинчи юқори тезликдаги темир йўл қурилиши лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Қарши ҳамда Тошкент – Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган “Afrosiyob” поездларининг мунтазам қатнови амалга оширилмоқда. Тошкент – Самарқанд – Мароқанд участкаси икки йўналишли пўлат излардан ташкил топган бўлса, Навоий – Бухоро йўналиши бир изли темир йўл участкасидан иборат. Шу боис, Навоий – Бухоро участкасида электрлаштирилган иккинчи юқори тезликдаги темир йўл бунёд этиб, поездлар қатновини янада қулай, хавфсиз ҳамда ишончли бўлишига, энг муҳими, уларнинг қатнов вақтини янада қисқартиришга эришилади. Навоий – Бухоро участкасининг иккинчи йўли узунлиги 92,1 километрдан иборат бўлиб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари ҳисобига барпо этилмоқда.
Юртимизда кўприклар қадимдан узоқни яқин, мушкулни осон қилувчи восита сифатида қадрланиб келинади. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Кўприкқурилиш” трести” унитар корхонаси мутахассислари томонидан Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи, Амударё устидан ўтадиган янги темир йўл ва автомобиль йўли қўшма иншооти ҳам ана шу мақсадда бунёд этиляпти. Президентимизнинг 2020 йил декабрь ойида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида эски кўприк ўрнига нафақат автомобиль, балки темир йўл транспорти учун ҳам мўлжалланган замонавий кўприк қуриш бўйича берган топшириғи мазкур ҳудудда яшовчи аҳолининг кўп йиллик орзуларини рўёбга чиқаряпти.
Лойиҳага кўра, дастлаб Қораўзак туманидан Амударё ва Гурлан туманлари орқали Шовот туманигача умумий узунлиги 80,2 километр бўлган темир йўл линиясини ҳамда ушбу оралиқдаги 27 та темир йўл кесишмасини қуриш белгиланди. Шунингдек, 4 та автойўл ўтказгич, 9 та кўприк ҳамда 25 кишига мўлжалланган 1 дона, 50 кишига мўлжалланган 2 та темир йўл вокзалини бунёд этиш, асосий темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўприги ҳамда бошқа техник хизмат кўрсатиш бино-иншоотларини қуриш кўзда тутилган. Айни пайтда дарёнинг икки соҳилида ҳам қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Янги қурилаётган кўприк ва унга қадар бўлган 10 километрга яқин ҳамда иншоотдан кейинги ҳудудда 70 километрдан ортиқроқ темир йўлнинг барпо этилиши натижасида Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасидан юкларни ташиш масофаси 240 километрга, уларни манзилга етказиш вақти эса 6 соатга қисқаради. Бундан ташқари, ушбу кўприк орқали ўтаётган юкларнинг йиллик самараси 150 миллиард сўмга яқин бўлади. Шунингдек, бугунги кунда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги темир йўл орқали ташилаётган юкларнинг ўртача ҳажми 12 миллион тоннани ташкил қилаётган бўлса, янги кўприк ҳамда темир йўл қурилганидан сўнг юклар ҳажми лойиҳанинг ўзини оқлаш муддатига етиб боргунга қадар 20-25 миллион тонна атрофида бўлади.
Маълумки, мамлакатимиз пойтахтидан унча узоқ бўлмаган, яъни, бор-йўғи 40 километр шимолда жойлашган Чирчиқ шаҳри ҳам йил сайин ривожланиб бормоқда. Ишлаб чиқариш корхоналари кўпайиб, кўп қаватли аҳоли турар жойлари қурилмоқда. Бу эса ушбу шаҳарда аҳоли сонининг ҳам ортишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, Чирчиқ шаҳридан 20-30 километр шимолий ҳудудда бўлган Бўстонлиқ туманидаги Хўжакент ва тоғли ҳудудлар ёз ҳамда қиш фаслларида нафақат Тошкент аҳолиси, балки, республикамизнинг барча ҳудудларидан келадиган фуқаролар учун ажойиб дам олиш масканига айланади. Шу боис, пойтахтимиз билан Чирчиқ шаҳри ҳамда Хўжакент дам олиш масканларини боғлаб турадиган транспорт йўналишларига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари 2021 йилнинг 18-19 март кунлари Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрига қилган ташрифи давомида Тошкент – Чирчиқ оралиғида транспорт тизимини янада ривожлантириш ва аҳолига қулайлик яратиш масадида темир йўл бўйлаб тезюрар электропоездлар қатновини йўлга қўйиш юзасидан кўрсатма берган эди. Шундан сўнг, жамият томонидан “Салар – Чирчиқ – Хўжакент” темир йўл участкасини тезюрар поездларга мослаштириш учун белгиланган лойиҳа бўйича икки босқичдаги таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Ўтган вақт давомида “Тошкент минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси тасарруфидаги корхоналар томонидан Тошкент – Чирчиқ – Хўжакент йўналишида электропоездлар тезлигини янада ошириш учун пўлат изларни тубдан таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва бу жараён ҳозирги кунда ҳам давом эттирилмоқда.
Соҳада ислоҳ қилиниши лозим бўлган асосий йўналишлардан бири юк ва йўловчи вагонларини янгилаш, локомотив паркини тубдан ривожлантириш масаласи эди. Бу йўналишда ҳам кўрилган самарали чоралар туфайли замонавий тепловоз ва электровозлар сотиб олинди. Йўловчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида халқаро талабларга мос янги вокзаллар қурилиб, мавжудлари қайта таъмирланди. Марказий Осиё давлатлари орасида ягона бўлган юқори тезликда ҳаракатланадиган “Аfrosiyob” электропоездининг қатнов ҳаракати кенгайиб боряпти. Бугунги кунда пойтахтдан тарихий шаҳарларимизга 6 та ана шундай замонавий поезд қатнови йўлга қўйилган бўлиб, маҳаллий ва хорижлик йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатилмоқда.
Мустақиллик йилларида юк ва йўловчи вагонларини ўзимизда маҳаллийлаштириш дастури асосида қуришга катта эътибор қаратилди. 2001 йилда ташкил этилган “Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамияти томонидан йўловчи вагонларини таъмирлаш ва янгиларини қуриш йўлга қўйилгани фикримизнинг далилидир. “Қуюв-механика заводи” ҳамда “Андижон-механика заводи” шўъба корхоналарида бир неча турдаги юк вагонлари таъмирланиб, янгилари ишлаб чиқарилмоқда. Бу билан темир йўлларда ўзимизда ишлаб чиқарилган юк ва йўловчи вагонлари ҳаракатланишига асос солинди. Импорт ўрнини босган ушбу вагонлар сабаб йилига миллионлаб долларлик валюталарни тежашга эришиляпти.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимида юқори малакали мутахассислар фаолият юритиб, улар учун барча замонавий оғир техникалар мавжуд. Ўтган йиллар давомида оғир саноатда қурилиш ишлари учун зарур қўшимча замонавий техникалар сотиб олинди. Бу эса уларга нафақат соҳа тараққиёти учун, балки республикамизнинг бошқа йўналишларида ҳам самарали бунёдкорликларни ишончли ва сифатли амалга ошириш имконини беради. Шу боис, сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан оғир саноатда масъулиятли қурилиш ишлари, шаҳарсозлик бўйича бунёд этилаётган катта лойиҳалар жамиятга ишониб топширилмоқда. Тармоқ тасарруфидаги “Кўприкқурилиш” трести” унитар корхонаси мутахассислари томонидан олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари халқимиз эътирофига сазовор бўлмоқда. Пойтахт ва ҳудудларда барпо этилаётган замонавий ва маҳобатли кўприклар, йўл ўтказгичлар, Тошкент шаҳрида қурилаётган ер усти ҳалқа метро йўналишлари нафақат аҳолига қулайлик, балки юртимиз чиройига чирой, кўркига кўрк қўшмоқда.
– Маълумки, 2020 йилнинг март ойидан бошлаб бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам “Covid-19” коронавирусининг тарқалиши натижасида нафақат маҳаллий қатновларда, балки халқаро йўналишларда ҳам йўловчи поездлар қатнови вақтинча тўхтатилган эди, – деди, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Йўл хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин УММАТОВ. – Орадан икки ярим йил ўтиб, ҳукуматимиз ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан темир йўл орқали халқаро қатновларни босқичма-босқич тиклаш мақсадида қўшни давлатлар билан олиб борилган ишончли ва самарали ҳамкорлик туфайли йўловчи поездларнинг халқаро қатнови тикланмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 15 май санасидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти “Қазақстан темiр жолы” MK” акциядорлик жамияти билан келишган ҳолда 647/648-сонли Нукус – Бейнеу – Нукус йўналишидаги халқаро йўловчи поездининг қатнови бошланди. 2022 йил 16 майдан бошлаб, Олма-ота-2 – Тошкент – Олма-ота-2 йўналишида 1/2-сонли “Тулпор-Талго” поездининг қатнови ҳам қайта тикланди. 2 ярим йиллик танаффусдан сўнг илк бор Ўзбекистонга қараб йўл олган ушбу поезд 17 май куни соат 11.05да “Тошкент-Марказий” темир йўл вокзалига кириб келди. Таркиби 24 та йўловчи вагондан иборат бўлган мазкур поезд бир томонга ҳаракатланганда 425 нафар йўловчини ўз манзилига етказиб қўйиш имкониятига эга. Жорий йилнинг 21 июнь куни эса Душанбе – Тошкент – Душанбе йўналишидаги халқаро йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилди. Таъкидлаш лозимки, Душанбе – Тошкент – Душанбе йўналишидаги халқаро йўловчи поезди 30 йил ичида биринчи бор мамлакатимизнинг Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидан ўтиб, пойтахтимиздаги “Тошкент-Марказий” темир йўл вокзалига келди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 23 июнидан бошлаб Россия Федерациясининг Самара шаҳрига ҳам йўловчи поезди қатнай бошлади. Унга кўра, 5/6-сонли поезднинг Тошкент – Самара – Тошкент ҳамда Тошкент – Волгоград – Тошкент йўналишидаги халқаро қатновлар ҳам йўлга қўйилди. Юк ташиш соҳасида ҳам мижозлар ва тадбиркорлар учун станцияларда қулай шароитлар яратилди. Станцияларнинг аксарияти янгидан қурилиб, юк ташиш ва мижозларга хизмат кўрсатишда электрон тизим вужудга келди. Бу эса хизмат кўрсатаётган мутахассислар учун ҳам, мижозлар учун ҳам ҳар томонлама қулай муҳитни яратди. Логистика йўналиши ҳам кундан-кунга ривожланиб, юкларни контейнерлар орқали ташишда халқаро мультимодал йўналишлари вужудга келмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг маҳаллий ва халқаро йўналишлардаги транзит юкларни янада кўпайишига сабаб бўляпти.
Албатта, эришилаётган ютуқлар шу соҳа ходимларининг залворли меҳнати маҳсулидир. Бироқ бугун шиддат билан ривожланиб бораётган замонда қўлга киритилган ютуқлар билан кифояланиб қолиб бўлмайди. Янада катта марралар, вазифалар, йирик ва замонавий лойиҳалар устида ишлаш давр талаби, тараққиёт кафолати, халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлиши гаровидир. Шундай экан, бугунги замон нафасини ҳис қилган темирйўлчилар ривожланиш сари илдам қадамлар билан олдинга интилмоқда. Темир йўлларда юк ва йўловчи қатновларини хавфсиз таъминлаган ҳолда тизимда янги бунёдкорликларни бажариш устида изланмоқда. Шу боис, соҳа ходимлари учун ўтаётган ҳар бир йил тарихий бунёдкорликларга бой бўляпти, десак адашмаган бўламиз. Бунда шу соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар бир темирйўлчининг муносиб ўрни ва меҳнати мужассам.







