Қурилиш вазирлигида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги мутахассислари ҳамда вазирлик масъуллари иштирокида семинар бўлиб ўтди. Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош тамойили “Инсон-жамият-давлат” ғояси асосида экан, бу жараёнлар қонунчиликда ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаётгани эътирофга молик.
Хусусан, ўтказилган семинарда ҳам ана шу фикрлар илгари сурилди. Таъкидландики, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 10 та боб ва 64 та моддадан иборат бўлиб, ушбу ҳужжат асосида Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат хизмати органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатлар ягона қонун билан тартибга солинмоқда.
Мулоқотларда барча ташкилотларнинг вакант лавозимлари очиқ ягона электрон платформага жойлаштирилиши, давлат идораларига ишга киришда очиқ-ошкора танлов орқали қабул қилиниши, кадрлар билан ишлаш жараёни электрон тизимга ўтказилиши алоҳида қайд этилди.
“Ҳозирги кунда талаб этилаётган 16 та ҳужжатнинг сўралмаслиги, давлат ташкилотларида салоҳиятли кадрлар кўпайиши ва бюрократияни йўқ қилишга замин яратади”, дейилди семинарда. Шунингдек, қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниб, бунда давлат органларининг асосий вазифа ҳамда ваколатлари ва давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, шунингдек, хизматни ўташ билан боғлиқ чекловлар билан бир қаторда бошқа вазифалар белгиланди.
Жумладан, давлат фуқаролик хизматида қонунийлик, адолатлилик, халққа хизмат қилиш тартиби, давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик, шаффофлик, холислик, профессионаллик ва компетентлик тамойиллари мазкур ҳужжат билан қатъий белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, давлат хизматига киришда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг тенг ҳуқуқлилиги қонунда ўз аксини топган.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенциясини узлуксиз амалга ошириш тартиби қонун асосида белгилаб берилиши бу давлат органларида фаолият олиб бораётган хизматчиларнинг профессионал мутахассис бўлишига катта замин яратади.

