Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлик муносабатлари иқтисодиётнинг турли соҳаларида ривожланиб бормоқда. Хусусан, қурилиш соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам янги босқичга кўтарилиб, Хитой компаниялари томонидан турли даражадаги объектларда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, яқинда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ҳамда Хитойнинг Савдо-саноат палатаси вакиллари, шу жумладан, хитойлик йирик компания вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди. Унда таъкидланганидек, шаҳарсозлик соҳасидаги бундай ҳамкорлик лойиҳалари Хитой миллий қурилиш стандартларини мамлакатимизга жорий этиш имкониятини беради. Шу боис, Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти директори Шерзод Содиқов томонидан айни йўналишда ҳамкорлик қилиш таклифи илгари сурилди.
– Бундай ҳамкорлик ўз навбатида мамлакатимизда шаҳарсозлик норма ва қоидаларини такомиллаштириш, замонавий талабларга мослаштиришда катта аҳамиятга эга, – деди Шерзод Содиқов.
Шунингдек, учрашув давомида ҳамкорларга институтнинг асосий фаолияти бўйича ҳам батафсил маълумот берилди. Мулоқот доирасида вакилларимиз Ўзбекистонда қурилиш соҳасида фаолият юритаётган Хитой компанияларининг шаҳарсозлик нормалари ва стандартлари билан боғлиқ масалалари бўйича фикр билдиришиб, таклиф ва тавсияларини ҳам ўртоқлашдилар.
Якунланган йилда ҳам қатор ҳамкорлик лойиҳалари асосида бир нечта муҳим аҳамиятга эга объектлар барпо этилиб, ишлаб чиқариш корхоналари, зхаводлар ишга туширилди. Хусусан, ўтган йилнинг энг муҳим ҳамкорлик лойиҳаларидан бири сифатида пойтахтимизда барпо этилаётган Олипия шаҳарчасини айтиш мумкин. Хитойнинг CAMC Engineering компанияси билан биргаликда бунёд этилаётган ушбу шаҳарчанинг майдони 100 гектар бўлиб, унда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншооти, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилиши кўзда тутилган. Бу ерда 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган. Қурилишга мингдан зиёд ишчи ва муҳандислар, илғор техникалар жалб қилинган.
Булардан ташқари, Хитойнинг China Energy Engineering Corporation компанияси томонидан Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2 ГВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари, Тошкент вилоятида эса хитой компанияси ҳамкорлигида қуввати 600 МВт бўлган GTES қурилиши, “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форуми доирасида “Ўзбекгидроэнерго” China Southern Power Grid International компанияси ўртасида Бўстонлиқ туманида қуввати 600 МВтга тенг “Юқори Пскем” гидро тўплаш электр станцияси қуриш бўйича шартнома имзоланганини ҳам ҳамкорликдаги алоқаларнинг натижаси, дея айтиш мумкин. Шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг Сиан шаҳрида Хитой Халқ Республикасининг тараққиёт ва ислоҳотлар Давлат қўмитаси, Қирғизистон Республикаси транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги ўртасида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича уч томонлама ҳужжат имзоланиши ҳам шулар жумласидандир.
Хитой билан самарали ҳамкорлик алоқалари жорий йилда ҳам янги босқичга кўтарилиб, янада ривожланиши кутилмоқда. Бу эса юртимизда яна кўплаб иншоотлар барпо этилишидан, янги иш ўринлари яратилишидан дарак беради.



