Бугунги кунга келиб ер юзида иқлимнинг кескин ўзгариб бораётгани, сув ва бошқа табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар республикамизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Буни Орол денгизининг қуриб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу эса иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни юзага келтириб, энг аввало, Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисининг турмуш тарзига катта таъсир қилгани ўтган йилларда минглаб гектар экин майдонлари издан чиққанида ҳам яққол намоён бўлди. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйи минтақасида истиқомат қилаётганларга муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилингани натижасида сўнгги йилларда ижтимоий ва иқтисодий соҳалар ривожланиб, одамларнинг яшаш тарзи ўзгарди.
Мухбиримиз Абдусами ҲАҚБЕРДИЕВнинг Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи Азимжон ҚУРБАНБАЕВ билан қилган суҳбати шу хусусида бўлди.
– Сув ичса дарёси, экин экса уруғи бир халқларимизни қийнаб келган муаммолар босқичма-босқич ҳал қилиниб, ислоҳотларнинг янги даври бошланган. Яъни, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш орқали фуқароларимизнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга астойдил киришилди. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам шу ташаббус бўйича амалий ишлар қилинмоқда. Ташаббус доирасидаги яна бир йил ортда қолди. Бу даврда қурилиш соҳасида ҳам айтса арзигулик ишлар, истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинган бўлса керак.
– Ҳеч бир даврда одамлар учун қулай шароит яратиб бериш ҳамда ижтимоий-иқтисодий масалаларга қатъий ечим топиш юзасидан ҳукумат даражасида Қорақалпоғистон Республикасига бундай эътибор деярли қаратилмаган эди. Келажагимиз истиқболини белгилашга қаратилган “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғоя амалга татбиқ этилгани туфайли ҳаётимиз тубдан ўзгармоқда. Бошқа соҳалар билан биргаликда, ҳудудда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли фаровонлигини янада яхшилаш бўйича янгидан-янги лойиҳалар устида изланишлар олиб борилаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, асосий мақсадимиз – Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Қорақалпоғистонни қуришга ҳаракат қилинмоқда. Бу борада қувонтирадиган янгиликлар жуда кўп.
Халқимизга руҳий мадад бўлаётган қонунлар ижросини таъминлаш учун биринчи навбатда аҳоли талаблари ўрганилиб, 2023 йил ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва туманларида 124 та уй-жой қуриш белгиланган эди. Улардан 29 та кўп қаватли турар жойлар “Янги Ӯзбекистон” (Қонликўл туманида 12 та, Қораўзакда 8 та ва Кегейлида 9 та) массивларида, қолган 95 таси эса тадбиркорлар томонидан бунёд этилиши белгилаб олинган. Қурилиш соҳасини мукаммал ўзлаштиргани ва зарур материаллар ўз вақтида етказиб берилгани натижасида йил охиригача режадаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ўз муддатида қуриб битказилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-465-сонли қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида ижтимоий объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 62 та замон талаби доирасидаги лойиҳаларни амалга татбиқ этиш белгиланган. Жумладан, 12 та мактаб, 1 та ижод мактаби, 8 та мактабгача таълим ташкилоти, 4 та тиббиёт, 1 та олий таълим, 1 та илм-фан, 1 та ичимлик сув тармоғи,10 та автомобиль йўллари ҳамда кўприклар, 23 та ирригация ва мелиорация иншоотлари, 1 та ҳуқуқни муҳофаза қилиш объекти киритилган бўлиб, барчасида ишлар сифатли даражада бажарилди.


