Республикамиз ҳудудларида қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида
14 854 та хонадонлар қурилиши тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Жавоҳирбек Амонов маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармонига асосан, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари
орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг асосий параметрлари тасдиқланган. Хусусан, унга кўра ўтган йилда 100 мингта хонадонли уй-жойлар қурилишини амалга ошириш, “Янги Ўзбекистон” массивларида кўп қаватли уй-жойлар қурилишида иштирок этадиган қурилиш ташкилотларининг айланма маблағларини тўлдириш учун республика бюджетидан маблағ йўналтириш, Ипотека кредити дастури доирасида тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларини республика бюджетидан қайта молиялаштириш, даромади юқори бўлмаган уй-жойга
муҳтож 20 минг нафар фуқарога субсидиялар ажратиш белгиланган.


