Сўнгги йилларда республикамизда ҳар бир соҳада ўзига хос бурилиш даври ясалди. Ҳукуматимиз, айниқса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан инсон манфаатларига, қадр-қимматига бўлган эътибор юксалди. “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ”, “Ташаббусли бюджет” каби лойиҳалар орқали маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ишлари янада жонлантирилди. Давлат ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига маҳаллаларда аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар қўлланилдики, бунинг натижасида энг чекка туманларда ҳам ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Аслини олганда, инсонга яхши яшаши учун кўп нарса керак эмас. Энг аввало, кундалик эҳтиёжлари қондирилишининг ўзи кифоя. Жумладан, электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви, йўл, таълим ва тиббиёт соҳасидаги муаммоларнинг бартараф этилиши турмуш шароитини яхшилашнинг дастлабки босқичларидир. Шу боис республикамизда ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишларни янада жонлантириш, ислоҳ қилиш, замонавий лойиҳаларни жалб этиш орқали янги босқичга олиб киришга эътибор қаратилди. Бир сўз билан айтганда, янгича қадам билан Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришилди. Бу борада аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадига йўналтирилган ишлар кўлами ҳам ҳар доимгидан ортди. Оддий мисол, бундан атиги беш-олти йил муқаддам Андижон вилоятининг сувлашганлик даражаси 67 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 86,9 фоиздан иборат.
– 2017 – 2022 йиллар “Андижон сув таъминоти” МЧЖ учун энг шиддатли даврга айланди, –деди “Андижон сув таъминоти” МЧЖ директори Шуҳратбек Матмусаев. – Сабаби, мана шу йиллар давомида барча манбаалар ҳисобидан 917 миллиард сўм маблағ ҳисобига 3 минг 961 километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, 814 та сув иншоотида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида 588 минг нафар ҳамюртимиз илк бор ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 986 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди.
Марҳамат тумани бундан атиги 6 йил муқаддам, нафақат Андижон вилоятининг, балки республикамизнинг сув таъминоти энг оғир ҳудудларидан бири бўлган. Боиси, 2017 йилда туманнинг сувлашганлик даражаси 42,1 фоизни ташкил этиб, аҳолининг ярмидан кўпида сув муаммоси мавжуд эди. Тўғри, “Андижон сув таъминоти” МЧЖ томонидан ичимлик суви етиб бормаган маҳаллаларга махсус сув ташувчи автомашиналар орқали ичимлик суви етказиб берилган. Бироқ “Қўлдан берганга қуш тўймас” деганларидек, бу аҳолининг кунлик талабини қондиришда ечим бўла олмади. Ҳукуматимиз ташаббуси билан манзилда сув бунёдкорлиги ишларига киришилгач, аҳолининг орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. Бунинг учун туманда 75 миллиард сўмлик истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Натижада 342 километр ичимлик суви тармоғи тортилиб, 35 дона сув иншоотини қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.
– Зар қадрини заргар билади, деганларидек, сувга ташналик нималигини ўз вақтида оби ҳаётга эҳтиёжманд бўлганлар яхши билади, – деди тумандаги “Бобохуросон” МФЙ раиси Таваккалжон Шомуродов. – Бир пайтлар олис масофадан сув ташиб келишимизга тўғри келган. Ариқдаги сувни ичган пайтларимиз ҳам бўлган. Мана, 2016 йилдан буён кўчаларимизда босқичма-босқич қувур тортиш, мавжуд сув иншоотини таъмирлаш ишлари бажарилди. Ҳозирга келиб, ҳар бир хонадонга сув жўмраклари ўрнатилган. Маҳалламиз юз фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланган.
Жалақудуқ туманининг номи гарчи сув билан боғлиқ бўлсада, бироқ ичимлик суви таъминотида муаммолардан холи эмас эди. Ҳудудларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг қарийб, 25-30 йиллик муаммолари ижобий ечим топди. Ҳозирда таъминланиш даражаси 58,1 фоиздан 82,4 фоизга етказилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадр-қимматига бўлган эътибор ифодасидир. Бунинг натижасида 30 йилдан буён тоза ичимлик суви муаммоси гирдобида қолган “Янги сор” МФЙ аҳолиси амалга оширилган сув бунёдкорлигидан ниҳоятда мамнунлар. Боиси, ҳудуднинг салкам 5 минг нафар аҳолиси тўлиқ сув билан таъминланди. Мавжуд 11 та кўчада жойлашган 910 та хонадоннинг ҳар бирига сув жўмраклари ўрнатилди.
– Бундан атиги бир йил олдин ҳам маҳалламизда сув бўлмаганлиги боис ер ости сувидан фойдаланишимизга тўғри келган, – деди шу манзилда истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Неъмат ака Аҳмадалиев. – Афсуски, бу сув истеъмолга яроқсиз бўлиб, турли қўлбола мосламалар орқали тортиб олардик. Таркибида инсон соғлиги учун зарарли бўлган моддалар мавжудлиги боис, буйрак билан боғлиқ касалликлар келиб чиққанлиги ҳам рост. Ҳозир эса шароитимиз бошқача! Тоза ичимлик сувининг таъми барибир яхшида! Яратилган шароитларни кўриб, сув қурилиши ишларига бош-қош бўлганларни, қурувчиларни дуо қилиб ўтирибмиз.
Тан олиш керак, Андижон вилоятида нафақат туманларда, ҳатто вилоят маркази бўлмиш Андижон шаҳрининг ўзида ҳам тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди. Айтиш жоиз, ушбу ҳудуд вилоятдаги энг истеъмолчилар кўп манзил ҳисобланади. Бу эса “Андижон сув таъминоти” МЧЖдан хизмат кўрсатиш сифатини таъминлаш билан бир қаторда ҳудудни сувлаштириш ишларини ҳам кўнгилдагидек амалга оширишни тақозо этади. Айниқса, сўнгги йилларда 53 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 107 минг нафар ҳамюртимизнинг хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланганлиги қувонарли, албатта. Бундан табиийки, истеъмолчилар миннатдор!
– Авваллари жуда қийналганмиз, – деди “Уйғур” МФЙдаги “Ободлик” кўчасининг 11-уйида истиқомат қилувчи Саидахон Ибрагимова. – Айниқса, ёз фасли келди, дегунча, сув бўлмас эди. Хўжалик ишлари учун ариқдаги сувдан фойдалансак, истеъмол учун дўкондан сотиб олишимизга тўғри келарди. Айрим қишлоқлардаги сув таъминотини кўриб, ҳавас қилган пайтларимиз ҳам бўлган. Бугунги кунга келиб, сув ташиб келишлар ортда қолди. Шундоққина уйимизнинг ичига сув жўмраклари ўрнатилди. 24 соат давомида таъминот узилмайди. Шароит яхши бўлганлиги боис фойдаланилган ичимлик суви учун тўловни ҳам оғринмай, ўз вақтида тўлаб боряпмиз.
Андижон вилоятида бу каби саъй-ҳаракатлар бир сония бўлсин тўхтагани йўқ. Зеро, аҳолига намунали хизмат кўрсатиш орқали мамлакатимиз ижтимоий ҳаётини тубдан ўзгартириш мумкин. Шу боис, хайрли ишлар келгусида янада кенг миқёсда амалга оширилиши кўзда тутилган.

