Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан Янги Ўзбекистон ҳамкорлик ҳафталиги доирасида ўтказилган илк тадбир “Бош режаларнинг бугуни ва келажаги. Ривожланишдаги янги ёндашувлар” мавзусидаги давра суҳбати бўлди. Уч сессиядан иборат семинарда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг қурилиш соҳасига дахлдор вакиллари иштирок этиб, шаҳарсозликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Хусусан, шаҳарсозликни ривожлантириш ва бош режаларни ишлаб чиқишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ва имкониятлари кўриб чиқилди.
Семинарни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Даврон Aдилов очиб берди. Вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикасида қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг ривожланиш суръатлари ҳақида маълумот берди.
– Мамлакатимизда қурилиш ишлари кўлами йил сайин ортиб бормоқда, – деди вазир ўринбосари Даврон Aдилов. – Жумладан, республикада жами қурилиш ишлари ҳажми 2020 йилда 88 трлн сўмни, 2021 йилда эса 108 трлн ва 2022 йилда эса 131 трлн сўмни ташкил этди. Сўнгги йилларда қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш бўйича 27 та Президент ҳужжати ва 24 та Ҳукумат қарори қабул қилинган. Бундан ташқари, “Шаҳарсозлик кодекси”нинг янги таҳрири қабул қилинди. Шунингдек, 2021-2025 йилларда қурилиш тармоғини модернизация қилиш ва инновацион ривожлантириш бўйича стратегия ва йўл харитаси тасдиқланди. Мамлакатимизда ўтган 6 йил давомида шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари бўйича жами 1 370 та шаҳарсозлик ҳужжатлари, шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида жами 1944 та аҳволи оғир маҳаллаларнинг бош режа схемалари ишлаб чиқилди. Жорий йилда яна 225 та шаҳарсозлик ҳужжатлари, жумладан, 11 та шаҳар ва 50 та шаҳарчалар бош режалари, 42 та ҳудудларнинг мастер режалари ҳамда 122 та қишлоқларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, республикада биринчи маротаба жойлаштиришнинг бош схемаларини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу масалада бош схемаларни ишлаб чиқиш бўйича малакали ва тажрибали кадрларга талаб мавжуд. Шу сабабли, шаҳарсозлик соҳасида фаолият юритган хорижий тажрибага эга мутахассисларни маслаҳатчи сифатида бош лойиҳа институтларига жалб қилиб келмоқдамиз.
Таъкидлаш лозимки, соҳага замонавий нормалар ва технологияларни татбиқ қилиш мақсадида, илғор хорижий давлатлар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мисол қилиб келтирадиган бўлсак, сейсмика ва зилзилага оид норматив ҳужжатлар бўйича Япония билан ҳамкорлик қилинмоқда. Қурилиш нормаларини геология, табиий-иқлим ва сейсмик хусусиятларни инобатга олган ҳолда хорижий нормалар билан уйғунлаштириш бўйича Жанубий Корея билан ҳамкорликда эксперт-консультантлар жалб этилган.
Шунингдек, тадбирда Буюк Британиянинг “Беной” компанияси ижрочи директори Джон Доус “Бош режаларни ишлаб чиқишда муваффақиятли ва нотўғри қарорлар” мавзусида нутқ сўзлади. Тажрибали мутахассис шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, бош режаларни лойиҳалаштиришдаги замон билан боғлиқ талаблар, бу борадаги хорижий кейсларнинг қиёсий таҳлили, натижадорлик кўрсаткичларга тўхталиб ўтди.
Семинарнинг иккинчи қисмида вазирликнинг Aрхитектура бошқармаси бошлиғи Ш.Aтажанов соҳада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан мулоҳаза юритди. Таъкидланганидек, ўтган 6 йил вақт давомида қурилиш соҳасида 537 та техник норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва 255 та ШНҚ, 9 та техник регламент, 273 та стандарт янгиланди. Бундан ташқари, биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга оид 10 та норматив ҳужжат Европа стандартлари асосида такомиллаштирилди.
Шунингдек, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда “ҳажм” услубидан фойдаланиш амалиёти жорий қилинмоқда. Эксперимент тариқасида 2024 йил дастурига киритилган айрим ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларида “ҳажм” услуби қўллаш режалаштирилган ҳамда ушбу усулларни жорий қилиш бўйича тегишли норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Эксперимент натижаси бўйича “ҳажм” услубини қурилишнинг бошқа соҳалларига қўллаш ҳамда қурилиш объектларининг умумий сонида ушбу услуб улушини 2025 йилда 50 фоизгача етказиш кўзда тутилган.
Семинар доирасида Нидерландиянинг шаҳарсозлик бўйича мутахассиси – Жаҳон банки маслаҳатчиси Барт Мускенс мамлакатимизда ўрта шаҳарларни ривожлантириш мавзусида тақдимот ўтказди. У Ўзбекистон аҳолисининг сони ўсиб бориши шароитида ва қишлоқ жойларидан иш ўринларининг катта қисми яратилаётган шаҳарларга унинг миграцияси ортиб бориш тенденциясини ҳисобга олганда республиканинг иқтисодий ривожланишида урбанизация тобора муҳим роль ўйнаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан урбанизациянинг комплекс ривожланишида шаҳарларнинг, жумладан, ўрта шаҳарларнинг муҳим иқтисодий марказлар сифатида бир маромда кенгайишига аҳамият бериш лозимлигини таъкидлади.
Халқаро ҳафталиги доирасида ўтказилган кейинги тадбир – “Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган қиёфаси” мавзусидаги анжуман бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутасаддилари, Жанубий Кореянинг “DL E&C” компанияси вице-президенти Жанг Минсу, “Murad buildings” компанияси асосчиси Мурод Назаров ва бир қатор соҳа мутахассислари иштирок этишди. Анжуман иштирокчилари ўз тақдимот ва фикрлари билан ўртоқлашиш баробарида жўяли таклифлар ҳам беришди.
– Яқиндагина 800 млн долларлик Туркиядаги Чаноқ қалъа лойиҳасини битирдик, – деди Жанг Минсу. – Маблағ бор, аммо қайси лойиҳага пул тикиш ҳақида ўйлаяпмиз. Катта лойиҳага қўл урмоқчимиз. Билишимча, ҳид чиқараётгани сабабли канализацияни шаҳар ташқарисига чиқаришмоқчи экан. Менимча, бу унчалик тўғри фикр эмас. Чунки 10 йилдан кейин шаҳар ташқариси ҳам ҳозиргидек ҳолга тушса, кейин яна кўчирасизми?!. Фикримизча, шаҳар учун энг муҳим нарса айни вақтида қилинган инновация деб ўйлайман. Бу муаммони кўчирмасдан ҳам ҳал қилиш мумкин.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон инвесторлар учун очила бошлагандан бери малакатда қурилиш ҳажми кескин кўпайгани эътиборга молик. 1991 йилдан 2016 йилгача 2000 га яқин қурилиш пудрат ташкилоти фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 40 мингдан ошиб кетди. Бу жуда катта рақам. Урбанизация ҳисобига аҳоли сонининг ортиши, инфратузилма тармоқларидаги ҳаддан ташқари юкламалар, транспортлар ҳаракатидаги тирбандликлар, чанг, тутун-буғларнинг кўпайиши каби бир қатор омиллар шаҳарлар майдонларини кенгайтиришни, одамлар яшаши учун қулай шароитга эга яшил шаҳарлар қуришни тақозо этаяпти.
– Бир нарсани яхши тушунишимиз керакки, биз қурилиш соҳасида янги давр сари қадам қўймоқдамиз, – деди “Murad buildings” компанияси асосчиси Мурод Назаров. – Ҳозирги қурилишлар хамир учидан патир. Ўрганиш ва кузатишларимиз асосида шуни айтишим мумкинки, энг катта лойиҳалар даври энди бошланади. Чет эллик инвесторлар сонининг ошиши ҳисобига маҳаллий инвесторлар учун ҳам шерикчилик муҳити пайдо бўлади. Бу қулай имкониятга барчамиз тайёр бўлишимиз керак.
Дарҳақиқат, биргина 2023 йилнинг ўзидаёқ 90 мингта уй-жой қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Бу борада икки йил аввал бошланган имтиёзли шартлар асосида ипотека кредитлари бериш ишлари йўлга қўйилди. 2023-2027 йилларга мўлжалланган республика шаҳар, шаҳарчаларнинг бош режалари ҳамда қишлоқ (овуллар) аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича дастур шакллантирилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023 –2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор лойиҳаси тайёрланиб, тасдиқлаш учун киритилган. Ушбу дастур асосида 2023-2027 йилларда 27 та шаҳарларнинг бош режаларига (корректура) тузатиш киритилади, 217 та шаҳарчаларнинг бош режалари ва 518 та қишлоқлар аҳоли пунктлари ҳудудларининг шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш тархлари ҳамда батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган.
Шунингдек, ҳафталик доирасида “2023 – 2028 йилларда Ўзбекистонда қурилиш бозорини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг қурилиш ва коммунал соҳасига дахлдор вакиллари иштирок этиб, соҳани ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Мазкур тадбирда даставвал, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов маъруза қилди. У Ўзбекистон Республикасида қурилиш соҳасининг ривожланиш суръатлари, хусусан, модернизация жараёнлари, рақамлаштириш босқичлари ҳақида батафсил тўхталди.
– Ўзбекистонда қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг стратегияси тасдиқланган бўлиб, шаҳарсозлик соҳасидаги эскириб қолган норматив ҳужжатларни замонавий жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш қатъий белгилаб олинган, – деди Шерзод Ҳидоятов. – Жумладан, “Uzbekistan building code” модернизацияси орқали бир қанча аниқ мақсадлар кўзда тутилмоқда. Мазкур модернизация жараёнлари учун Корея қурилиш технологиялари институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, ушбу ишларни мувофиқлаштириш учун 2022 йилда Вазирлик ҳузурида Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Бугунги кунда институтда 80 дан ортиқ қурилиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш бўйича илмий ходимлар ҳамда малакали мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, қурилиш объектларида назорат жараёнлари электронлаштирилиб, барча маълумотлар автоматик тарзда шакллантирилаяпти.
Тадбир давомида Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти директори Шерзод Содиқов шаҳарсозлик соҳасидаги янгича тизим, такомилига етказилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, ШНҚ ва ҚМҚ талаблари, илғор хориж тажрибаси ва технологияси жорий этилган лаборатор илмий тадқиқот жараёнлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, рақамлаштириш ҳар бир соҳада инсонларсиз бошқарув тизимини йўлга қўйиш орқали коррупцияни камайтириши, солиқ тушумларини “ақлли” шартномалар тузиш орқали кўпайтириш, бюджет харажатларининг очиқлигини ошириши ҳамда ягона электрон платформа орқали хизматлар кўрсатиш имкониятини бериши айтиб ўтилди.
Шунингдек, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими директори ўринбосари Шуҳрат Ҳамдамов дастурий мажмуанинг асосий модуллари ҳақида тақдимот ўтказди. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда қурилиш ва лойиҳа ташкилотларининг рейтингини аниқлаш тизимига республикада фаолият юритаётган 22 мингдан ортиқ ташкилот киритилган. Мазкур ташкилотларнинг рейтинги унинг моддий-техник базаси, рақобатбардошлиги, кадрлар сиёсати, молиявий кўрсаткичлари, соҳа мутахассисларининг иш тажрибаси каби бир неча муҳим факторларни инобатга олган, шунингдек, масъул давлат органларидан маълумотларни онлайн тартибда автоматлаштирилган ҳолда шакллантирилиб борилади.
Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг “САМСЕ” компаниясининг мамлакатимиздаги бош вакили Гуо Зи-Жие, Корея Республикаси “DL E&C” компанияси вице-президенти Жанг Минсу каби хорижлик мутахассислар ҳам сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилаётган янгиликлар ҳақида гапиришди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳафталик доирасида ўтказилган тадбирлар, семинар ва учрашувларда муҳокама қилинган мавзулар келгусида юртимиз қурилиш соҳасини янада ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади деган умиддамиз.

