|

|

2026 йил 20 Май, Чоршанба
spot_img

Ислоҳотлардан илҳом олган жамоа

Муҳим хабарлар

Абдусами Ҳақбердиев
Абдусами Ҳақбердиев
Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. 1984 йилдан республика миқёсидаги матбуот нашрларида турли лавозимларда ишлаган. “O‘zbekiston bunyodkori” газетасида 2020 йилнинг сентябрь ойидан эътиборан бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Бугун ҳар қандай киши Ўзбекистонни қурилиш майдонига ўхшатиши турган гап. Аслида ҳам шундай бўляпти. Бўлганида ҳам айни юртдошларимиз орзу қилганидек.

Давлатимиз раҳбари Президентлик лавозимига киришган дастлабки кунлариданоқ халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, мамлакатимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда халқнинг розилигини таъминлаш энг муҳим мақсад ва вазифа этиб белгилангани тўғрисида бугун ҳар қанча гапирса, ёзса арзигулик. Муҳими, бу ишлар асло тўхтаб қолган эмас. Президентимиз томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинаётган ҳар бир фармон ва қарорлар, у кишининг бевосита ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар юртдошларимизда эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлаш баробарида, ҳар бир фуқарони мазкур жараёнларда иштирок этишга илҳомлантирмоқда.

Халқимиз ҳам ўзининг меҳнатсеварлиги, тадбиркорлиги билан юрт равнақи, фаровонлиги йўлида астойдил жонбоз­лик кўрсатмоқда. Хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган кишиларга яратиб берилаётган шароит ва имтиёзлар шижоати бор, ташаббускор юртдошларимизни асло бефарқ қолдирмаётир. Улар ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, юртдошларига наф келтиришга ҳаракат қилишмоқда.

Ана шундай ташаббускор юртдошларимиздан бири Исроилжон Комиловдир. У Андижон вилоятидаги туман ҳамда шаҳарларнинг бугунги қиёфаси тубдан ўзгаришига, йиллар давомида уй-жой орзусида юрган кишиларнинг армонлари рўёбга чиқишида муносиб ҳисса қўшаётган, эл дуосини олаётган тадбиркорлардан.

Инсон оилада қандай камол топса, келажакда ҳам ана шу каби йўл тутиши турган гап. Ёшлигидан ҳаётга теран кўз билан қараган, меҳнатда чиниққан тадбиркор мактаб, сўнгра олий ўқув юртини тугатгач, мустақил иш фаолиятини Чирчиқ шаҳридаги қурилиш ташкилотларидан бирида муҳандис вазифасидан бошлаган.

Чирчиқ шаҳрида соҳани мукаммал ўзлаштирган И. Комилов Андижоннинг Бўстон туманида қурилиш ташкилоти раҳбари этиб тайинлангач, билдирилган ишончни оқлаб, шу ерда кўплаб бунёдкорлик ишларини амалга оширди. Кейинроқ эса тадбиркорларга яратилаётган шароитлардан фойдаланиб, “ZIYO–2002” масъ­улияти чекланган жамиятига асос солди. Шу пайтда айрим оғзига кучи етмаганлар, ”Кўрамиз, ҳеч вақоси йўқ бу бола узоққа бормайди”,  дейишди. Бундай гап-сўзлар тадбиркорни шаштидан қайтаролмади. Аксинча, маҳалласи ва ён-­атрофдаги ишдан қочмайдиган, серғайрат ёшларни ўз ёнига олиб, ишга киришди. Айниқса, Андижон вилоятидаги кўп тармоқли болалар тиббиёт марказининг замонавий лойиҳа асосида қуриб битказилган биноси нафақат уни, балки  бошчилигидаги корхона жамоасини ҳам кўпчиликка танитди.

Бугун қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан шуғулланаётган корхоналар жуда кўп. Шунга қарамай, кимнинг ким эканини бажарган ишининг сифатига қараб, буюртмачи белгилайди, излаб топишга ҳаракат қилади. “ZIYO–2002” МЧЖ жамоаси қисқа вақт оралиғида турдош корхоналар орасида ўзига хос нуфузга эришишида ишчи-хизматчиларнинг меҳнатга виждонан ёндошуви ҳамда объектларни муддатидан аввал, ишларни эса сифатли қилиб бажаришлари мужассам. Шу боис ҳам жамиятга буюртма берувчиларнинг сафи кенгайиб бормоқда. Масалан, Бўстон туманидаги 23-сонли умумтаълим мактабининг янги биноси, Шаҳрихон туманидаги 3-сонли мактабгача таълим ташкилоти, вилоят марказидаги перинатал марказ биноси қурилиши, “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” Давлат дастурлари доирасида Олтинкўл, Балиқчи туманларида бажарилган бунёдкорлик ишлари ва бошқа яна кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Буларнинг барчаси жамоанинг кейинги йилларда амалга оширган ишларидан бир қисми, холос.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан вилоят марказида “Янги Андижон” шаҳрини қуришга киришилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Аммо бунёдкорларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бу ерда кўп қаватли бинолар, ижтимоий объектлар ва бошқа қурилишлар кун сайин кўкка бўй чўзмоқда.  “ZIYO–2002” МЧЖ ишчилари ҳам ана шу жараёнларда фаол иштирок этишмоқда. Хусусан, бу ерда бун­ёд этилаётган 7 қаватли 2-3 хонали турар жой биноси қурилиши уларга ишониб топширилган. Айни пайтда асосий ишлар уддаланиб, ички пардозлаш ҳамда коммуникация тармоқларини ўтказиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Исроилжон Комиловнинг айтишича, ишчи-ходимларнинг асосий ютуқларидан бири – тикланаётган ҳар қандай бинода маҳаллий материаллардан самарали фойдаланишга эътибор қаратилаётганида. Бунга қатъий амал қилишлик натижасида сифат даражаси ортиб, харажатларнинг сезиларли иқтисод қилинишига ҳам эришилмоқда.

Алоҳида эътироф этиш зарур бўлган бир қатор жиҳатлар бор. Хусусан, корхонада ёшларни қурувчилик касбига ўргатиш мақсадида устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилган. Шу мақсад билан ҳаракат қилаётган Ҳабибулла Алибоев, Абдураҳим Ҳожимуродов, Хайрулла Турғунов, Бекмурод Тўланбоев каби усталар ёш ишчи-ходимларга намуна бўлишяпти. Айни пайтда ҳудуддаги кам таъминланган, камбағаллик даражасига тушиб қолган оилалардаги ёшлар корхонага жалб қилиниб, уларга иш ўргатиляпти. Шу билан бирга, жорий йил жамият ҳисобидан Андижон шаҳридаги бешта хонадон таъмирлаб берилди. Байрамларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган бир нечта оила қўллаб-қувватланяпти.

Жамоанинг юрт ободлиги, қурилиш ва бошқа ишларда қўшаётган муносиб ҳиссаси бор. Бундай ютуқларга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди, унинг замирида ишчанлик, жамоада соғлом муҳит ва аҳиллик, қолаверса, эртанги кунга ишонч мужассам.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img