Касблар орасида қурувчидек шарафли, кўпчиликнинг дуосини оладиган, изиллаган совуғу, жазирама кунларда ҳам ўз вазифасига бир хилда киришадигани топилмаса керак. Бундай бағрикенг, шижоатли кишиларнинг бугунги кунда амалга ошираётган ишлари айниқса, барчамизни ҳайратга солмоқда. Рости ҳам, бироз аввал ташландиқ ҳолга келиб қолган жой ўрнида осмонўпар кўп қаватли бинолар ёки ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган завод-фабрикалар, маъмурий бино-ю, мактаб ва болалар боғчалари, спорт майдонлари, қинғир-қийшиқ кўчалар замон талабига мослаштириляпти.
Бундай эврилишларнинг мазмун-моҳияти сўнгги йилларда республикамизда ўтаётган ислоҳотлар билан боғлиқ. Зеро, унинг шарофати билан фуқароларимиз ишчанлик ва тадбиркорлик қилиб, фаровонлигимизни янада ошириш ҳамда улғайиб келаётган баркамол авлод бизданда яхши яшаши учун ҳаракат қилишга ўрганди. Қалбида ана шундай мақсадни жойлаб бунёдкорлик ишларига киришганлардан бири, Хоразм вилоятида яшовчи Умидбек Қурязовдир.
Урганч давлат университетининг иқтисодиёт факультетини тугатгач, ҳеч иккиланмасдан қурилиш ташкилотида иш бошлади. Иқтисод билан қурувчилик соҳасини бирга олиб боришининг сабаби бор. Кўп йиллар бунёдкорлик ишларида катта тажриба тўплаган отасидан касб сирларини мукаммал ўзлаштирганди. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнларида асқатди ва билмаганларини тажрибали қурувчилардан ўрганиб борди. Бўш вақтларида қурилишдаги айрим оғир меҳнатни қандай қилиб енгиллатиш ва енгил конструкцияли материаллар устида изланди, лойиҳалар чизиб, отасининг фикрига қулоқ тутди. Кейинчалик падарибузрукворининг тавсияси билан “Хонқа тараққиёт қурилиш” хусусий корхонасини ташкил қилди.
Тендерларда фаол қатнашиб, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида туманларда қурилиши режалаштирилган намунали уйлардан бир нечтасини қуришни қўлга киритиб, уларни бунёд этишда сифат ҳамда тежамкорликка эътибор қаратди. Қурилиш жараёнида лойиҳачиларга айрим таклифларини айтиб, ўзгартиришлар киритишга эришди. Иқтидорли ёш мутахассиснинг ишлари бир неча бор вилоят раҳбарияти томонидан эътироф этилди. Натижада буюртмачилардан кўплаб таклифлар тушадиган бўлди.
Хонқа ва бошқа туман ҳамда шаҳарлардаги ичимлик сув тармоқларини замон талаби даражасида реконструкциялаш ишларини пухта бажаргани корхона жамоасини шу соҳа бўйича катта тажрибага эгалигини кўрсатди. Ишчи-хизматчиларнинг Хонқа туманида мактабгача таълим ташкилоти, битта 650 ўринли умумий ўрта таълим мактабини тўлиқ реконструкциялаш ва 330 ўринли қўшимча синфхоналар қуришдаги ҳаракатлари ҳам бу ерда истиқомат қилаётган фуқароларни хушнуд этди.
Шу кунларда корхона жамоаси зиммасига катта масъулият юкланган. Улар туманнинг “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этаётган “Янги Ўзбекистон” массивида 5 қаватли, 2 подъездли 2 та турар жой биносини бунёд этишлари керак. Аҳил ва тажрибали жамоанинг ҳаракати туфайли мазкур бинолар кундан-кунга кўкка бўй чўзмоқда. Иншоотларни тиклаш жараёни турдош корхоналарникидан катта фарқ қилади. Яъни, жамоа қурилиш соҳасида японияликларнинг тажрибасини қўлламоқда. Унга кўра, тикланаётган ҳар бир қаватдаги ишлар биратўла тўлиқ бажарилади. Масалан, биринчи қаватдан уй олган киши бошқа қаватлар битишини кутиб турмасдан, ўз уйига кириб яшайвериш имкони яратилмоқда. Бундай усул хонадон эгаларига қулайликлар яратиш баробарида, қурувчиларнинг масъулиятини янада оширяпти. Чунки биринчи навбатда уни сифатли ва тезроқ битириш бўлса, ишларни бажариш пайти турли ҳолатлар келиб чиқиши ҳам мумкин. Кўнгилсизликлар бўлмаслиги учун кунни тунга улаб ишлаётган 70 нафардан ортиқ бунёдкорлар бу борада ҳам зарур чораларни кўришмоқда.

