Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрда “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, жамоатчилик фикри ва аҳоли истаклари асосида 2023-2025 йилларда мамлакатнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури қабул қилинган.
Ушбу дастур асосида Бухоро вилоятида ҳам жорий йилда ижтимоий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва зарур инвентарлар билан жиҳозлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Хусусан, жорий йил якунига қадар фақатгина таъмирталаб ёки янгидан қурилиши зарур бўлган умумтаълим мактабларини олсак, таълим даргоҳлари қатнов қувватини 4 минг 598 ўринга кенгайтирилиши режалаштирилган. Шундан, 3 минг 834 ўқув ўрнига эга бино-иншоотни янгидан қуриш, қолганларини мукаммал таъмирлаш, давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида 200 ўринли ётоқхона қуриб фойдаланишга топшириш, қолаверса, чекка ҳудудлардаги мактабларга 3 та спорт зали барпо этиш ва жиҳозлаш учун умумий қиймати 74 миллиард 983 миллион сўм маблағ ажратилмоқда.
Юқоридаги қарор асосида вилоят шаҳар ҳамда туманларида жорий йилда яна ўндан ортиқ мактабгача таълим муассасаси, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий соҳа иншоотларини янгидан қуриш кўзда тутилмоқда. Ушбу қарор ижроси билан танишиш мақсадида вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ромитан ва Пешку туманларидаги қурилиш-бунёдкорлик иншоотлари билан танишди.
Дастлаб Ромитан тумани марказида қурилаётган 3-сонли умумтаълим мактабининг қўшимча ўқув биноси бориб кўрилди.
– Асосан рус тилида ўқитишга ихтисослашган бу таълим даргоҳи 2007 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда мукаммал таъмир ва қўшимча ўқув биносига муҳтож эди, – деди туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Хайрулла Зикруллаев. – Негаки, 150 ўринли мактабда таҳсил олаётган ўқувчилар сони якунланган ўқув йилида 376 нафарга етди ва бу таълим даргоҳини замонавий андозада кенгайтиришни тақозо этарди. Шу боис, давлат инвестиция дастури асосида бу манзилда 210 ўринли мактаб қурилиши бошланди.
Икки қаватли мазкур лойиҳа қиймати 2 миллиард 450 миллион сўм қилиб белгиланган. Ҳозирда пудратчи томон тажрибали қурувчи Ўктам Рамазонов бошчилигидаги “Парвоз комфорт” МЧЖ бунёдкорлари жонбозлик кўрсатмоқда. Айни кунда бинонинг иккинчи қаватини тиклаш, ғишт териш ишлари давом эттирилмоқда. Қурувчилар режа-графикка биноан, иншоотни 15 августгача тўлиқ қуриб битказиб, фойдаланишга топширишни мақсад қилишган. Мактаб директори Нигора Латипованинг айтишича, талаб даражасида жиҳозланадиган таълим даргоҳи моддий-техник имкониятлари яхшиланиши ҳисобига ўқув жараёни бир маҳалга ўтказилиши мумкин. Бу эса ўқувчилар учун ҳам қулайлик яратади. Қолаверса, бунда ёш авлодга сабоқ бераётган ўқитувчи- педагоглар сонини янги ўқув йилидан 33 нафардан 43 нафарга ошириш кўзда тутилган.
Ўрганишлар Пешку туманининг “Чибоғони” МФЙдаги 43-мактаб ҳамда “Сўсана” МФЙдаги 31-сонли мактабгача таълим ташкилотида давом этди. 43-сонли умумтаълим мактабининг 160 ўринли биноси мустақилликнинг дастлабки йилларида қурилган бўлиб, бугунга келиб муассасада таҳсил олаётган ўғил-қизлар сони 300 нафарга етган. Боз устига, бунда спортсевар ёшлар учун ҳеч қандай шароит мавжуд эмас эди. Юқоридаги қарор туфайли мактаб ҳудудидан 180 ўринли қўшимча ўқув биноси ва 12 метрга 24 метр ўлчамдаги спорт залини қуришга қарор қилинди. Мазкур лойиҳа амалиёти учун инвестиция дастури асосида умумий қиймати 4 миллиард 227 миллион сўм маблағ молиялаштирилган.
– Бинонинг қурилишини жорий йилнинг 20 апрелида бошлаган бўлсак, бугунга келиб икки иншоот молиявий манбасининг 47 фоиз маблағини ўзлаштирдик ва лойиҳада кўрсатилган объектнинг 70 фоизини тўла-тўкис қуриб битирдик, – деди пудратчи “Раҳмон Жамшид қурувчи” МЧЖ раҳбари Раҳмон Эшов. – Ҳозирда жамоамизнинг 40 дан ортиқ ишчи-мутахассиси кўмагида ўқув биноси томини ёпиш, спорт зали деворини кўтариш, ғишт териш ишларини давом эттиряпмиз. Умумий лойиҳани фойдаланишга топшириш муддати шу йил 20 сентябрга мўлжалланган бўлишига қарамасдан, биз жамоамиз билан келишган ҳолда икки иншоотни бир ой бурун қуриб битказишни, қолаверса, мактаб атрофини ободонлаштиришни мақсад қилганмиз.
Шу каби иш жараёнини “Сўсана” МФЙдаги 31-сонли болалар боғчаси қурилишида ҳам кўриш мумкин. Қарийб ярим гектар майдонни эгаллаган эски ва яроқсиз чўпкори иморат ўрнида бугун пишиқ ғиштдан икки қаватли, замонавий мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилмоқда. Бу лойиҳанинг умумий қиймати инвестиция дастури асосида 4 миллиард 300 миллион сўмга молиялаштирилган. Яқин ойларда ушбу муассаса маҳалла аҳолисининг 120 дан ортиқ жажжи фарзандини ўз бағрига олади. Айни пайтда бу ерда Толиб Икромовнинг МЧЖ шаклидаги “Бобир Азамат Темир” пудрат корхонасининг ўттиздан ортиқ ишчиси меҳнат қилмоқда. Қурувчининг айтишича, бугунга келиб иншоотнинг 30 фоиздан ошиқ қисми битган ва бунда 1 миллиард 300 миллион сўмлик иш бажарилган. Мактабгача таълим ташкилоти биносини шу йил 1 сентябрь кунига қадар сифатли барпо этиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими томонидан мавжуд камчиликлар юзасидан масъулларга тегишли тавсиялар берилди. Жумладан, ўрганишлар давомида иншоотлар қурилишининг сифатига эътибор қаратиш, замон талабидан келиб чиқиб, аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, объектлар ҳудудини ободонлаштириш каби юмушлар шулар жумласидандир.

