Қурилишда ҳам бошқа соҳаларда бўлгани каби бир қанча босқич мавжуддир. Шубҳасиз, лойиҳа ишлаб чиқиш ва унинг экспертизаси каби жараёнлар қурилишнинг қисмидир. Таъкидланганидек, ҳар бир қурилиш ишлари бевосита лойиҳа ҳужжатлари асосида олиб борилади. Демак, иншоот қурилишида даставвал лойиҳа-конструкторлик ишлари олиб борилади ва бино учун лойиҳа тайёрланади. Бўлажак лойиҳа асосидаги бинога қўйиладиган талаблар узоқ йиллик фойдаланишга яроқлилик ва хавф-хатар ҳолатларидан кафолатланганлигидир.
Соҳалар ичида энг қадимий ва нафис соҳалардан бири бу архитектурадир. Архитектура қурилиш санъатининг олий даражаси, бироқ ҳар қандай қурилишни ҳам архитектурага тенглаштириш ёки ўхшатиш мумкин эмас. Чунки қурилиш жуда кенг қамровли сўз бўлиб, архитектурага мос бўлмаган айрим соҳаларни ҳам ўз ичига олади. Масалан, темир йўл қурилиши, ер ости қувурлари ёки шахталар қурилиши ва ҳоказо. Демак, ҳар қандай қурилиш ҳам архитектура бўлолмайди, лекин ҳар қандай архитектура негизида авваламбор қурилиш ётади. Қурилишнинг архитектурага айланиши учун у юқори даражадаги санъат намунаси ёки асари тарзида яратилиши керак. Архитектурани инсон амалий фаолиятининг бошқа турларидан, шу жумладан, қурилишдан фарқи шундаки, у фойдалилик масалаларидан ташқари муайян тарихий, ижтимоий-маънавий муҳит, давр эҳтиёжларини қондирувчи мафкуравий ва бадиий эстетик вазифаларни ҳам бажаради.
2016 йил ташкил топган “Gold project serviCE” лойиҳа ташкилоти ҳозирда Жиззах вилояти ҳудудидаги қурилган бино-иншоотларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланиб келмоқда. Айтиш жоизки, корхона томонидан тайёрланаётган конструкция ва лойиҳалар аҳолининг ижтимоий ҳимояси, фаровонлигига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси объектлари, Тошкент шаҳар “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятига қарашли бино-иншоотлар, шунингдек, Сирдарё ва Самарқанд вилоятидаги бир қанча хизмат кўрсатиш объектлари лойиҳалаштирилган.
Корхонада 16 та доимий ишчи фаолият олиб бормоқда.
– Ўзим Жиззах политехника институтининг Бино ва иншоотлар қуриш факультетини тугатганман, – деди корхона раҳбари Ислом Тўйчиев. – Қурилиш соҳасидаги фаолиятим бевосита ушбу институтда ўқиган даврим билан боғлиқ. Мазкур олий ўқув юртини тамомлаб, иш фаолиятим давомида амалиётимни оширдим. Бунинг натижасида ундан кейинги йилларда ўзимнинг лойиҳалаш ишларига ихтисослашган корхонамни ташкил этдим. Ҳозирда корхонамиз бир қанча давлат ва хусусий ташкилотларнинг биноларини лойиҳалаштириб келмоқда. Айтиш керакки, ўз корхонамни ташкил этгунга қадар Жиззах вилояти Газ таъминоти бошқармаси, шунингдек, “Ўзгазлойиҳа” ташкилотида фаолият юритиб, мазкур соҳаларнинг қурилиш-архитектура ечимларига қизиқишим ортди. Шубҳасиз, лойиҳа – қурилишнинг асоси. Асосий фаолиятимиз билвосита лойиҳалаш тартиблари билан боғлиқ бўлса-да, бу жараёнларда четлашиб, қурилиш ишлари билан ҳам шуғулландик. Албатта, кейинчалик бевосита қурилиш соҳасида фаолият бошлаганимдан сўнг соҳада бир қатор ишларни амалга оширдик. Хусусан, лойиҳалаш ишларидан ташқари Жиззах вилоятидаги “Хуаксин Цемент” заводида бир қанча қурилиш ишларини бажардик. Завод ишчилари учун ётоқхоналар, офис ва лабораториялар қурилиши ишларида иштирок этдик.
Жиззахнинг олис ўтмиш тарихи хусусида оғиздан-оғизга ўтиб келаётган ривоятлар, археологик материаллар, турли ёзма маълумотлар мавжуд. Уларда Милоддан олдинги уч мингинчи йилликлардан бу ерда одамларнинг ўтроқлашиш, яшаш жараёнлари бошланганини намоён этувчи Пишоғордан топилган тош деворлардаги расмлар, петроглиф ёзувлар ашёвий далиллар ҳисобланади. Антик давр тарихчилари асарларида бу ўлка “Сўғд орти саклар ўлкаси” номи билан юритилади. Бу ўлкада еттита шаҳар бўлгани, улар орасида Зомин, Жиззах, Сабот, Нужкат, Новкат каби қалъалар мавжудлиги тилга олинади. Кейинги давр муаррихлари асарларида бу ўлка Уструшона, деб аталади.
Сўнгги йилларнинг жўшқин ислоҳотлари билан Жиззахда қайта қуриш, бунёдкорлик, уни миллий ва замонавий шаҳар сифатида янгидан барпо этиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Бунда вилоятдаги иқтисодий юксалиш, ишлаб чиқаришнинг тараққиёти муҳим омил бўляпти. Шаҳар экологиясини яхшилаш, уни обод ва кўркам масканга айлантириш борасида бошқа хайрли ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Шаҳарда яшил ҳудуд, боғ ва гулзорлар ташкил этиб келиняпти.
Маълумки, Жиззах шаҳри кичик тоғ ёнбағрида ва унга туташ текисликда жойлашган. Одатда, бундай жойларда барпо қилинган шаҳарлар ниҳоятда обод ва кўркам бўлади. Юксаклик, паст-баландликлар ва текисликлар бағрида шаҳар ўзига хос гўзаллик касб этади. Шаҳар бағридан оқиб ўтган дарё, канал ва сойлар унга алоҳида файз бағишлайди.



