|

|

2026 йил 27 Апрель, Душанба
spot_img

Бу корхонани Бухорода ҳамма билади

Муҳим хабарлар

Ислом Ибодулла
Ислом Ибодулла
"2015-2020 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Кино, телевидение ва радио санъати факультетида таҳсил олган. 2020 йилда Туркия республикасининг Bandırma Ön yedi eylül üniversitesi таркибидаги касб-ҳунар таълимига ихтисослашган ўқув курси тингловчиси. 2021 йилдан эътиборан “O‘zbekiston bunyodkori” газетаси мухбири."

Бухорода “Ғиждувон техстройпрогрес плюс” масъулияти чекланган жамиятини билмаган қурувчи бўлмаса керак. 2007 йилда ташкил топган корхона бугунги кунда нафақат вилоятда, балки мамлакат миқёсида ўзига хос қурувчилик анъанаси ва илғор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғига эга. Корхона раҳбари Зокир Бафоев бошчилигидаги жамоа шу кеча-кундузда ўнлаб реконструкция жараёнлари ва камёб қурилиш материалларини ишлаб чиқариш билан машғул.

Албатта, шубҳа йўқки, Бухоро жаҳоннинг энг қадимий ва тарихий-меъморий обидаларга бой гўзал шаҳарларидан бири бўлиб, у азалдан шарқ оламида юксак нуфузга эга бўлган. Қадимда шаҳар Нумижкат ва Фахира, деб ҳам аталган. Бу шаҳарнинг ҳар бир гўшасида бой тарихга эга миноралари, осори-атиқалари, муқаддас қадамжолари ва обидаларида олис ўтмишнинг акс-садоси, қолдирган изи бор. Шунингдек, у Шарқу Ғарбда “очиқ осмон остидаги музей, шавкатли тарихнинг жилвакор кўзгуси” номини олган. Шундай муборак шаҳарнинг ўтмишига монанд бугуни ҳам кўп ўзига хослик касб этади. Жумладан, ўлкада олиб борилаётган қурилиш-реконструкция жараёнлари амалда ўша шонли меъморчиликка қаратилган ўтмишнинг давоми сифатида намоён бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Мазкур улуғвор меъморлик қадриятларини, юксак ишбилармонлик ва илмий қарашлар билан бойитган кишилар Бухорода кам эмас. Айтиш керакки, “G‘ijduvon texstroyprogress plyus” МЧЖ жамоаси ҳам амалда шундай тажрибага эга кишилардан ташкил топган.

– Корхонамизнинг фаолият тури бино-иншоот қурилиши ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – деди Зокир Бафоев. – Жумладан, қурилишда кенг қўлланиладиган плиталар учун ВР типидаги симлар ишлаб чиқарамиз. Бу жараёнда керакли маҳсулотларни Хитой Халқ Республикасидан импорт қиляпмиз. Ўзимизнинг корхонамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган корхоналарга етказиб берамиз. Ўзим кўп йиллик қурилиш соҳаси вакили сифатида Бухоро вилоятидаги қурилиш-бунёдкорлик жараёнларига ҳайрихоҳлик билдираман. Шунингдек, корхонамиз қурилиш материаллари ишлаб чиқаришдан ташқари бино-иншоотлар қурилиши билан ҳам шуғулланиб келади. Жумладан, Бухоро шаҳри, Ғиждувон тумани, Қоровулбозор ва Қоракўл туманларида аҳоли учун турар жой бинолари, ички йўлларнинг реконструкцияси билан шуғулланиб келмоқдамиз.

“G‘ijduvon texstroyprogress plyus” МЧЖ ҳозирги кунда Ғиждувон туманида иккита турар жой биносининг қурилишини тугаллаш арафасида бўлиб, вилоятнинг Қоракўл туманида қўшимча 3 та кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши олиб борилмоқда. Жумладан, 2019-2020 йиллар оралиғида бир неча миллиард сўм ҳажмдаги маблағлар эвазига Ғиждувон бозори ҳудудида икки қаватдан иборат 3 та савдо-сотиқ дўконлари тармоғи қуриб битказилди. Шунингдек, ўтган давр­да корхона Ғиждувон туманида “Корзинка” савдо марказининг янги биносининг қурилишига муаллифлик қилди.

Шунингдек, корхона Бухоро шаҳридаги ички йўлларда таъмирлаш ишларини олиб бориб, шаҳарнинг инфратузилмасига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Таъкидлаш ўринлики, “G‘ijduvon texstroyprogress plyus” МЧЖ томонидан амалга оширилган лойиҳалар орасида Қоровулбозор туманида қурилиши давом этаётган цемент заводи алоҳида ўрин тутади. Мазкур лойиҳа 29 млн доллар маблағ ҳисобига амалга оширилаётган бўлиб, жорий маблағларнинг 15 млн доллари корхона маблағлари ҳисобидан қопланмоқда. Қолган 14 млн доллар улуши банк кредити маблағлари ҳисобига тўғри келади. Цемент заводининг биринчи босқичи ишга туширилиш арафасида. Мазкур цемент заводи ҳозирда бутун Бухоро вилоятидаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлиб, заводнинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида самарадорлик бир неча карра ортиши кўзда тутилмоқда.

Қурилишда кластер шаклидаги тизимнинг жорий этилиши, одатда қурувчи ташкилотлар учун харажатларнинг минимал даражада иқтисод қилишда муҳим аҳамият касб этади. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғининг ривожлантирилиши эса, нафақат бир корхонанинг, балки бошқа корхоналар қатори қурилиш материаллари бозорида нархлар мувозанатини сақлашда ҳам катта аҳамият касб этади. “G‘ijduvon texstroyprogress plyus” МЧЖ корхонасининг қурилиш материаллари тармоғида ўнлаб авто­уловлардан таркиб топган моддий-техник базаси мавжуд. Хусусан, 6 дона самосвал, 13 метр узунликдаги икки дона плитавоз, 25 ва 55 тонналик 3 дона автокран, бир нечта миксерлар корхонанинг иш жараёнларида асосий кўмакчи вазифасини бажариб келмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳанинг негизида маҳаллийлаштиришга асосий урғу берилмоқда. Шунингдек, ташкил этилаётган ишлаб чиқариш заводлари ва корхоналар учун иш ўринлари ташкил этиш талаби ҳам алоҳида аҳамият касб этади. “G‘ijduvon texstroyprogress plyus” МЧЖ корхонаси ҳам бу борада катта натижаларга эришиб, кўплаб иш ўринларининг ташкил этилишига сабабчи бўлмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда мазкур корхонада 150 дан ортиқ доимий ишчи ўз фаолиятларини олиб бормоқда. Шунингдек, қурилиш корхонасининг мавсумий иш тартибига қараб яна юзлаб ёлланма ишчилар меҳнатидан фойдаланилмоқда.

Бугунги ўзгаришлар, халқимизнинг фаровонлигини юксалтириш, ҳаёт даражасини ошириш ва фуқароларимизнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда асосий ўрин тутади. Бу борада “G‘ijduvon texstroyprogress plyus” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган эзгу ҳаракатлар таҳсинга сазовор. Зеро, халқимиз орасида уй қурган, йўл очган кишиларнинг эъзозланиши ажиб қадрият сифатида кўрилади. Қурувчилар куни байрами арафасида эл-юртнинг хизматида бўлиб келаётган мазкур корхонанинг келажак лойиҳаларида унум ва муваффақият тилаймиз.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img