– Ҳамма ишларимиз режалаштирилгани бўйича кетяпти-ю, бироқ бетон қоришмаси масаласида бироз муаммо чиқиб турибди. Уни олиб келган машинадан ҳозирча юкни туширганимиз йўқ, сабаби, қоришмага қўшилган цемент меъёрида эмас экан, – деди объект иш бошқарувчиси Абдишукур Рўзматов.
– Мана шундай эътиборли бўлганингиз жуда яхши, акс ҳолда, бажарган ишимиз талабга жавоб бермасдан ортиқча маблағ сарфлаб, ишни қайтадан қилишга тўғри келарди. Бу масалани ўзим заводга бориб ҳал қилиб келаман, сиз эса қолган ишларнинг бажарилишини назорат қилиб туринг, – деб корхона раҳбари Аҳрорбек бетон тайёрлаш заводига йўл олди.
Аниқланишича, қоришмани тайёрлашга масъул бўлган ишчи тажрибасизлик қилиб керакли ускунани тўғри бошқара олмаган экан. Агар бу масалани у вақтида ҳал қилмаганида бошқа объектларда ҳам худди шундай ҳолат такрорланиши ва кўплаб иморатларнинг бетон билан боғлиқ ишлари сифатсиз чиқиши мумкин эди.
Бугунги кунда ҳар қандай ишга киришган киши, “Олма пиш оғзимга туш”, деган қабилида иш тутса, ютқазиши аён. Буни Аҳрорбек ўз тажрибасида кўп бор кўряпти. Давлатимиз тадбиркорларга зарур шароитлар яратиб бераётган бўлсада, бироқ айрим ишлаб чиқарувчилар ҳануз бундай имкониятларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англамаётгани натижасида шартномалар ва келишувларга қарамасдан зарур маҳсулотларни ўз вақтида, сифатли қилиб тайёрлаб, жойларга етказишда камчиликлар учраб турибди. Анча кеч уйга келган Аҳрорбек бир пиёла чойни ҳўплаб, шу фикрларни хаёлидан ўтказар экан, чарчоқ уйқуга элитсада, хаёллар уни ёшлиги сари етаклади.
Республикамиз мустақилликка эришган дастлабки йиллар эди. Бошқа вилоятлардаги сингари Андижонда ҳам фуқароларнинг турмуш тарзи айтарли даражада яхши эмас, одамларнинг аксарияти истиқлол, эрк ва озодлик деган сўзларнинг мағзини чақиб, истеъмолга киритмаган пайтлар эди. Ўзи ҳам ёш бўлгани сабабли бундай янгиликларга тиши унчалик ўтмагани учун беэътибор бўлган. Қурилиш ишларидан доимо ҳориб келиб, баъзида кечки овқатни ҳам емасдан ухлаб қоладиган отасини у ҳеч қачон хурсанд ҳолда кўрмаганди. Тўғри, баъзан маош олган кунлари бироз жилмайганини ҳисобга олмаса, бундай ҳолат бўлмаганди.
Оила аъзолари биргаликда овқатланишгач, падарибузруквори гап бошлаб қолди:
– Ота-боболаримиз асрлар давомида орзу қилиб ўтган даврларга эришдик, бундан буёғи халқимиз, оиламиз ҳеч нарсага муҳтож бўлмасдан фаровон ҳаёт кечирамиз. Бунинг учун сизлар мактабда аъло баҳоларга ўқисангиз, келажагингиз яхши бўлади, – деди.
Аҳрорбекка отаси авваллари бундай гапларни деярли айтмаганди. Шу кундан бошлаб у ўйинқароқликни йиғиштирди, оиладаги ишларга кўмаклашиб, зарурат бўлганда отаси меҳнат қилаётган қурилишга бориб, ғишт териш, эшик-ром ясаш ва бошқа ҳунарларни мукаммал ўзлаштиришга ҳаракат қилди. Бу жараён унинг қалбига қурувчилик касбига меҳрни олиб кирганди. Шундан бўлса керак, кечки пайтлари мактаб дарсликларидан ташқари, қизиққан касбига оид китобларни ўқиб ўрганди. Йиллар ўтиб, мактабни тугатгач, ўзи танлаган йўналишдаги олий ўқув юртига кирди ва мутахассислик бўйича зарур билимларни олди. Билмаган ва тушунмаганларини қайта-қайта сўрашдан оғринмади. Талабалар ўртасида фанлар бўйича ўтказилган республика миқёсидаги танловларда фаол иштирок этиб, совринли ўринларни олишга ҳам муваффақ бўлди.
Олий даргоҳни битиргач, вилоятдаги қурилиш ташкилотларида билимларини янада мустаҳкамлади. Унинг ишбилармон ва фаоллигини билган раҳбарият меҳнатларини қадрлаб, турли лавозимларга кўтарди. Давлатимизда ишбилармон ва тадбиркорларга кенг йўл очилганидан фойдаланиб, ўз маҳоратини синаб кўриш учун у ҳам “Ҳамкор транс барака” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилди. Иш бошлаш аввалида айтарли ҳеч вақоси йўқ бўлгани учун банкдан имтиёзли кредит олди. Тежамкорликка алоҳида эътибор қаратиш шиорига айлангани туфайли бугун ҳар жиҳатдан иқтисоди мустаҳкам корхонаси бор. Хаёлларга берилиб, тонг ёришганини ҳам сезмай қолган Аҳрорбек шоша-пиша нонушта қилди-ю, қадрдон корхонаси ва жамоаси томон йўл олди.
Таърифлаётганимиз, “Hamkor trans baraka” МЧЖ жамоасининг Андижон вилоятидаги туман ва шаҳарларида ислоҳотларнинг амалга оширилишида муносиб ҳиссаси бор. Сўнгги беш йил оралиғида уларнинг шижоати ва келажакка ишонч-эътиқоди самараси туфайли Андижон шаҳрида 9 қаватли, 98 хонадондан иборат уй-жой фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган Чўлпон номли боғда Кўзи ожизлар жамияти учун замонавий лойиҳа бўйича 3 қаватли бино қуриб берилмоқда. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида “Янги Андижон” шаҳрини бунёд этишда ҳам корхона жамоаси ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида тендерда иштирок этиб, 8 та 7 қаватли турар жойлар ва улар атрофида яшовчи ҳамюртларимиз учун зарур инфратузилмани яратиб беришни ўз зиммасига олган. Шу кунларда мазкур объектда ишлар қизғин, 2 та кўп қаватли уй тўлиқ битказилиб, тайёр ҳолга келтирилган, қолганларида ҳам бунёдкорлик ишлари жадал олиб бориляпти.
Корхона раҳбари Аҳрорбек Рустамовнинг айтишича, жорий йил охиригача объектдаги барча қурилиш ишлари ниҳоясига етказилади. Ҳозирги кунда бошқа кўплаб буюртмачилардан таклифлар тушиб турибди. Мустақиллик байрамигача яна иккита кўп қаватли турар жойни қуришга киришилади, бунинг учун зарур куч ва воситалар етарли. Муҳими, ишчи-хизматчиларда иштиёқ баланд, жамоада қурилиш соҳасининг барча турдаги мутахассислари жамланган. Маҳаммаджон Азимов, Акбаржон Махсумов, Абдишукур Рўзматов, Иброҳимжон Расулов, Шукрилла Халилов, Сайдулла Халилов, Омаджон Ашуров, Хайрулла Исоқов сингари ишнинг ҳадисини олганлар ёшларга ибрат кўрсатиш баробарида уларга касбнинг нозик сирларини ҳам ўргатишяпти.
Айни пайда ишни енгиллатиш ҳамда ортиқча харажатларни қисқартириш мақсадида жамият таркибида қурилишбоп материалларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Бу эса, биринчи навбатда, янги иш ўринлари яратиш баробарида, маҳаллийлаштириш дастурини ҳаётга кенг қўллашга қаратилган интилишдир. Азму шижоатли жамоанинг бажараётган ишларидан яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Аммо гап фақат қилинаётган ишларда эмас, балки эртанги кунга умид ва ишонч билан интилиб, бугундан кўра, эртага янада фаровон ҳаётни таъминлашга қаратилаётганида ҳамдир. Жамоада ана шундай муҳит шакллангани учун ишлар ҳам шунга муносиб бўлмоқда.


