Бундан ўн йиллар илгари қурилган уй-жойлар билан юртимизнинг бугунги қиёфасини асло солиштириб бўлмайди. Бир пайтлар хориж фильмларидагина кўрган ажойиб қиёфадаги бинолар бугун Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудларида қад ростламоқда. Биргина мисол, “Tashkent city” ёки унинг ҳудудидаги “Hilton” меҳмонхонаси биносини оладиган бўлсак. Атиги беш йил олдин ҳам ким ўйлабди пойтахтда шундай ажойиб мажмуа қурилади деб. Аммо бугун бунга ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Буларнинг барчаси заҳматкаш бунёдкорлар билан бир қаторда маҳоратли лойиҳачиларнинг ҳам хизмати эканини таъкидлаш ўринлидир. Зеро, пухта лойиҳа ҳамиша мустаҳкам ва иморат асоси бўлиб ҳисобланган.
2018 йилдан буён пойтахтимизда фаолият юритиб келаётган “Orginal” МЧЖ лойиҳа ташкилоти ҳам бугун соҳада ўз услуби ва имижини яратиб улгурган, десак муболаға бўлмайди. Айни пайтда 25 нафар малакали мутахассислардан иборат жамоа юртимиздаги қатор ижтимоий объектлар ва турар жойлар қиёфасини яратишга ҳисса қўшиб келяпти.
Албатта, ҳеч ким ўз-ўзидан зўр архитектор ёки моҳир қурувчи бўлиб қолмайди. Бу соҳанинг ўз усталари бўлиб, улар олий таълим муассасаларида ўқиётган ёки эндигина битириб келган ёшларга ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, касбнинг сир-асрорларини ўргатишади. Азалдан қадрият саналган бу устоз-шогирдлик анъанаси “Orginal” МЧЖ жамоасига ҳам бегона эмас.
Жамоадаги мутахассисларнинг аксарияти Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Турин политехника институтининг битирувчилари ҳисобланади. Қолаверса, айни пайтда ТАҚИда таълим олишни давом эттираётган олти нафар талаба ҳам иш билан таъминланган. Улар дарсдан кейинги вақтидан унумли фойдаланиб, лойиҳалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда фаол иштирок этиб келмоқда. Талабалар институтни битиргунларича бемалол тайёр кадр бўлиб етишадилар. Ташкилотда уларнинг ўз лойиҳа ва таклифларини ишлаб чиқишлари учун барча керакли шароит ва қулайликлар яратилиб, мутахассислар замонавий компьютерлар, “AutoCAD” ва “3dsMax” каби дастурлар ёрдамида лойиҳа таклифларини тайёрлашади. Лойиҳа қийматлари ва иш турини ишлаб чиқишда эса “АВС” ва “ТNqurilish” дастурларидан фойдаланилмоқда.
Дарҳақиқат, яқиндагина Президентимиз раислигида ўтказилган архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳам соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини ўзгартириш лозимлиги таъкидланиб, бу борада бир қатор вазифалар белгилангани бежиз эмас. Хусусан, йиғилишда Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти фаолияти трансформация қилиниб, уларга академик ва молиявий мустақиллик берилиши таъкидланди. Энди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти урбанизация, архитектура, дизайн, маданий мерос объектини тиклаш, Тошкентдаги институт эса муҳандислик, архитектура, қурилиш ва қурилиш материаллари технологиялари, рақамли қурилиш йўналишларига ихтисослашади. Талабалар етакчи лойиҳа-қидирув институтлари ва қурилиш кластерларига бириктирилади. Ушбу икки олийгоҳда жорий йилнинг 1 сентябридан халқаро таълим дастурлари асосида ўқитишни йўлга қўйишга кўрсатма берилди.
Демак, келгусида нафақат қурилиш соҳаси, балки архитектура, айнан лойиҳачилар фаолияти ҳам замонавий билимларни пухта эгаллаган кадрлар билан таъминланади. Бу эса юртимиз қиёфаси янада янги имижда яратилиши учун асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Кимгадир баҳо бериш керак бўлса, энг биринчи навбатда унинг бажарган амалларига эътибор қаратамиз. Сўнгги йилларда барча ҳудудларда барпо этилган бир-биридан ажойиб иншоотларга қараб, буларнинг лойиҳалари қайси ташкилот ёки қайси архитектор томонидан яратилгани ҳақида ўйлаймиз. Чунки бугун архитекторларимиз томонидан яратилаётган лойиҳалар аввалгидек бир-бирини такрорлаб турувчи бир хил иморатлар эмас-да.
Шу боис, “Orginal” МЧЖ мутахассислари томонидан яратилган объектлар орасида пойтахтимизга чирой бағишлаб турган иншоотлар ҳам талайгина. Жумладан, 2021 йилда Олмазор туманидаги Қариялар уйига қўшимча бино, Шайхонтоҳур туманидаги Бандликка кўмаклашиш маркази биноси лойиҳалари яратилган. Сергели туманидаги Спутник-5 мавзесида 11 қаватли турар жой биноси лойиҳаси ҳам ўтган йили яратилган бўлиб, айни пайтда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Тошкент вилоятида қурилган маҳалла маркази биноси лойиҳаси ҳам 2021 йилги ижод намуналаридан ҳисобланади.
Бу йилги лойиҳалар ҳақида гапирадиган бўлсак, 2022 йил ҳам жамоа учун баракали бошланди. Хусусан, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида шу йилнинг май ойида фойдаланишга топширилган “Дўстлик уйи” ҳамда Бухоро шаҳрида қурилаётган “Bukhara city” мажмуаси таркибидаги меҳмонхона ва савдо марказининг лойиҳаси ҳам жамоа меҳнатининг маҳсулидир. Шунингдек, Юнусобод туманидаги 4-сонли фтизиатрия диспансери ва Чилонзор туманидаги 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти биносининг реконструкция ишлари ҳам “Orginal” МЧЖ лойиҳалари асосида олиб бориляпти.
Айни пайтда “Orginal” МЧЖ мутахассислари пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида қурилаётган Президент мактаби лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан банд. Лойиҳага кўра, 672 ўқувчига мўлжалланган мактабнинг ўқув хоналари барча зарур жиҳозлар билан таъминланиши кўзда тутилган. Лойиҳада ўқув режаси, ўқув дастури, ўқув синфларининг таркиби ва ҳажми ҳам ҳисобга олинган. Синф хоналари ва махсус фан кабинетлари юртимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган мебел ва техникалар билан тўлиқ таъминланиши белгиланган.
Мактаб биноси дизайни Шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мувофиқ (ШНҚ 01-04) “Ўрта мактаблар ва мактаб-интернатлар” қоидалари асосида яратилган. Лойиҳанинг технологик қисми топшириқ асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ускуналар ўқув режаларининг бажарилишини таъминловчи комплект сифатида қабул қилинади. Мактаб 5-11 синф ўқувчиларига мўлжалланган бўлиб, бинода 24 ўринли 16 та ўқув хонаси мавжуд.
Шунингдек, 360 ўринли ошхона, спорт зали, ўқув-лаборатория хоналари, мажлислар зали, ўқитувчилар хонаси, директор хонаси, қабулхона, кутубхона ҳам лойиҳаланган. Буюртмачи Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ҳисобланади.
Жамоа мутахассисларининг айтишича, ҳар қандай лойиҳа энг аввало, пухта ўрганиш ва изланишлар натижасида яратилиши керак. Шу боис, лойиҳага буюртма олингач, энг аввало, обеъкт синчковлик билан ўрганиб чиқилади. Масалан, баланд қаватли бино қурилиши лозим, аммо унинг атрофидаги иморатлар бир қават бўлса, бу вазиятда буюртмачи билан келишган ҳолда, Шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мувофиқ лойиҳага бошқа ечим топилади.
– Асосан, замонавий қурилиш материалларидан фойдаланиб, бино ва иншоотлар учун сифатли, мустаҳкам ва арзон лойиҳалар яратишга ҳаракат қиляпмиз, – деди жамият раҳбари Жавоҳир Жўрабоев. – Бугун юртимизда илгари фақат хориждан топиб олиб келиш мумкин бўлган қурилиш материалларининг деярли барчаси ишлаб чиқариляпти. Қолаверса, замонавий энергиятежамкор материалларни қўллаган ҳолда лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш давр талаби эканлигини юртбошимиз ҳам маърузаларида кўп такрорлайди. Шу боис, ишлаб чиқилаётган лойиҳа ҳужжатларида фақатгина маҳаллий қурилиш маҳсулотларидан фойдаланяпмиз. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Мени бу соҳага қизиқтирган ҳам, эришган барча ютуқларимнинг асосий сабабчиси ҳам устозим – Орифжон Жўраевдир. У кишидан архитектура ва лойиҳалаш соҳасида ўрганганларим бугун фаолиятимда асқатмоқда.
Юртимизнинг янги қиёфасини яратишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ушбу лойиҳачилар жамоасининг кейинги ишларига муваффақият тилаб қоламиз. Касб байрамингиз муборак бўлсин!

