|

|

2026 йил 11 Май, Душанба
spot_img

Юртимиз бунёдкорларининг ҳақиқий таянчи

Муҳим хабарлар

Ислом Ибодулла
Ислом Ибодулла
"2015-2020 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Кино, телевидение ва радио санъати факультетида таҳсил олган. 2020 йилда Туркия республикасининг Bandırma Ön yedi eylül üniversitesi таркибидаги касб-ҳунар таълимига ихтисослашган ўқув курси тингловчиси. 2021 йилдан эътиборан “O‘zbekiston bunyodkori” газетаси мухбири."

Навоий юртимиздаги энг гўзал ва кўркам вилоят ҳисобланади. Бошқа вилоятларга нисбатан “ёш” бўлса-да, замонавий иншоотлар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, шинам турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектлари бу ҳудудга ўзгача салобат бағишлаб турибди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби бугун Навоий вилоятида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари авжида. Бу улкан бунёдкорлик ишлариларга 2015 йилдан буён “Tayanch qurilish servis” МЧЖ жамоаси ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Рустам Саломов таъсисчилигида ташкил этилган жамоа қурувчилари асосан ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш билан шуғулланади. Улар томонидан бунёд этилган замонавий типдаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, барча шароитлари мужассам поликлиника биноларидан тортиб махсус шифохоналардан бугун вилоят аҳли унумли фойдаланиб келяпти.

Ўтган йилларда барпо этилган объектлар орасида Навоий вилояти тери-­таносил касалликлари шифохонасининг янги биноси бетакрор қиёфаси билан ажралиб туради. “Tayanch qurilish servis” МЧЖ меҳнаткашлари маҳсули сифатида Инвес­тиция дастури асосида бунёд этилган мазкур муассасанинг умумий қиймати 17 млрд 900 млн сўм бўлиб, йилдан-йилга ўтувчи ушбу объектда 8 млрд сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилган.

Натижада “Tayanch qurilish servis” МЧЖ томонидан шифохонанинг 110 ўринли диспансери ҳамда 55 қатновли поликлиника биноси янгидан бунёд этилди. Энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт муассасасида тажрибали шифокорлар томонидан беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Шу йиллар мобайнида МЧЖ меҳнаткашлари томонидан Қизилтепа туманида яна 2 та замонавий шифохона ҳам қуриб, фойдаланишга топширилган. Ушбу объектлардан бири – соматик касалликлар шифохонаси бўлиб, 80 ўринга мўлжалланган. Бир неча йил илгари сил касалликлари диспансери сифатида фаолият юритган, аммо кейинчалик бу касалликнинг кескин камайиши натижасида бўшаб қолган мазкур бино 4,5 млрд сўм маблағ эвазига мукаммал реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга келтирилди. Шифохона таркибида неврология, кардиология, эндокринология, терапия бўлимлари, жонлаштириш терапия пости, марказий лаборатория мавжуд. Шу билан бирга, ушбу масканда Бўстон маҳалласи аҳолиси учун янги қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳам иш бошлади.

Бундан ташқари, “Стандарт диаг­ностика” хусусий клиникаси ҳам барпо этилган. Тадбиркор Алишер Атоев раҳбарлигидаги клиникада стационар даволаниш учун 30 та ўрин яратилиб, жарроҳлик ва жонлаштириш бўлими фао­лияти йўлга қўйилди. Ушбу шифо масканида травматолог, стоматолог, гинеколог, уролог, жарроҳ, лор, кардиолог, эндокринолог, невролог каби
15 га яқин мутахассислар фаолият олиб бориши кўзда тутилган. Шунингдек, бу ерда беморларга туманда биринчилардан бўлиб озонотерапия, физиотерапия, лазеротерапия, ЭФГДС, колоноскопия, 4D ўлчамли УЗИ, скрининг каби бир қатор хизматлар кўрсатилади. Ушбу замонавий клиникани тадбиркорнинг 2 миллиард 756 млн сўм ўз маблағи ва 207 минг АҚШ доллари қийматидаги кредит ҳисобидан барпо этди. Клиниканинг ишга тушиши 25 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлади.

Бугун бу шифо масканларида ўз дардларига даво топаётган ҳар бир инсон нафақат шифокор ва ҳамширалардан, балки улар учун шундай замонавий кўринишдаги шифохона қуриб берган қурувчилардан ҳам миннатдор бўлса ажаб эмас.

“Tayanch qurilish servis” МЧЖ жамоаси бундай савобли ишни бугун янада катта ҳажмда давом эттирмоқда. Хусусан, Қизилтепа туманидаги 2-мактаб биноси реконструкцияси, Навоий архитектура ва қурилиш техникуми биноси, шошилинч тез тиббий ёрдам масканлари қурилиши шулар жумласидандир.

Қурилишда энг муҳими нима?

Пухта лойиҳа, сифатли қурилиш материали ёки малакали қурувчилар…

Аслини олганда мустаҳкам ҳамда замонавий типдаги шинам иншоотнинг қад ростлаши учун юқоридагиларнинг барчаси бирдек муҳим ҳисобланади. Бу масалалар яқинда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида яна бир карра муҳокама қилинди. Йиғилишда сўнгги беш йилда қурилиш соҳаси иқтисодиётимизнинг “драйвер” йўналишига айлангани таъкид­ланиб, бу даврда 250 минг хонадонли 8 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар, 21 минг сервис-хизмат кўрсатиш ва 10,5 минг ижтимоий соҳа объекти қурилгани ҳамда 31 минг корхона ташкил этилгани айтилди.

Мана шу рақамларнинг ўзиёқ бугун юртимиз қай даражада улкан бунёдкорликлар маконига айланганидан далолат бериб турибди. Бу бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган навоийлик қўли гул қурувчиларга ҳам касб байрами муборак бўлсин!

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img