…Ўшанда кўп тенгдошлари қатори кичик жуссали, озғиндан келган Раҳматжон ҳам у ер-бу ердан катта-кичик тахта топиб, букилган михларни тошлар билан тўғрилаб, ўзича нималарнидир ясамоқчи бўлаётганини отаси, узоқ йиллар далада сувчилик қилган Хўжамкелди ака кўзни қамаштирувчи чилги узум соясида зимдан анчагина кузатди. Ниҳоят, болакай атиги иккитагина хом ғишт қуядиган қолип ясаганини кўрган отаси хурсанд бўлиб ўрнидан турди-да Раҳматжоннинг елкасини астагина қоқди ва бошини силади.
– Нима қилмоқчисан, ўғлим?
Отасининг тўсатдан берган саволидан эсанкираб қолган Раҳматжон қўрқа-писа жавоб берди:
– Ғишт қуйиб, товуқларни катагини янгиламоқчиман.
– Товуқларни катаги бор-у.
– Ғиштдан қуриб, суваб қўяман. Қишда ҳам совқотишмайди.
– Бу дейман, сен бола келажакда қурувчи бўласан, шекилли а, ўғлим?
– Қанақа қурувчи, – ошхонада куймаланиб юрган онаси Муборакхон ая ота-боланинг суҳбатига аралашди. – Шифокор бўлади. Мана қаранг, кунда кун-ора мазангиз қочяпти. Мен ҳам соғлигимдан мақтанолмайман. Раҳматжон врач бўлса, ҳаммамизни даволайди, тўғрими, болам?
Раҳматжон билмадим, дегандай елкасини қисди. Лекин отаси унга қараб, кўзини қисди ва бошини бир-икки силкитиб қўйди. Билдики бу – отасининг розилик тасдиғи эди. Шу-шу Раҳматжонда қурувчиликка қизиқиш пайдо бўлди. Мактабда математика, физика, геометрия каби фанларни чуқур ўзлаштириб борди.
Ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган Раҳматжон 1989 йили Тошкент темир йўллар институтининг қурилиш факультетида ўқиб, қурувчи-муҳандис дипломини олди. Ёш мутахассис Тошкентдаги темир йўл қурилишида, Риштон туманида жойлашган вилоят 3-қурилиш трестида, 78-механизациялашган қурилиш бошқармасида ва кейинчалик 540-ПМКда муҳандис, бошқарувчи вазифаларида ишлади.
Ўша йиллари тиниб-тинчимас, ҳар соҳага қизиқувчи, ташкилотчи Раҳматжон Расуловнинг “Мустақиллик” фирмаси бор эди. Хусусийлаштириш даври бошлангач, фирма ёпилди ва 2000 йилда унинг негизида “Мадина” кўп тармоқли хусусий фирмаси ташкил қилинди. Фирма асосан мактаб ва боғча биноларида капитал ва жорий таъмирлаш ишларини олиб борди. Хусусан, Сўх туманининг Тул ва Сариканда қишлоқларида коллежлар, мактаблар ҳамда Риштондаги Саноат касб-ҳунар коллежи биноси, Пандигон, Капа, Оқ-ер қишлоқларидаги турли давлат ташкилотлари биноларини сифатли қуриб, фойдаланишга топширди.
Ҳар қандай инсонни ҳаётда йўл-йўриқ кўрсатувчи устози бўлиши табиий. Ана шуни эътиборга олганда Раҳматжон Риштон туманидаги собиқ 78-механизациялашган қурилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи Ўринбой Собиров, бошқарма бошқарувчиси Эргашбой Эркинов, шунингдек, таниқли қурувчи Аъзамжон Эргашевларни ҳақли равишда ўзининг устозлари, дейди ва уларнинг берган панду-насиҳатлари, ўгитларини ҳозиргача ишида қўллаб келади.
– Сизнингча қурувчилик қандай касб? – сўраймиз Раҳматжон акадан.
– Қурувчилик – одамларга қувонч улашадиган касб. Масалан, йиллар давомида ижарада яшаб юрган оилага янги, ҳамма қулайликларга эга уйнинг калити топширилган вазиятда кўзидаги севинч ёшларини кўрсам, бутун чарчоғим чиқиб кетади. Унинг қувончига шерик бўлганимдан фахр туйғусини туяман. Инсон учун бундан-да ортиқ бахт борми? Касбимнинг ана шу томони менга ғурур бағишлайди, – дея жавоб берди у.
Бу йил фирма туман марказига яқин ҳудудда, “Учариқ-Қалайнав” катта трассасининг шундоққина биқинида жойлашган “Нурафшон” даҳасида лойиҳа қиймати 10 миллиард сўм бўлган, ҳар бири 25 хонадонли 2 та 5 қаватли уйларни қуриб битказди. Айни пайтда бу ерга 50 та ёш оила кўчиб келиб, яшаяпти. Лифти бор, газдан муаммо йўқ, ҳаммаси бекаму кўст. Сув марказлашган қувурга уланган. Фирма жамоаси шу йилнинг кузига бориб яна худди шундай иккита бинони топшириш ниятида. Бундан ташқари, Фарғонада барпо этилаётган Эко шаҳарда ҳам 7 қаватли, 48 квартирали 2 та бино қуриляпти. Болалар учун мўлжалланган ўйин майдончалари ҳам бор.
– Авваллари давлатники, деган гап кўп ишлатиларди, – деди қаҳрамонимиз. – Энди эса меники, дейиляпти. Чунки мана бу қурилаётган бино меники. Бинони қанчалик сифатли қурсам, мижозим шунча кўпаяди. Илгари лойиҳадан чиқмайсан, дейилар эди. Смета асосида маблағ бериларди. Энди эса ҳатто уй эгалари ҳам назорат қиляпти. Ҳаммаси назоратда. Бундан биз ҳам хурсандмиз. Сабаби, беш қўл баробар эмас деганларидай, иш пайтида бирор камчиликка йўл қўйилса, уйнинг эгаси уни кўрсатади ва жойида ҳал этилади. Янги уйда яшаётган фуқаро қанчалик хурсанд бўлса, кўнглингиз ҳам шунчалик ёруғ бўлади. Мана, ҳозир ҳам шу қурилаётган уй эгалари билан бемалол суҳбатлашиб ўтирибман. Агар уйда бирор нуқсон бўлганда, мен бу ерда турмас эдим. Шукрки, мен раҳбарлик қилаётган фирмада бундай ҳолатлар бўлмаган ва бўлмайди ҳам.
Устозлар берган панду-насиҳатлар, ота-онасининг дуоси туфайли Раҳматжон ҳаётда кам бўлмади. Турмуш ўртоғи билан 4 ўғил, 1 қизни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашди. Ҳаммаси олий маълумотли. Катта ўғли Музаффаржон уйли-жойли, ўзи билан бирга фирмада ишлайди. 2016 йили ФарДУнинг иқтисодиёт факультетини тамомлаган Илҳомжон Фарғонадаги “Қишлоққурилишбанк” минтақавий филиалида ишлар эди. Янги қурилаётган уйларнинг олти-сотдиси, банк операциялари мураккаблашиб, ҳужжат ишлари анчайин қийналишиб қолгач, Раҳматжон ака Илҳомжонни ҳам фирмага ишга олиб келди. Кейинги ўғли Фарҳоджон эса Москва пўлат қоришмалари институтида ўқиган. Ҳозир оиласи билан Тошкентда яшаб, механика қурилиш заводида ишлайди. Ҳабибжон эса травматолог, Фарғонада тез тиббий хизматда врач. Кенжа фарзанди Мадинахон эса мактабда ёшларга билим бериб келмоқда.
Ҳозирги кунда фирмада 70 га яқин ишчи меҳнат қилади. Ойлик маошлар ўз вақтида берилади. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар билан доимий алоқа ўрнатилган. Бирорта маҳсулот келмай иш тўхтаб қолган ҳолатлар деярли бўлмаган.
– Бир куни ҳокимиятда озгина ушланиб қолиб объектга келсам, ҳамма ишчилар бекор ўтиришибди, – деди Раҳматжон ака кулимсираб. – Ўғлим Музаффаржон эса телефонда ким биландир тортишяпти. Маълум бўлишича, объектга ғишт заводдан бироз кечикиб келиши айтилган, ўғлим эса бундан жиғи-бийрон бўлаётган экан. Ўғлимни қўлидан телефонни олиб, ўша ғишт заводининг раҳбари, қадрдоним билан гаплашдим, иш тезда ҳал бўлди. Маҳсулот етиб келди ва иш бир маромда давом этди. Демоқчиманки, қурилишда сен-менга бориб ишласа, барака бўлмайди. Ҳамма гап аҳилликда, ширинсуханликда. Сабаби, биз юрт хизматидамиз. Олдимизга қўйилган ҳар қандай вазифани омилкорлик, билим ва катта тажриба билан енгиб ўтиб, ютуққа эришамиз. Президентимизнинг аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида олиб бораётган сиёсати менга ёқади. Биз ҳам бошида икки қаватли уйлар қурдик. Одамлар олармикан, деган ҳавотирда эдик. Йўқ, талаш бўлиб кетди-ю. Ҳозир ҳам ҳали битмаган уйнинг дастлабки бадалини тўлаб қўйганлар анча.
Шу ўринда шахсий фикрим бор. Айрим чет давлатлардаги уйлар қўрғон усулида қурилади. Яъни, ҳамма томони берк. Бу дегани, 10-15 қаватли уйлар айланасига қурилган. Фақат бир жойдан кириб чиқилади. Қўрғонни ичида автотураргоҳ, болалар майдончаси-ю, турли савдо мажмуалари ҳам бор. Бундай ҳолатда, ўғриликлар, жиноятлар камайиши табиий. Чунки қўрғонга ким кириб чиқяпти, камера ёзиб боради-да, назорат кучли. Келгусида бизда ҳам шу усул қўлланилса, ҳар томонлама яхши бўлар эди.
– Фирмада 30 йилдан бери Раҳматжон билан бирга ишлайман, – деди иш бошқарувчи Одилжон Ҳусанов. – Феъли ҳаммабоп. Иш юзасидан талаб қилишни билади, қаттиққўл. Устознинг 20 га яқин шогирдлари бугунги кунда вилоятимизнинг турли ҳудудларидаги қурилиш ташкилотларида фаолият юритиб келишмоқда.
Ҳар куни эрта тонгдан ишга отланган Раҳматжон ака узоқдан қурилиши битай деб қолган уйларга боқиб, ҳадемай бу ерда болажонларнинг шодон қийқириғини тасаввур қилади-да, “Ўзларингдан кўпайиб, бахтли бўлинглар”, деб юзига фотиҳа тортади.


