Мустақиллик байрами арафасида Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлими негизида бир вақтнинг ўзида 145 нафар туғруқ ёшидаги аёллар учун хизмат кўрсатадиган туманлараро перинатал марказ фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда юртимизда ислоҳотлар барча соҳаларда, шу жумладан, тиббиётда ҳам амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этиб ўтдилар. Зеро, она ва бола саломатлигини таъминлаш масаласи давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу маънода фойдаланишга топширилган ушбу маскан бу борада муҳим аҳамиятга эга. Марказ Бешариқ, Фурқат ва Ўзбекистон туманларида яшовчи, юқори малакали тиббий хизматга муҳтож ҳомиладор, туғувчи аёллар ва чақалоқларга тиббий хизмат кўрсатади.
Туғруқ комплексини реконструкция қилиш учун 750 млн сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, муассасанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳисобидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар, аппаратура ҳамда жиҳозлар келтирилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилнинг 1 июлида вилоятнинг Қўқон шаҳри, Данғара, Бағдод ва Учкўприк туманларида яшовчи аёллар ва чақалоқларга перинатал хизмат кўрсатувчи Қўқон шаҳар перинатал маркази фойдаланишга топширилган эди. Марғилондаги туманлараро перинатал марказ ҳам шу йилнинг октябрь ойида хизмат кўрсатишни бошлайди.

