Эллар тўзғиб ётар гул япроғидек,
Бир ён шоҳу гадо, бир ён дўст, ғаним.
Бир ёнда хаёлий Эрам боғидек
Буюк ва бетимсол менинг Ватаним.
Улуғ шоиримиз лутф этганидек, не-не эллар гул япроғидек тўзғиб ётган бу кўҳна заминда буюк ва бетимсол Ватанимиз ўз мустақиллигининг ўттиз биринчи довонида яна бир янги даврга қадам қўяётир. Истиқлол ва озодлик тушунчалари барча учун қимматли туйғуга эга хилқат.
Мустақиллик 130 йилдан кўпроқ давр мобайнида аввал чоризм, сўнгра қизил империя оёғи остида топталган Ўзбекистонни нафақат сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳурриятга олиб чиқди, айни чоғда, буюк аждодлардан мерос маънавий қадриятларни тиклашга, уларни асрлар чанг-ғуборидан поклашга, миллий тил ва маданиятни, адабиёт ва санъатни равнақ топтиришга, миллатнинг сохталаштирилган тарихини асл ҳолида тиклаб берди.
Асрий орзу-армонлари ушалган халқнинг бахти ва шодлиги фарзандлар қалбидаги буюк шижоат, миллий ғурур ва ифтихорда намоён бўлмоғи тайин. Бундан 31 йил муқаддам Ҳуррият ва озодлик ҳавосидан баҳраманд бўлган халқимиз илк кунлардан бошлаб Ватанни, она юртнинг шаҳар ва қишлоқларини обод қилишга бел боғлаб, бунёдкорликни беқиёс жараёнга айлантирди. Шу даврда асрларга менгзагулик амалга ошган ишлар кўз ўнгимизда содир бўлди. Ва бу жараённи бутун жаҳон эътироф этиб келаётир.
Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги катта зафарлар, улуғвор режалар билан кутиб олинмоқда. Шубҳасиз, ўтаётган ҳар бир йил Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига мустаҳкам тамал тоши қўйилган ва шу йўлда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилган давр сифатида шонли тарихимиздан ўзига хос ўрин эгалламоқда.
Қурилиш ва бунёдкорлик ишлари авваллари ҳам ғоят секин ва юзаки тарзда бўлган. Бироқ бугунги қурилишлар билан ўша жараён орасида ер билан осмонча фарқ бор. Масалан, ўтган асрнинг 66-йили иккинчи ярмидан бошлаб, Тошкентда юз берган зилзила туфайли шаҳарнинг ер силкинишида тутдай тўкилиб, вайрон бўлган маҳаллалари ўрнида янги уй-жойлар қурилди. Янги мавзелар тиклана бошланди. Аммо бу уйларга кўчиб ўтганлар қишда лой, ёзда эса чанг кўчалардан озор чекарди. Болалар майдончалари жиҳозланмагани катта ноқулайлик туғдирарди.
Ўша даврда қурилган уйларда ҳозир ҳам одамлар истиқомат қилаётир. Ташқи ва ички қиёфаси кўримсиз, тор, шифти паст бу уйларда тиқилиб яшаётганлар эндиликда пойтахтнинг турли туманларида қурилган замонавий лойиҳадаги уйларга кўчиб ўтишаётир. Аввало, ўша турар жойларнинг ичини ҳали кириб кўрмасдан ҳовлидаги болалар майдончаси, мавзеларга катта кўчадан ўтиб бориладиган йўллар манзарасига, яратилган ободлик ва гўзалликка боқиб, “Наҳотки, шундай уйларда яшашга муваффақ бўлдик?!” деб ҳайратдан ёқа ушлаётганлар кўплаб топилади.
Бундай чиройли уйларни собиқ мустабид тузум халқимизга раво кўрмаган эди. “Буларга бўлаверади” деган ғайри қараш мавжуд эди. Бу ҳам эндиги ёш авлоднинг мустақиллик неъматининг қадрига етиб яшаши, ўз юртига эгалик нақадар катта имконият яратишини англаб олиши учун муҳим сабоқ. Барча янги қурилишларимиз – у турар жой мавзелари ёхуд замонавий қишлоқларми, Тошкентнинг ер усти метро ҳалқа йўли ёки тўйхоналар, истироҳат боғлари, исломий мажмуалар, спорт ва маданият иншоотлари, йўл ва кўприклар ёхуд “шаҳар ичидаги шаҳар” услубидаги замонавий “сити қўрғонлар” бўладими – ҳаммасида ўз Ватанининг эгаси бўлиш бахти уфуриб турибди.
Яна бир қиёс кўз олдимизда намоён бўляпти. Собиқ тузум – қадим Туркистон халқларини бир-биридан айириб ташлаш учун минг бир ҳийла ишлатган эди. Уларнинг биттаси 1924 йилги давлат чегараларини ўтказишда амалга ошган бўлиб, беш мустақил ҳудудга бўлинган халқларнинг бир-бирлари орасига “хитой девори” яратиб, улар бошини қовуштирмаслик кўзда тутилган эди. Темир йўллар ҳам шуни назарда тутиб қурилган эдики, мустақилликнинг дастлабки йилларида бир республиканинг фуқароси иккинчи республикадаги қариндошиникига, нафақат қариндоши, ҳатто оламдан ўтган яқинлари таъзиясига ҳам боролмайдиган бўлиб қолди. Чунки чегара ва темир йўл сиёсати шундай қитмирлик билан амалга оширилган эдики, оқибатда мустақилликка эришган мамлакатлар ўзининг бирор вилоятига бормоқчи бўлса, қўшнининг еридан ўтишга мажбур эди. “Энди биз ҳам суверен давлатмиз, халқаро баҳода пул тўлайсиз”, дейиш русумга айланди. Собиқ тузум пешволари шундай қилсак, Туркистон халқлари ё бир-бирлари билан жиққамушт бўлади ёки “бизга мустақиллик бўлмас экан” деб эски бўйинтуруқни бўйинга илишга мажбур бўлади, деб ўйлашганди.
Ҳа, дастлабки йилларда жуда қийин бўлди: улар ўйлаганидек, бориш-келишларнинг йўли тўсилиб қолди. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон сингари давлатлар жуда катта маблағ сарфлаб, чорак аср мобайнида ўзларининг ягона темир йўл тизимини яратишга муваффақ бўлди. Бироқ Қирғизистон ва Тожикистон яқин-яқинга қадар ҳам бу масалада жуда қийналган эди. Лекин ҳеч ким ўз мустақиллигидан воз кечмади, “ҳасса бир марта йўқотилади”, деган ақида устувор бўлди. Яқин яқингача ҳам ана шу ақида билан борига, қийинчиликларга кўниб яшалди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан чегаралардаги дарвозаларни очишнинг йўли топилди. Машиналар ҳам, поездлар ҳам, самолётлар ҳам энди бирор тўсиқсиз, халқаро мезонларга амал қилган ҳолда ҳаракатланмоқда. Халқларимизнинг ўзаро борди-келдилари кўпайди. Эндиликда савдо-сотиқ, қўшма корхоналар қуриш, йирик энергетика ва транспорт коммуникацияларини ҳамкорликда барпо этиш ва улардан биргаликда фойдаланиш, қитъалараро халқаро транспорт йўлаклари очиш бўйича амалга оширилаётган ишлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун қадим Туркистон давлатлари мустақил тараққиётига кафолат сифатида қаралмоқда. Яхши қўшни ҳолидан хабар олишга имкон топилди. “Қўшнинг тинч – ўзинг тинч”, деган нақл бежиз айтилмаган. Юрт равнақида бу энг асосий омил ҳисобланади.
Албатта, бугунги қутлуғ шодиёна кунда буларни яна бир бор ёдга олмаслик мумкин эмас. Зотан, қўшнилар билан алоқаларнинг ўз измига тушганлиги, сўнгги беш йилликда қўлга киритилган энг катта ютуқлардан биридир. Тан олиш керак, сўнгги беш йиллик қардошлик алоқаларини тиклаш билан бир қаторда, мамлакатимизнинг ривожида ўзига хос туб бурилиш йиллари бўлди. Нега деганда, сўнгги 5-6 йилда қанчалик қийин бўлмасин, барча жабҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммо ва камчиликлар юзага чиқарилди, уларни ҳал этиш бўйича жуда кенг кўламда ислоҳотлар бошлаб юборилди. Давлатимиз раҳбарининг одилона сиёсати, халқимизнинг бунёдкорлиги эвазига тарих учун қисқа бир даврда барча соҳаларда, энг муҳими, одамлар ҳаётида мана шу ислоҳотларнинг амалий натижалари намоён бўла бошлади. Кишилик жамиятида нимаики қилинар экан, аввало, инсон манфаатлари учун қилиниши, “Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил тўлақонли равишда давлат ва жамият ҳаётига чуқур сингиб кетди, олтин қоидага айланди.
Давлатимиз раҳбарининг, аввало, халқимиз манфаатларини ўйлаб юритаётган адолатли, халқчил сиёсати, юртдошларимизнинг биргаликдаги шарафли меҳнати орқали ана шу ютуқларга эришилмоқда. Сўнгги йилларда халқимиз Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улкан марралар сари дадил одимламоқда. Турли ҳудудларда қурилаётган йирик иншоотлар, қад ростлаётган муаззам иморатлар Ўзбекистоннинг нақадар юксакликка интилаётганини, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти буюклигини намоён этмоқда.
Шу ўринда юртимизнинг кўркамлигига ҳисса қўшаётган қурилиш соҳаси ходимларига қаратилган эътибор хусусида алоҳида тўхталиш ўринлидир. Давлатимиз раҳбари Президентлик вазифасини бажаришга киришган илк йилданоқ қурилиш соҳасига катта эътибор қаратиб келмоқда. Юртбошимизнинг 2017 йил 7 августдаги фармони билан 2017 йилдан бошлаб август ойининг иккинчи якшанба куни “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” сифатида кенг нишонланиб, ютуқларга эришган соҳа ходимлари юксак мукофотлар билан тақдирланишмоқда. Ўтган беш йилда соҳада фаолият юритаётган қурилиш-пудрат ташкилотлари 23,8 мингтадан 43 мингтагача ошганини, лойиҳа ташкилотлари сони 1 000 тадан салкам 2 000 тага етганини, бажарилган қурилиш ҳажми эса 3 баробарга ортганини, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар салкам 10 мингтага етиб, улар экспорт учун ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳажми 2022 йил якунигача 690 млн АҚШ долларига етганини кўриш мумкин. Буларнинг барчаси ана шу эътиборнинг самараси, десак муболаға бўлмайди. Бундай эътибор туфайли, сўнгги беш йилда қурилиш соҳаси иқтисодиётимизнинг “драйвер”, яъни, етакчи йўналишига айлангани барчага аён ҳақиқатдир.
Соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида аҳоли пунктларини қуришга комплекс ёндашув, уй-жой, турли бино ва иншоотлар билан бирга ижтимоий инфратузилма объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим, тиббиёт ҳамда маданият муассасалари, истироҳат боғлари, хиёбонлар, фавворалар, болалар майдончалари ва спорт масканлари бунёд этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг амалий тасдиғи сифатида 2022 йилги Инвестиция дастури бўйича 1 минг 868 та ижтимоий объектда кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини таъкидлаш ўринлидир.
Бу ҳақда сўз юритганда, лойиҳалари жойлардаги аҳоли билан бамаслаҳат ишлаб чиқилган “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Ушбу номдаги 29 та массивда 21 минг 312 хонадонга мўлжалланган 619 та замонавий уй-жой, шунингдек, ўнлаб янги мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари барпо этилаётганини таъкидлаш ўринлидир.
Бу борада кўп қаватли уйлар ҳамда муҳандислик-транспорт коммуникациялари, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари комплекс тарзда қурилаётгани, келгуси беш йилда 250 мингдан зиёд оила замонавий қулайликларга эга бўлган уй-жойлар билан таъминланиши албатта барчамизни хурсанд қилади. Айниқса, аҳолини арзон ва сифатли турар жой билан таъминлаш дастурлари доирасида намунали кўп қаватли уйлар атрофида маданият ва санъат марказлари, спорт иншоотлари, тиббиёт муассасалари ва бошқа масканлар барпо этилаётгани, “Обод қишлоқ” дастури бўйича 413 та маҳалланинг бош режаси ишлаб чиқилаётгани инсон ҳақидаги эътибор ва ғамхўрликнинг амалий намунасидир.
Бунёдкорлик ҳақида сўз борганда, қад ростлаётган, шаҳар-қишлоқларнинг кўркига кўрк қўшаётган, халқимиз корига хизмат кўрсатувчи иморатлар билан бир қаторда юртдошларимизнинг, айниқса, келажак авлоднинг маънавий салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кўзда тутилган иншоотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтишимиз ўринлидир. Бундан 1 йил аввал, Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Тошкент шаҳрида “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументи тантанали равишда очилганди.
Юртимизнинг барча гўшалари каби пойтахтда ҳам “Янги Ўзбекистон” боғини яратиш борасидаги ташаббус албатта, келажак авлодни юртни ардоқлаш, уни севиш туйғуларини кўнгилга жой этишга ундаши шубҳасиз. Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғини яратиш тарихига назар соладиган бўлсак, унга 2021 йил 1 май куни илк кўчатлар экилган эди. Тарихчи олимлар, ижодкор зиёлилар, нуронийлар ва ёшлар билан маслаҳатлашиб, “Янги Ўзбекистон” мажмуасининг ғоявий ва меъморий ечимларига алоҳида эътибор қаратилди.
Агар юқоридан назар ташланса, боғнинг шакли улкан дарахтнинг бешта шохига ўхшайди. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини рамзий маънода ифода этади. Бу гўзал боғда пойтахтимиз аҳолиси, барча ҳудудларимиз ва хориждан келадиган меҳмонлар яйраб дам олиши, оиласи, фарзандлари билан бирга мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилди. Сунъий кўл, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, амфитеатр, фавворалар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ҳунармандчилик дўконлари ташкил этилди. Боғнинг марказий қисмида муҳташам бадиий обида – Мустақиллик монументи барпо этилди.
Маълумки, эл-юртимиз ўз ўтмиши давомида шонли воқеаларни, турли синов ва қийинчиликларни, зафарли даврлар билан бирга, фожиали кунларни ҳам бошидан кечирган. Мустақиллик монументида булар бадиий акс эттирилган. Мажмуада буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ҳамда мутафаккирлар, жадид боболаримизнинг ўлмас сиймолари акс эттирилган. Ўзбекистоннинг собиқ мустабид тузум давридаги оғир ва машаққатли ҳаёти, қатағон сиёсати, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорат ва матонати таъсирчан лавҳаларда ифодаланган.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлини акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ёдгорлик юртимизда янги Ўзбекистонни – учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси билан уйғун ҳолда барпо қилингани айниқса аҳамиятлидир. Унда миллий давлатчилигимизнинг рамзи бўлган Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг мовий гумбази, юлдузлар оламига қараб юксалган Мирзо Улуғбек расадхонаси, дунё илм-фани ва цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккир боболаримизнинг энг нодир илмий кашфиётлари ўзининг бор маҳобати ва шукуҳи билан кўз олдимизда намоён бўлиб турибди. Тинчлик ва эркинлик, эзгулик ва фаровонлик тимсоли бўлган, кўкда мағрур парвоз қилаётган Ҳумо қуши тасвири монументнинг энг юқори қисмида – бамисоли унинг гултожи бўлиб ўрин эгаллаган.
“Мустақиллик монументи она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида сифатида қад ростлади. Монумент пойига битилган: “Халқимиз тарихида эзгу из қолдирган барча аждодларимиз доимо қалбимизда”, деган чуқур маъноли сўзлар ота-боболаримиз хотирасига бугунги авлодларнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромини англатади”, деганди юрт етакчиси Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументининг очилиш маросимида.
Бугунги кунда ушбу маскан халқимиз ардоғидаги қадамжолардан бирига айланиб улгурди. Юртимизга келаётган юқори мартабали меҳмонлар ўз ташрифларини айнан Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйишдан бошлашларининг ҳам рамзий маъноси бор.
Яқинда Самарқанд шаҳрида бунёд этилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилиши миллионлаб юртдошларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини янада юксалтирди.
“Буюк ипак йўли” мажмуаси Ўзбекистоннинг дунёга кенг очилаётган яна бир дарвозаси, десак, айни ҳақиқат бўлади”, деди мажмуанинг очилиш маросимидаги нутқида Президентимиз.
2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан катта амбицияли лойиҳа бошланди – Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида, 212 гектар майдонда улкан мажмуа қуришга киришилди. Аввало, тажрибали меъмор ва муҳандислардан иборат халқаро жамоа жалб этилиб, пухта лойиҳа ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари бу ерга бир неча марта келиб, қурилишни миллий меъморчилик анъаналаримиз ва одамларга қулайлик жиҳатидан такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди. Бунёдкорлик ишларида малакали қурувчиларимиз билан бирга Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг етук мутахассислари иштирок этишди.
Ушбу янги кўркам мажмуага “Буюк ипак йўли” деб ном берилгани замирида чуқур маъно бор: асрлар давомида Хитойнинг қадимий Сиан шаҳридан бошланиб, дунёнинг кўплаб мамлакатлари ҳудудидан ўтган ва кўҳна Римга қадар етиб борган бу улкан савдо йўли жаҳон халқлари ўртасидаги иқтисодий, маданий-маърифий мулоқот воситаси бўлиб келган. Азим Самарқанд эса, Буюк ипак йўлининг асосий манзилларидан бири бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз.
“Боқий шаҳар” мажмуаси, унинг теварагидаги катта майдонни эгаллаган, энг замонавий талабларга жавоб берадиган кўркам бинолар, Улуғбек астрономия мактаби вакилларининг тадқиқотлари натижаси бўлган буюк мерос – “Зижи жадиди Кўрагоний” тимсолидаги кўркам амфитеатр, қадимий Самарқанднинг бетакрор қиёфасини гавдалантирган обидалар, муаззам туризм маркази, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз номидаги меҳмонхона, янги “Samarqand city” манзаралари ҳар қандай кишини ҳайратлантиради, ҳаяжонга солади. Шубҳасиз, буларнинг бари яна ўз мавқеига қайтаётган, халқимизнинг буюк тарихи ҳамда бугунги фаровон замонни ўзида уйғунлаштирган Самарқанд дунёдаги энг қадимий, энг гўзал ва обод шаҳар, “Ер юзининг сайқали” сифатида ўз ўрнини янада мустаҳкамлашига хизмат қилади.
Бу кўп тармоқли марказ таркибида 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс холл, “Боқий шаҳар” мажмуаси, амфитеатр ва кўплаб бошқа иншоотлар бор. У йилига 2 миллион туристга хизмат кўрсатиши мумкин. Бу ерда қадимий бозор, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандчилик устахонаси ташкил этилган. Унда усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнларини сайёҳларга намойиш этади.
Шуни ҳисобга олиб, янги марказдаги биноларда Буюк ипак йўли даврига оид тарихий манзаралар ҳам акс эттирилди. Масалан, “Боқий шаҳар” мажмуаси безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилди. Шу сабабли ана шу давлатларнинг элчилари ва хорижий сайёҳлар ҳам ушбу тасвирлар билан танишиб, ўз юртлари тарихини шу ерда кўргандек бўлишади.
Мажмуадаги замонавий меҳмонхоналар ва Конгресс холл йирик анжуманлар ўтказиш учун ҳам шароит яратади. Яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви каби нуфузли халқаро тадбирлар шу ерда бўлиб ўтади. Келгуси йилда эса қадимий шаҳримизда Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув Кенгашининг йиллик йиғилиши ва Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси ҳам ўтказилади.
Президентимиз бу каби лойиҳаларни Бухоро шаҳрида, юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга ошириш режалаштирилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Зотан, бунёд этилаётган мана шундай улуғвор обидалар, осмонўпар бинолар ҳамда аҳоли учун барча қулайликларга эга “Янги Ўзбекистон” массивлари ватандошларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларни юксалтириш, инсон қадрини улуғлаш каби эзгу ғояларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодасидир.
Тарихий қадамжоларни тиклаш, янгиларини барпо этиш билан бир қаторда, кейинги йилларда замон талабига жавоб берувчи турли кўринишдаги марказларнинг қад ростлаётгани юртимиз ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлашига замин яратмоқда. Қутлуғ байрам арафасида кўплаб ана шундай иншоотлар қатори пойтахтимизда бунёд этилган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида қурилган янги бинолар ҳам фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбари мазкур мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйиб, ўтган йили декабрда бунёдкорлик ишларини кўздан кечирган эди. Бугунги кунда 20, 22, 25 қаватли бинолар ва конференция зали қуриб битказилди.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки бу борада етакчи. У биринчи бўлиб икки қаватли бинода очилган эди. Бугунги кунда осмонўпар, муҳташам мажмуага айланди. Ушбу IT-паркнинг резидентлари, хизматлар тури ҳам кўпайиб бормоқда. Жорий йилнинг 6 ойида улар томонидан 53 миллион долларлик хизматлар экспорт қилинган. Йил якунигача бу кўрсаткич 100 миллион доллардан ошиши кутилмоқда. Аҳамиятлиси, мазкур иншоотлар муаллифлик технологиясига асосланган янги турдаги қурилиш конструкцияси асосида қурилмоқда. Юқори сейсмик чидамлиликка эга. Ҳар бир бино видеокузатув тизими ҳамда юқори технологияли ёнғин хавфсизлиги ускуналари билан жиҳозланган.
Замон шиддат билан ўзгариб бормоқда. Янги авлод – янги Ўзбекистон авлоди етишиб келмоқда. У кечаги куннинг замондан ортда қолган билимларини эмас, бугуннинг энг янги билимларини ўзлаштираётган ёшлардир. Янги ўқув масканлари, тиббий масканлар, йўллар, хиёбонлар, транспорт ечимлари, сўнгги ютуқларга асосланган қурилишлар – барчаси халқ фаровонлигига йўналтирилган бўлиб, ислоҳотларнинг пировард натижаси инсон қадр-қимматининг улуғланишига қаратилган. Бундай эзгу ва хайрли ишлар янги Ўзбекистон дунёда ўз анъаналари, меҳнатсевар кишилари ва янгиликка интилувчи мутахассислари билан ўз улуғвор мақсадлари сари азму шижоат билан илгарилаб бораётганининг ёрқин мисолларидир.




