Тошкентнинг бугунги шамойили ўтмишидан салобатли, ҳозирги янгиланишлари эртасидан даракдир. Яқинда Қурилиш вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган пресс-тур жараёни бунинг исботи бўлди. Иштирокчилар мустақиллик шодиёналари арафасида фойдаланишга топширилган Тошкент архитектура-қурилиш институти, Қурилишда стандартлаштириш республика марказининг комплекс синов лабораторияси ва Мирзо Улуғбек туманида қад ростлаган IT-паркнинг янги биноларини бориб кўришди.
ЗАМОНГА ҲАМНАФАС ИНСТИТУТ БИНОСИ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий ўқув юртларининг реконструкцияси ва моддий-техник базасини янгилашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу ўринда Тошкент архитектура-қурилиш институтининг ҳақиқий меъморчилик анъаналари уфурган янги ўқув биноларининг фойдаланишга топширилиши катта воқелик бўлди. Шунга монанд, пресс-тур қатнашчиларининг дастлабки манзили ана шу жой бўлди. Институт биноси миллий қиёфада қад ростлаган, бежирим устунлари, бинонинг том қисми шарқона кўринишда бўлса, ички ўқув корпуси, талабалар турар жойи замонавий қулайликларга эга экани билан ажралиб туради.
– Президентимизнинг тегишли қарори асосида қуриш ишларини олиб бориш учун майдон ажратилиб, ишлар бошланганди, – деди Тошкент архитектура-қурилиш институтининг Молия-қурилиш ишлари бўйича проректори Асадулла Иргашев. – Босқичма-босқич қуриш ишлари ниҳоясига етмоқда, бош бино, 2 500 нафар талабага мўлжалланган ўқув биноси, 1 500 ўринли қўшимча ўқув биноси, ошхона, ёпиқ ва очиқ спорт майдончалари ташкил этилди. Талабаларга қулайлик яратиш мақсадида институт ҳудудида 396 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. Айтиш керакки, 1,6 миллион АҚШ долларилик жиҳозлар билан таъминланган лаборатория хоналари ўқитувчи ва талабаларга қулайликлар яратади. Шунингдек, институтнинг қўшимча биноларига ҳам ўқув-лаборатория хоналари жойлаштирилиб, ходимлар ихтиёрига топширилади.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2020 йилдаги мазкур олий ўқув юрти биноларининг қурилиши билан танишуви давомида таклифлар берилган эди. Ўтган вақтда улкан бинолар қад ростлаб, талабаларни қабул қила бошлади.
Институт биноларини кўрииш жараёнида янги замонавий технологиялардан унумли фойдаланилгани яққол кўриниб турибди. Кенг қамровли лаборатория хоналарида темир арматураларнинг чидамлилигини, бетоннинг бардошлилигини аниқловчи илмий текширув мосламаларининг турфа шакллари ўрнатилган. Лабораториянинг Қурилиш механикаси ва иншоотлар зилзилабардошлик кафедрасида иш олиб бораётган бўлажак илмий ходимлар ва ўқитувчилар диққатни тортди. Уларнинг иш жараёнини кўриб, миллий қурилиш соҳасининг умидбахш келажагини кўргандек бўлади, киши.
– Қурилиш механикаси, материаллар қурилиши фанидан дарс ўтаман, – деди ўқитувчилардан бири. – Янги лабораторияда машғулотларни амалиётда олиб бориш учун барча шароитлар мавжуд. Илгари бундай қулайликлар бўлмагани сабабли тажриба ишларини бошқа лабораторияларда синовдан ўтказишга мажбур бўлардик.
БОШ РЕЖАЛАР – ТАРТИБЛИ ШАҲАРНИНГ АСОСИ
Пресс-тур иштирокчилари “ToshkentboshplanLITI” жамоаси билан танишиб, шаҳарсозлик ва урбанизация масалалари бўйича олиб борилаётган ҳаракатлар тўғрисида маълумот олишди, бош режаларни ишлаб чиқиш жараёни ва макетлар, институт масъуллари туркиялик мутахассислар билан Тошкент шаҳрининг Бош режасини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик ишлари билан танишилди.
– Биз бу жойни ҳаёт лабораторияси деб атадик. Боиси, илғор технологиялар айнан шу ерда ҳаётга татбиқ этилади. Ҳозирда ўзбек мутахассислари билан бир қаторда, германиялик ва голландиялик экспертлар билан ҳам ҳамкорлик қиляпмиз. Тошкентни архитектуравий жиҳатдан ривожлантиришда унинг ўзига хос маданияти ҳам инобатга олинади. Шу кунларда “ToshkentboshplanLITI”да ишларимиз қизғин босқичга чиққан. Режаларимиз мутасаддиларга маъқул бўлганидан мамнунмиз. Бу ерда шаҳар ренесансини яратамиз. Ана шу жараёнларда ўзбекистонлик ёш салоҳиятли мутахассислар билан бир сафда меҳнат қилаётганимиз эътиборга молик. Тошкент шаҳрини лойиҳавий жиҳатдан такомилига етказишда аввало, экологик жиҳатга катта эътибор қаратилмоқда. Қулайлик ва хавфсизлик ҳам бирламчи масала. Ўзбек қурувчи дизайнерлари билан Тошкентни турли рангларда кашф қиламиз, – деди туркиялик урбанист.
“Ақлли шаҳар” тушунчасига ёндашувлар хилма-хил, бироқ у доим технологиялар билан бойитилган аҳоли яшаш пунктини англатади. Бундай технологияларнинг моҳияти тушунарли – қурилмалар ўзаро алоқада ташқи олам билан инсон иштирокисиз, аммо унинг фаровонлиги йўлида хизмат қилади. Унинг мақсади – шаҳарликлар ҳаётини қулайроқ ва хавфсизроқ қилиш, шунингдек, шаҳар молия маблағлари ва ҳудудини тежашдан иборат. Келажакнинг идеал ақлли шаҳрида ҳар бир қадамда аҳолини технологиялар кутиб олади. Улар ягона экотизимни ҳосил қилади ва инсон ҳаётининг барча жиҳатлари учун жавоб беради.
IT-ПАРК – МИЛЛИЙ ТЕХНОЛОГИЯ МАРКАЗИ БЎЛАДИ
Пресс-турнинг кейинги манзили Мирзо Улуғбек туманидаги IT-паркнинг янги бинолари бўлди. Айтиш ўринлики, техно паркнинг бинолари 1 МВт қуёш электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга технология билан таъминланган бўлиб, иншоотлар самарадорлигини баҳолаш бўйича халқаро “яшил” стандарт – “Брееам” сертификатига эга.
Жорий қурилишларнинг кейинги даврида босқичма-босқич 15 дан ортиқ иншоот, жумладан, 20, 25 қаватли офис бинолари, 22 қаватли меҳмонхона, университет, конференция зали, коворкинг маркази ва бошқа объектлар барпо этилади. Бинолар 9 баллдан юқори зилзилага чидамли бўлади. Қурилишнинг умумий ер майдони – 356 000 квадрат метр бўлиб, уч қаватли ер ости автотураргоҳига эга. Мазкур автотураргоҳ сиғими – 3 000 та автомобилга мўлжалланган бўлиб, биноларнинг уч қаватдан иборат цокол қисмидан ўрин олган.
– Ҳозирги пайтда IT-парк лойиҳасининг 2 лотида қурилиш ишлари тугалланди, – деди ҳудуд техник назоратчиси Алибек Жабборов. – Мазкур лотлардаги дастлабки икки бинонинг қурилиши тугалланиб, айрим қисмлари фойдаланишга топшириляпти. Бу бинолар маълум ташкилотлар учун офис ва хизмат кўрсатиш марказлари ўрнида фойдаланишга мўлжалланган. Айтиш керакки, иншоотларнинг ҳар бирида тўрттадан лифт, цокол қисмида автотураргоҳ фаолияти йўлга қўйилган. Сўнгги йилларда қурилаётган биноларнинг қувват сарфи доимий эътиборда бўлиб, улар хавфсизликни ошириш мақсадида ёнғин ҳолатлари учун автоматик ўт ўчириш тизими билан таъминланган.
ҚУРИЛИШДА ЛАБОРАТОРИЯЛАР НЕГА КЕРАК?
Бугунги кунда қурилиш жараёнларида қурилиш материалларининг сифат даражасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Бу ўсиб бораётган қурилишларда фойдаланилаётган маҳсулотларнинг самарадорлигини таъминлайди. Иштирокчиларнинг Қурилишда стандартлаштириш республика маркази тизимидаги комплекс синов лабораториясига ташрифи чоғида мазкур масалалар юзасидан мутасаддилар томонидан тушунтиришлар берилди.
Лабораторияда 200 дан ортиқ синов-тажриба амалиётларини бажариш учун қулай имкониятлар яратилган. Янги қиёфада қад ростлаган марказ замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Қурилиш объектларини таъмирлаш, қурилиш материаллари, конструкциялар, ускуналар, машина ва механизмларни тизимлашган рўйхати, яъни қурилиш ресурслари классификаторини тўғри ва мукаммал юритиб бориш лозимлиги боис мазкур комплекс лаборатория ҳам айнан ушбу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Бу ердаги ҳар бир жараён реал вақт режимида таҳлил қилинади, изланишлар олиб борилиб, инновациялар ҳаёт юзини кўради. Бунда эса аналоги кам учрайдиган, юқори технологик имконият ва аниқликка эга лаборатор ускуналарнинг аҳамияти катта. Ҳозирда мазкур лаборатория имкониятларидан Ислом цивилизацияси маркази қурилишларида фойдаланилмоқда.
Мамлакатимизда қурилиш саноатнинг ажралмас бўлагига айланди. Йирик бунёдкорлик жараёнлари амалда ўлкамизнинг иқтисодий томондан изчил ривожланиб бораётганидан даракдир. Мазкур тадбир давомида йиғилганлар бунга ишонч ҳосил қилишди. Шунингдек, иштирокчилар қурилиш соҳаси мутасаддиларидан соҳада амалга оширилиши кўзланган режалар, амалий ҳаракатлар ва лойиҳалар тўғрисида маълумотлар олишди.




















