Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш ва юқори малакали кадрлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур қарорда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш, бугунги талаб ва таклиф асосида имкониятларни кенгайтириш Саноат энергетика гуруҳининг асосий вазифаси ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб айтганда, Саноат энергетика гуруҳи томонидан ўтган олти ой мобайнида қандай ишлар бажарилди ва салмоқли ютуқларга эришилдими? ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ушбу савол билан Саноат энергетика гуруҳи ижрочи директори Тўлқин
ЮСУПОВга юзланди. Албатта, нефть-газ соҳасида юқори натижадорликка эришишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ушбу тармоққа қаратилаётган эътибор ва ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этади, – деди Т. Юсупов. – Бугунги кунда Саноат энергетика гуруҳи айнан шу ислоҳотлар ижросини таъминлашга катта аҳамият қаратмоқда. Шу ўринда айтиш керакки, Саноат энергетика гуруҳи 2030 йилгача нефть қазиб олишни кўпайтириш бўйича давлат дастури ижрочиси сифатида Ўзбекистондаги энг йирик вертикал интеграциялашган нефть-газ компанияларидан биридир. Компаниянинг стратегик мақсади углеводород хомашёсини чуқур қайта
ишлаш ва юқори сифатли нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимиз ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришдан иборат. Жорий
йилнинг биринчи ярим йиллик натижаларига кўра ҳисобот даврининг асосий кўрсаткичлари Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариш
унумдорлигининг оширилиши, нефть маҳсулотларини сотиш ҳажмининг кескин ўсиши, суюқ углеводородлар ва газ қазиб чиқаришнинг кўпайиши ҳисобланади.
Асосий ўсиш кўрсаткичлари таҳлилига кўра, суюқ углеводородлар қазиб чиқариш 305,2 минг тонна, газ қазиб чиқариш 723,2 миллион метр куб, Фарғона НҚИЗда қайта ишлаш ҳажми 650,5 минг тонна ва нефть маҳсулотларини сотиш ҳажми 502,7 минг тоннани ташкил этди. Шунингдек, ушбу заводда нефть хомашёсини қайта ишлаш ҳажми 650,5 минг тонна бўлиб, 2022 йилга нисбатан ўсиш суръати 61 фоиздир. Бу компанияга 502,7 минг тонна нефть маҳсулотлари сотиш имконини берди ва бу ўтган йилга нисбатан 73,3 фоиз кўп, дегани. Аҳамиятлиси, Ўзбекистон иқтисодиёти учун 208 минг тоннадан ортиқ дизель ёқилғиси ва 168 минг тоннадан
ортиқ бензин етказиб берилди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги истеъмолчиларни нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида компания томонидан 2023 йил апрель ойида “Тошкент” халқаро аэропортидаги ёқилғи қуйиш мажмуаси ҳудудида нефть маҳсулотларини сақлаш ва тарқатиш терминали фойдаланишга топширилди. Бугунги кунга қадар терминал орқали 30 минг тоннадан ортиқ нефть маҳсулотлари етказиб берилди.


