|

|

2026 йил 28 Апрель, Сешанба
spot_img

37 йиллик меҳнат маҳсули

Муҳим хабарлар

Эскидан қулоғимизга ўрнашиб қолган бир нақл бор: дарахт бир жойда кўкаради. Ҳа, инсон сабри кўп ҳикматлар сўнггига қадар етаклаб боради бизни. Бугун ҳам шундай сабрли қаҳрамонимиз ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Инсон қалбини ифодалашдай нозик вазифа бўлмаса керак, оламда. Куни кеча мустақиллигимизнинг 32 йиллиги арафасида тақдирланган бир қанча юртдошларимиз орасида бир киши эътиборимизни тортди.
“Шуҳрат” медалига лойиқ кўрилган қаҳрамонимиз оддий ҳайдовчи. Бутун қалби билан ўз ишига муҳаббат туйган фидойи инсон. Бу инсон билан суҳбатлашиб, унинг самимий қувончи, сўзларидаги ҳаяжондан беихтиёр кўнглингиз ёришади.
Али Норқулов 1965 йил Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатиб, 1983-1985 йилларда ҳарбий хизматни ўтади. Армиядан қайтгач, бир ишнинг бошини тутишга шай турган қаҳрамонимизнинг йўли республикамизнинг энг йирик цемент заводига тушади. Шу даврдан бошлаб, қаҳрамонимиз ҳаётида катта саҳифа очилди. Шундан буён ҳозирга қадар у “Qizilqumsement” акциядорлик жамиятининг “БелАЗ” ҳайдовчиси вазифасида ишлаб келмоқда.
Али ака бу ҳақда шундай эслайди:
− Илк бор “БелАЗ” машинасини кўрганимдаёқ менга ёқиб қолганди. Ҳеч бир иш тасодиф эмас эканки, шу-шу “БелАЗ” ҳайдовчисига айландим. 37 йил давомида қалбимда не-не ҳиссиётлар, орзулар кечмади дейсиз. Тўғри, ҳамманинг ҳам улкан марраларга эришгиси келади. Аммо ҳар доим истаганимиз бўлавермайди. Машинанинг кичкина кабинкасида ўтириб, бундай юксак мукофот олиш хаёлимга ҳам келмаганди. Одатда кечаси ишлаймиз. Ҳар хил кун бор: бирда совуқ бўлса, бирда иссиқ. Тун оғушида ўзингиз-ўзингиз билан гаплашиб ишлайверасиз. Аммо ҳеч қачон нолимайман. Президентимизга минг раҳмат, бу мукофотни олганимдан бошим кўкка етди. Ҳамма чарчоқларим чиқиб, ҳаётга нисбатан шукроналик ҳисси ортди. Фаолиятим давомида баъзан ойлаб маошсиз, дам олмасдан ишлаган пайтларимиз бўлди. Аммо ота-онам сабр қилишимни, дарахт бир жойда кўкаришини таъкидлашарди. Уларнинг сўзини тутиб, амал қилиб, кам бўлмадим. Али ака билан қисқа фурсатли суҳбатимиз мазмунли бўлди. Ўзи оддийгина телефон тутсада, фарзандларини олий маълумотли қилаётган бу фидокор, оқкўнгил инсон ҳар қанча эътирофга лойиқлигига амин бўлдик. Йиллар давомида ўз йўлидан оғишмай, касбига, йўлига сабр қиладиган инсонлар кам. Бу айни замон кишилари, ёшларига жуда катта ибратдир. Бугун рассом бойибди деса, расм чизиб кетадиган, савдогар бой бўлади деса, ўзини савдога урадиган, фақат пулнинг кетидан юрадиганлар кўпайган замонда Али акадай инсонлар ноёб бўлиб бормоқда.
Демак, ҳар бир инсон ўзига аталган йўл учун масъулдир. Сиз қайси соҳа мутахассиси бўлсангиз, уни мукаммал эгалланг. Шундагина ҳақиқий соҳа вакилига айланасиз. Али аканинг келажакдаги ишларига омад тилаймиз. Ўйлаймизки, ушбу эътирофдан кейин у янада ғайрат билан ишлаб, катта марралар сари интилишда давом этади.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img