Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уйжой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида тармоқ тизимидаги корхоналар, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ёшлар ўртасида ўтказилиб келинаётган “Энг яхши ишчи касб эгаси” танловининг “Ғишт теришумумқурилиш ишлари устаси” ҳамда “Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси” номинациялари бўйича республика босқичи бўлиб ўтди. Ёшларни ҳар жиҳатдан етук мутахассис бўлиб камол
топишига бўлган интилишини қўллаш, уларнинг истеъдодини намоён қилиш, танлаган касбини аниқлаш ва рағбатлантириш, маҳорат малакасини ошириш мақсадида ташкил қилинган ушбу танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларида қурилиш ташкилотлари, касб-ҳунар коллежлари, хизмат кўрсатиш шохобчаларида фаолият
кўрсатаётган устозлар томонидан тавсия этилган 18-25 ёшдаги 200 нафардан ортиқ ёшлар қатнашдилар. Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бўлиб ўтган танловда иштирокчиларнинг маҳорати икки босқичда – назарий (тест) ва амалий (касбий-амалий топшириқлар) синовдан ўтказилди. Бу жараёнда ҳар бир қатнашчининг фаолияти давомида назарий билимларни қай даражада ўзлаштиргани ишчи гуруҳи томонидан кузатиб, баҳолаб борилди. – Коллежимизда таълим олиш ва касб сирларини ўрганишимиз учун барча шароитлар яратилган, – деди иштирокчилардан бири, Хоразм архитектура ва қурилиш техникумининг иккинчи босқич талабаси Улуғбек Тўхтабоев. – Танлаган соҳамни яхши кўраман, ўқишни
битиргач, иш жойим ҳам тайин. Чунки техникумимиз ўзим яшайдиган Боғот туманидаги қурилиш корхонаси билан ҳозирдан шартнома тузиб қўйган. Келгусида замонавий
уйлар қурилишига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман. Танлов якунида “Ғишт теришумумқурилиш ишлари устаси” номинацияси бўйича 1-ўринни навоийлик Достонбек Комилов ҳамда “Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси” йўналишида жиззахлик Акромжон Назаров эгаллаб, қимматбаҳо совғаларни қўлга киритишди. Қолган 22 нафар иштирокчининг барчаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланишди.


