Халқимизда “Бозорлар – юрт кўрки” деган гап бор. Нафақат бозорлар, балки юртдаги ҳар бир иншоот, жумладан, йўллар ҳам унинг кўрки, фаровонлигининг кўзгуси ҳисобланади. Шу маънода кейинги йилларда республикамизнинг барча ҳудудлари қатори Наманган вилоятидаги мавжуд йўлларда ҳам кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишларига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Фикримизни вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар, галдаги режа-вазифалар ҳақидаги маълумотлар билан
изоҳлашимиз мумкин. Маълумки, Наманганда умумий ҳисобда 14 минг 11 километр
автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, бунинг 3 минг 377 километри умумий фойдаланувдаги автомобиль йўллари ҳисобланади. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчалари эса жами 10 минг 634 километрни ташкил этади. Албатта, бу йўлларнинг барчаси ҳам равон йўллар эмас. Қолаверса, аксар йўллар серқатновлиги боис мунтазам таъмирни талаб этади. Шу маънода жорий йил бошида вилоятда 5351,8 км йўллар таъмирталаб, деб топилган. Бунда аҳоли мурожаатлари инобатга олинган ва улар асосида аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларни бартараф
этиш бўйича лойиҳалар йиғма параметрлари ишлаб чиқилган ҳамда чора-тадбирлар халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши қарори билан тасдиқланган. Ушбу қарор ижроси доирасида йил бошидан буён вилоятдаги 130 та маҳалла, 146 та объектда 420 км ички йўллар таъмирланган. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 майдаги қарори асосида Наманган вилояти миқёсида йўл инфратузилмасини
яхшилаш учун 123 миллиард сўм маблағ эвазига жами 112 та объектда 216,5 км узунликдаги йўлларни асфальт қоплама билан таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, бугунгача 119,3 км ички йўлларда таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган. Шу ўринда Президентимизнинг 2022 йил 18 майдаги “Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари
тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятда 2022 йил учун жами 180 км цемент-бетон қопламали ички йўллар қуриш режалаштирилганига эътибор қаратишимиз ўринли. Бу борада “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК буюртмачилигида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 51,8 миллиард сўм эвазига 72 км ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси” буюртмачилигида қўшимча ажратиладиган республика бюджети ва бошқа
маблағлар ҳисобидан 56,6 миллиард сўм эвазига 92,2 км, “Автойўлинвест” агентлиги буюртмачилигида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 31,4 миллиард сўмлик 15,8 км цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуришдан иборат буюртмачилик вазифалари белгиланган. Бугунга қадар “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси буюртмачилиги асосида 91,1 км цемент бетон қопламали ички йўллар қурилди. Савол туғилади: цемент-бетон қопламали йўлларнинг афзаллик томони нимада?
– Цемент-бетон қопламали йўллар, ўз номидан ҳам маълум, асфальт қопламаларга нисбатан мустаҳкам, бундай йўллардан 15 йилгача фойдаланиш мумкин,
– дейди “Минтақавий йўлларга буюртмачи” ДУК мутахассиси Аъзамжон Эркинов. – Қолаверса, йилнинг ҳар қандай мавсумида +5 ˚С дан юқори ҳароратда бетон қопламали йўлларни қуриш имконияти бор. Ҳар қандай асос устига ётқизилиши мумкинлиги, тунги вақтда йўл сиртининг кўриниши яхши бўлишини ҳам бундай йўлларнинг энг катта афзаллик жиҳати дейишимиз мумкин. Дарҳақиқат, Наманган вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси зиммасида автомобиль йўлларини, кўприклар ва йўл ўтказгичларни қуриш, уларни сақлаш, давлат аҳамиятидаги йўлларни куз-қиш мавсумида қордан тозалаш ва улар четига экилган ҳамда кўчатларни сақлаб туриш вазифалари бор. Бош бошқарма 2030 йилгача жами 4560,1 километр ички йўлларни таъмирлашни режалаштирган.


