Бир улуғ зот қуйидаги воқеани айтиб берган эканлар. Шайх ул-Ислом, буюк имом, шамс ул-аимма ҳазрати Ҳалвоний маълум бир сабаб туфайли Бухоройи шариф атрофидаги қишлоқларнинг бирида бир неча кун яшаганлар. Шогирдларидан Шайх ул-Ислом, Қози Абу Бакр аз-Заранжий ҳазратларидан бошқа барчалари келиб, устозларини зиёрат этдилар. Кунларнинг бирида устоз бу шогирдни учратиб қолиб:
– Нега мени зиёратимга келмадинг? – дея маломат билан кўнгилларидаги муҳаббатнинг дарз кетганига ишора қилдилар.
– Мен мунис онажонимнинг хизматлари билан машғул бўлиб, зиёратингизга кела олмадим, – деб узр сўрадилар.
– Умрингизнинг узоқ бўлишига насиба олибсиз, аммо илмингиз равнақи, дарсингиз ривожини ризқлантира олмабсиз, бу насибадан бебаҳра қолибсиз, – деган эканлар устози.
Биз ҳам қуйида бир устоз ва шогирд ҳикоясини эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Газетамизнинг аввалги сонларидан бирида фарғоналик тажрибали архитектор Исмоил Долимов билан қилган суҳбатимизни эълон қилган эдик. Ўшанда Исмоил ака ўзининг шогирди тўғрисида гапириб ўтганди. Мана, орадан вақт ўтиб, биз у кишининг шогирди билан ҳам кўришиб, суҳбатлашдик.
Бир пайтлар Исмоил Долимовдан сабоқ олган Муроджон Қурбонов ҳозирда анча йиллик тажрибага эга архитектор. 34 ёшни қарши олган Муроджон ака ҳозирда Тошкент шаҳридаги “ARCHITECTURAL ERA” лойиҳалаш фирмасида бош архитектор сифатида фаолият олиб бормоқда. Уларнинг учрашиб қолиб, устоз-шогирд муносабатига киришиши тасодифдан бошланади. Келинг, буни қаҳрамонимизнинг ўзидан эшитамиз.
– Мактабда ўқиб юрган кезларим расм чизишга қизиққаним учун турли танловларда қатнашардим, – деди Муроджон Қурбонов. – Аммо келгусида архитектор бўлиш ҳақида ҳеч ўйламаганман. Ўрта мактабни тамомлаганимдан сўнг касб-ҳунар коллежига ҳужжат топшириш учун онам билан Фарғона шаҳрига йўл олдик. Йўналишли транспортда Исмоил акани учратиб қолдик. Қўлимдаги расмларимни кўргач, у киши агар хоҳласам, коллежга кирганимдан кейин унга шогирд бўлишим мумкинлигини айтди.
Шундай қилиб, у киши сабаб архитектура соҳасига қизиқишим ортиб бораверди. Исмоил ака мени ишхонасига олиб бориб, у ердаги иш жараёни билан ҳам таништирди. Устозим чизмаларни қоғозга чизар ва уни бошқа киши компьютердаги махсус дастурга ўтказарди. Компютерга ҳам қизиқишим туфайли ўша дастурни 3-4 ой ичида ўргандим. Кейин устозимнинг чизмаларини мен дастурга ўтказадиган бўлдим.
Муроджон Қурбонов 2008-2013 йилларда Тошкент архитектура-қурилиш институтида таҳсил олади. Етарлича билим ва тажрибаси бўлганлиги боис, олийгоҳда ўқиш давомида ҳам ўз соҳаси бўйича ишлай бошлайди. Касбга тааллуқли билимларини янада кенгайтириб, олийгоҳни тамомлагандан кейин то ҳозирга қадар кўплаб жойларда архитектор ва муҳандис сифатида фаолият юритди. Хусусан, “Строй-проект”, “ЎзГАШКЛИТИ”, “Golden Project”, “Enter Tourism”, “Mabetex Group”, “AR Design” каби маҳаллий ва хорижий компаниялар шулар жумласидандир. Муроджон ака ҳозирда ҳам ўз устида ишлашдан тўхтагани йўқ. У Заҳа Ҳадид, Антонио Гауди каби етук хорижлик архитекторларнинг ишларини кузатиб, янги билимлар орттиришга ҳаракат қилади.
– Устозимдан архитектурага оид билим ва кўникмалардан ташқари, ҳаётий сабоқлар ҳам олдим, – деди қаҳрамонимиз. – У кишининг менга энг ёқадиган хислати шуки, бир ишни бошласа, охиригача битказмасдан қўймайди. Усталарга ҳам билмаганларини эринмасдан тушунтириб, керак бўлса, ўзлари ўша ишни бажариб, кўрсатиб берарди. Бундан ташқари, устозим жуда ҳам қатъиятли, яъни тўғри деб билган фикрида ҳамиша собит туради.


