Ўзбекистон Республикаси шаҳар, туман ва қишлоқ жойларида барпо этилаётган биноларнинг барчасида тўсин регил ва сейсмик белбоғлардан кенг фойдаланилади. Биноларнинг бундай конструктив элементлари бир қанча асосий конструктив қисмлардан иборат. Бу элементлар ўтган аср бошларидан буён иморат қурилишида қўлланилади. Ҳозирги кунда бино учун темир- бетон материалларидан тайёрланган тўсин регил ва сейсмик белбоғлардан фойдаланиш оммалашиб бормоқда. Бу эса темир- бетон конструкцияларининг ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётганлигини кўрсатади.
Бетонда сунъий равишда олдиндан сиқилиш ва арматурада чўзилиш кучланишларини уйғотилган темир-бетон конструкциялари олдиндан зўриқтирилган темир-бетон конструкциялари, деб аталади. Уларнинг афзалликлари шундаки, олдиндан зўриқтириш жараёнида арматура сарфи камаяди, иш унумдорлиги ошади ва барча жараён қурилиш жойининг ўзида амалга оширилади. Олдиндан зўриқтирилган темир-бетон конструкциялари асосан бинонинг эгилувчи ва сиқилувчи элементларида қўлланилади. Масалан, миноралар, қувурлар ва резервуарлар қурилишида. Олдиндан зўриқтирилган темир-бетон конструкцияларда Б20-Б60 синфли бетондан, зўриқтирилган арматурада эса A-IV, А-V, А-VI, At-V, At-VI, K-7 синфли арматуралардан фойдаланилади.

