Тошкентда зилзилабардош қурилиш бўйича халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда юртимиз ҳамда хорижий мамлакатлардан таниқли
олимлар, амалиётчи муҳандислар ва саноат вакиллари иштирок
этди.
Анжуманнинг очилишида сўзга чиққан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Даврон Адилов мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган норматив-ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида сўз юритди: – Сейсмик нормаларни қайта кўриб
чиқиш, уларни бугунги талабларга мослаштириш бўйича икки йил давомида изчил иш олиб бордик. Бугун эса ушбу жараёнлар якунига етиб, янги нормативларни амалда қўллашдек масъулиятли вазифа қаршисида турибмиз. Зеро, бугун қурилишнинг миллий иқтисодиётимиздаги улуши 14 фоизга тенг бўлиб, молиявий ифодаси 15 миллиард доллардан ошади. Демак, бу жараёнда замонавий стандартлар, илғор технологияларни жорий этиш, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

