Бугунги кунда юртимизда барпо этилаётган кўп қаватли уйларнинг аксарияти 7-9 ёки 16 қаватли уйлардир. Табиийки, беш қаватдан юқори уйларни лифтсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо баъзи сабабларга кўра, фойдаланишга топширилганига бир йил бўлмаган янги уйларга кирганимизда аксариятининг лифт мосламаси бузилгани ёки умуман ишламаётганига гувоҳ бўламиз. Ваҳоланки, кўп қаватли уйларда яшовчи ёш болалар, ногиронлар, ёши катта инсонлар учун лифт энг керакли қурилма ҳисобланади.
Қурилиш ва бунёдкорлик соҳасига жорий этилаётган рақамлаштириш жараёнида лифтлар билан боғлиқ бу каби муаммоларни бартараф этиш масаласи ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг “Саноат электротехника маҳсулотларидан фойдаланишда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ушбу маҳсулотлар устидан сифат назоратини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар
тўғрисида”ги 2023 йил 15 ноябрдаги 602-сон ҳамда “Республикадаги кўп квартирали уйларнинг лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилашда белгиланган чора тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида” 2025 йил 17 февралдаги 98-сон қарорларига асосан, жорий йил 1 майдан бошлаб “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг “Хавфсиз лифт” ягона идоралараро электрон платформаси ишга туширилди.

