Бўстонлиқнинг баланд тоғлари ўртасида, Чотқол дарёсининг серсув ирмоқлари бўйида қад ростлаётган Қуйи Чотқол ГЭС шунчаки қурилиш эмас, балки келажак авлод учун барпо этилаётган экологик тоза энергия манбаи ҳамдир. “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган бу улкан лойиҳа нафақат энергетика тизими учун янги имконият, балки технологик илғорлик ва экологик барқарорлик тимсолидир.
ГЭСнинг юраги бўлмиш тўғон бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида илк бор синовдан ўтаётган – босиб зичланган бетон (РCC) технологияси асосида барпо этилмоқда. 60 метр баландлик, 270 метр узунлик ва 7,5 метр устки кенгликка эга бу иншоот оддийгина тўғон эмас, у техникавий аниқлик ва муҳандислик маҳоратининг мажмуи ҳам ҳисобланади. Бу технология туфайли қурилиш муддатлари деярли
икки баробарга қисқаради, сув сарфини эса аниқ ва самарали бошқариш имконияти пайдо бўлади. Бетоннинг ҳар бир қатлами қатъий мезонлар асосида
тайёрланиб, машиналар ёрдамида текисланади, зичланади, мустаҳкамланади.
Иншоот қурилишига Германия, Италия ва Туркия каби давлатларнинг етакчи компаниялари жалб этилган. Масалан, цемент ишлари замонавий
автоматлаштирилган ускуналар ёрдамида, ҳатто дунёнинг исталган нуқтасидан масофадан бошқарилади. Бетоньтаркибий қисмлар эса бевосита лойиҳа
ҳудудидан олинаётган инерт материаллар асосида ишлаб чиқарилмоқда.
Яна бир ютуқли жиҳат, Ўзбекистонда илк бор тўғон ювиш галереясида М800
маркали бетон қуйилган бўлиб, бу ерда сув босими остида узоқ йиллар хизмат
қилувчи қуйма темир плиталар билан қопланган структуравий асослар барпо этилди

