Улкан сув спорти саройи ҳам замонавий ва қулай. Унда 25х50 метрли сузиш ва 25х20 метрли сувга сакраш ҳавзалари, машғулотлар учун бассейн ва тренажёр заллари бор. Барча шароитлар ва ўлчамлар халқаро олимпия стандарти талабларига жавоб беради.
Яқинда “World Aquatics” федерацияси делегацияси мажмуани кўрикдан ўтказди ва буни тасдиқлади. Яъни, бу ерда сузиш, сувга сакраш, синхрон сузиш, сув полоси бўйича қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия дастуридаги нуфузли мусобақаларни ташкил этиш имконияти бор. Уларни 2 мингдан зиёд мухлислар томоша қилиши мумкин. Давлатимиз раҳбари сув спорт турларини ривожлантириш, халқаро турнирларда натижаларни яхшилаш бўйича ўз фикрларини билдирди. Жамоавий ва яккакураш спорт турлари мажмуалари ҳам халқаро талаблар даражасида бунёд
этилган. Уларнинг ҳар бири уч қаватли, 2 минг ўринли. Жумладан, биринчисида волейбол, баскетбол ва гандбол бўйича машғулот ҳамда халқаро мусобақаларни ўтказиш мумкин. Яккакурашлар мажмуаси дзюдо, бокс, таэквондо каби
спорт турларини ривожлантиришга асос бўлади. Президентимиз шу ерда спортчилар билан суҳбатлашди.
– Халқаро мусобақаларда байроғимизни баланд кўтариб, мамлакатимиз ривожини намоён этяпсизлар. Сизнинг ҳар бир ютуғингиз халқимиз учун катта ғурур, ёшларимизга куч, далда. Бу ҳаракатларни давом эттириб, болаларни ортингиздан эргаштириб, спортимизни янада юксалтиришингизни тилаймиз, – деди Шавкат
Мирзиёев


