Зарафшон шаҳрида 85 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг давлат хизматлари олишга бўлган эҳтиёжи ҳам шунга яраша юқори. Мустақилликнинг 31 йиллиги байрами арафасида қуриб фойдаланишга топширилган шаҳар адлия бўлими биноси фуқаролар учун чинакам тўҳфа бўлди.
Икки қаватли иншоот ҳар томонлама қулай ва замонавий кўринишга эга. Унинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мазкур бинонинг қурилгани, ислоҳотларнинг амалдаги самараси сифатида аҳоли манфаати йўлида хизмат қилиши, яратилган шароитлар хусусида таъкидлаб ўтишди. Ойнадек ярқираб турган зиналардан кўтарилиб хоналарни кўздан кечирган меҳмонлар юқори таассуротга эга бўлишди.
Унинг биринчи қаватидан Давлат хизматлари маркази жой олган ва у Навоий вилоятида янги ишга туширилган ўнинчи марказ ҳисобланади. Унда ресепшен, кутиш зали, 10 та қабул ойнаси, электрон навбат, тўловлар учун касса, тиббиёт хонаси, болалар майдончаси, мутолаа бурчаги, халқ амалий санъати кўргазмаси жой олган. Шаҳар адлия бўлимининг маъмурий биносида ФҲДЁ бўлими ҳам жойлашган, янги оила қурган фуқароларни никоҳдан ўтказиш учун кенг замонавий жиҳозланган. Бундан ташқари, бинода нотариус, юридик хизмат кўрсатиш маркази ҳам жойлашган. 2-қаватда мажлислар зали, мўъжазгина музей, техник хизмат кўрсатиш каби хоналар мавжуд.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг шу даврига қадар давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 21 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган, 200 дан ортиқ юридик шахс ва 400га яқин якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилган. Эндиликда ушбу жараёнлар янада қулай шароитларда олиб борилади. Муҳими, янги Ўзбекистонимизнинг янги иншоотлари яна биттага кўпайди.


