|

|

2026 йил 17 Май, Якшанба
spot_img

“Dizayn taraq­qiyot” ХК – юртдошларимиз ишончини қозониб келмоқда

Муҳим хабарлар

Райҳона Хўжаева
Райҳона Хўжаева
2003-2007 йиллар давомида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини бакалавр, 2009 йилда магистратура босқичини тугатган. Унинг таълим-тарбия, маънавий-маърифий, қурилиш-бунёдкорлик мавзуларидаги мақолалари матбуот саҳифаларида чоп этилиб келинмоқда.

“Dizayn taraq­qiyot” хусусий корхонаси 2005 йил 26 октябрда ташкил топган. Корхона таъсисчиси ва директори Баҳодир ака қурилиш соҳасида катта тажрибага эга мутахассислардан. Объектдаги иш жараёнини кузатиб, Баҳодир акани “Қўли гул қурувчи”, “Ўз ишига виждонан ёндашадиган инсон”, “Ҳалол қурувчи” дея бежиз таърифлашмаганига амин бўлдик. Ташкил этилганидан буён корхона томонидан барпо этилган объектлар ўзининг сифати, пишиқ-пухталиги, мукаммал лойиҳаси, кўркам кўриниши билан ажралиб туради.

– Корхонамиз айни пайтда Қурилиш вазирлиги томонидан жорий этилган рейтинг тизимида BB категорияни эгаллаб турибди, – деди Баҳодир Саматов. – Фаолиятимиз давомида турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини қуришдан ташқари, жорий ва капитал таъмирлаш ишлари билан ҳам шуғулланиб келяпмиз. Доимий ишчиларимиз 90-110 нафар бўлиб, уларнинг 22 нафари олий маълумотли мутахассислардир. 90 фоиз ишчилар бизда доимий ишлайди, 10 фоизини эса шартнома асосида таклиф қиламиз. Корхона моддий-техник базасида автокран, юк машинаси, бульдозер, самосвал каби керакли техникалар мавжуд. Ўзимизда йўқларини шартнома асосида ижарага олиб ­ишлатамиз.

Қабул қилинган ҳар қандай лойиҳа устида дастлаб муҳандис-техник жамоа, яъни, ишлаб чиқариш муҳандислари – Ж. Бурханов, Б. Қодиров, директор ўринбосари Д. Бобоев, катта иш бошқарувчи Б. Жўраев, бош таъминотчи Н. Дадамирзаев, етакчи мутахассислар – сантехник А. Боймирзаев, бош энергетик М. Муҳитдинов, вентиляциячи О. Қаюмов билан биргаликда умумий муҳокама ўтказилади. Қурилишга жалб қилинадиган ишчилар, техникалар, ишлатиладиган қурилиш материаллари, қурилиш муддати, яъни, иш жадвали, техник ҳужжатлар узил-кесил ҳал қилингандан сўнг, иш бошланади ва лойиҳа ниҳоясига етгунига қадар давомли назорат остида бўлади.

Қурилиши 2019 йилда бош­ланган шаҳар клиник 1-сон шифохонасининг янги корпусидаги биринчи қаватда тўлиқ қабул бўлими бўлиб, унда раҳбар, шифокорлар ва лаборатория хоналари жойлашади. Шунингдек, шошилинч равишда келтирилган беморларни қабул қилиш хонаси ва электрон база ҳам шу қаватда бўлиши лойиҳаланган. Бинонинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қаватлари палаталар учун мўлжалланган бўлиб, ҳар бир қаватда 30 тадан койка ўрнатилади. Бешинчи қават эса операция бўлими ҳисобланади. Бинонинг ертўла қисми ҳам мавжуд, унда гардероб, архив ва инженер-техник ходимлар учун хоналар мавжуд.

– 2014 йилдан буён корхонада ишлаб келяпман, – деди иш юритувчи Шарофиддин Бобоев. – Мутахассислигим бўйича техник муҳандисман. Тошкент политехника институтининг Бино ва иншоотлар қурилиши факультетини тугатганман. Қурилишдаги фаолиятим оддий ишчиликдан бошланган бўлиб, бугунги кунда жамоадаги ёшларга билганларимни ўргатиб келмоқдаман. Ҳар бир объектда қурилишни бошлашдан аввал унинг лойиҳаси билан батафсил танишамиз. Жамоамизда ҳар бир соҳанинг ўз усталари бор. Кимдир ғишт теришнинг ҳадисини олган бўлса, кимдир моҳир бетон қуювчи. Қолаверса, устоз-шогирдлик анъанасини ҳам йўлга қўйганмиз. Ўз ишининг усталарига бириктирилган ёшлар ҳам тез орада яхши қурувчи бўлиб етишади. Битта бригадада камида 6-8 нафар ишчи-ходим бўлиб, улар ўзларига бириктирилган жамоа раҳбари билан ҳамжиҳатликда ишлашади.

Ибн Сино номли шаҳар 1-сонли клиник шифохонасининг барча корпусларини деярли “Dizayn taraq­qiyot” хусусий корхонаси қурувчилари қурган. Чунки 2011 йилдан буён шифохонанинг барча бўлимлари айнан шу корхона ишчи-ходимлари томонидан навбатма-навбат қайтадан бунёд этиб келинмоқда.

Айни пайтда даволаш корпуси билан бирга алоҳида бир қаватли бино қад ростлаяпти. Бу ерда рентген, МСКТ, МРТ, УЗД каби юқори кучланишда ишлайдиган тиббий хоналар жойлашади. Бугун тиббиёт соҳасида ҳам кластер тушунчаси қўлланилмоқда. Муассасага қўшимча равишда барпо этилаётган ушбу бино ҳам ўз навбатида турли бўлимлардан келадиган беморлар навбат кутиб қолмаслиги ва бино ичида одам кўпайиб кетмаслигини олдини олади.

Ҳозирда шифохона қурилишида 146 нафар қурувчи ишлаяпти. Ишчилар махсус кийим, ётоқ ва уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Ҳар бир жамоа ўзига буюрилган ишни маромига етказмагунча тинчимайди. Хусусан, бир неча йиллардан бери ишлаб келаётган пардозчи Иброҳим Ваҳобов, кафелчи Носиржон Дадамирзаев, сантехник Ойбек Боймирзаев, электрик Дилмурод Мухиддинов, ишчилар етакчиси Неъматжон Даминов, пайвандчи, бетончи каби мутахассислар меҳнати туфайли неча йилдирки жамоа юртдошларимиз ишончини қозониб келмоқда.

Бугун юртимиз кўркига кўрк қўшиб турган юзлаб иншоотлар корхона ишчиларига нафақат қадрли, балки уларга чексиз фахр туйғусини ҳам бағишлайди. Хусусан, Юнусобод туманидаги 840 ўринли 98-мактабнинг капитал реконструкцияси, Чилонзор туманидаги “Метроқурувчи” спорт мажмуаси қурилиши, Тошкент тиббиёт академиясининг ўқув корпусини капитал таъмирлаш, Сергели туманидаги 7 қаватли турар жой бинолари ва 61-оилавий поликлиника қурилиши, Юнус­обод туманидаги 56 ва 64-сонли оилавий поликлиникалар, Янги ҳаёт туманидаги 51-сонли мактабгача таълим ташкилотининг барпо этилиши, Олмазор туманининг Нурафшон кўчаси, Себзор даҳасидаги 5 қаватли ҳамда Сағбон массивидаги 3 ва 7 қаватли турар жой бинолари шулар жумласидандир.

Шунингдек, корхона томонидан ёрдамчи пудратчи сифатида ўтган йили пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги Самарқанд дарвоза ҳамда Юнус­обод туманидаги Янги Юнусобод кўчаларида ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Кўчалар асфальт қилиниб, йўл четида пиёдалар ва велосипед йўлакчалари қурилди ҳамда тунги ёритгичлар ўрнатилди.

Айни пайтда “Dizayn taraq­qiyot” хусусий корхонаси бунёдкорлари Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасининг маъмурий биносини мажлислар зали билан бирга қуриш ишларини олиб боришмоқда.

Ҳалол меҳнати билан юртимиз бунёдкорлигига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ушбу жамоага касб байрами муборак бўлсин!

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img