Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан Тошкент архитектура-қурилиш институтида “Гўзал юртим иморатлари пойдеворининг эгаси” мавзусида қурилиш соҳаси малакали аёл вакилалари билан талаба-қизлар ўртасида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида вазирлик Марказий аппарати, Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси масъул ходимлари, институт ўқитувчи ва талаба қизлари иштирок этдилар. Тадбирни институт Хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси, Кенгаш раиси Феруза Касимова кириш сўзи билан очиб, талабаларни янги ўқув йили билан табриклади.
Шундан сўнг, Қурилиш вазирлигининг Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Гулшана Отабаева сўз олиб, бугунги кунда аёллар жамиятнинг барча соҳасида фаол эканлигини таъкидлади ҳамда бу соҳага эндигина кириб келаётган ёшларга келгусида ўз касбининг энг маҳоратли мутахассиси бўлиш лозимлигини уқтирди.
Давра суҳбатида талаба қизлар вазирлик Бош режаларни ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи Зебунисо Юсуповадан малакали архитектор бўлиш, зафарга эришиш сирлари ва оилага масъулиятни ўрганишди. Котибият ходими Нигора Абдугафаровадан эса маънан етук, ҳурматга сазовор ходим бўлиш, аёл-қизларнинг жамоада ўзини рисоладагидек тутиши, устозларни ҳурмат қилиш каби тавсияларни тинглашди. Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси Кадрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, инспекция Хотин-қизлар Кенгаши раиси Гулбаҳор Мирзаеванинг касб машаққатлари, қандай ходим қадрли ҳисобланади, ишга қабул қилишда нималарга эътибор қаратиш кераклиги каби мавзулардаги фикрлари ҳам барчада катта қизиқиш уйғотди.
Давра суҳбати савол-жавоблар, фикр-мулоҳазалар алмашинуви ва муҳокамалар билан қизиқарли ўтди.

