Чўлда гулистон яратган қўли гул, нияти ҳамиша яхшилик бўлган инсонларнинг меҳнати билан Ёзёвон тумани йилдан йилга гуллаб- яшнамоқда. Кейинги йилларда туман аҳлининг орзулари бирин-кетин ушалмоқда.
Қўшни Наманган, Андижон вилояти билан чегарадош туман аҳли учун қисқа фурсатда Президентимиз ташаббуси билан кўркам обод кўчалар бунёд этилди. Ёзёвонликларнинг фарзандлари ватан ичра ватанли бўлди. Ватанки, остонаси меҳрдан, ғуруру фахрдан. Ўзбекистон Президентининг “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий иқтисодий ривожланишини таъминлаш чоратадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан тумандаги “Юқори сой бўйи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Марғилон, Улуғнор йўлининг шарқ томонида 65,4 га ер ажратилди. Бу массивда 138 та 5 ва 7 қаватли жами 3 856 та хонадондан иборат уйлар қурилиши бошланди. Шу билан бирга кичик саноат зонаси, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, маданият саройи, ёзги амфитеатр, поликлиника, маиший хизмат кўрсатиш ва савдо дўконлари яна бошқа кўплаб қурилишлар режалаштирилганди. Бугун бу бунёдкорлик жараёнларининг биринчи босқичи якунига етмоқда. “Марғилон Бинокор таъмир қурилиш” МЧЖ ишчилари, бунёдкор қурувчиларининг қўли қўлига тегмайди.


