Халқимиз, “Тадбиркор – тараққиёт таянчи” деб бежизга айтмайди. Хорижий технологиялар қувватидан самарали фойдаланиб, бир неча турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқараётган тадбиркорлардан бири – “Нурли тўлқин” МЧЖ компанияси раҳбари Хуршид Тўраевдир.
Серғайрат ва аҳди қатъий киши ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишга қодир эканини у амалга ошираётган ишлар мисолида кўриш мумкин. Икки йил аввал 4 млн АҚШ
доллари миқдоридаги маблағ ўзлаштирилиб, йилига 460 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган технология асосида асфальт заводи, битум-
эмульсия ҳамда минерал кукун тайёрлайдиган кичик заводларни қуриб, шартнома асосида қурилиш ташкилотларига етказиб бермоқда. Ҳозирги кунда тадбиркор
ишга туширган корхоналарда 450 нафар киши доимий иш билан таъминланган.
Иқтисоди бақувватнинг имкониятлари ҳам шунга муносиб бўларкан. Илк фаолиятини кичик цехдан бошлаган мазкур компания жамоаси маҳаллий хомашёдан қурилиш материаллари тайёрлаш бўйича етти йил оралиғида вилоятда етакчилардан бирига айланди. Замонавий лойиҳалар татбиқ этилгани шарофати билан қисқа вақт оралиғида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ва Ғаллаорол туманларида 6 та тош майдалаш, 1 та қумни қайта ишлаш корхонаси қурилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, “Нурли тўлқин” ёрлиғи билан ишлаб чиқарилаётган сифатли материаллар қўшни вилоятдаги буюртмачиларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Тадбиркор буни ҳисобга олиб, Сирдарё вилоятида ҳам асфальт заводининг филиалини ишга туширди. Айни пайтда бу корхонада 60 нафардан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.

