Ҳозирги глобаллашув жараёнида дунё мамлакатлари иқтисодиётининг жадал ривожланиши кўпроқ унинг тармоқ ва соҳаларига сунъий интеллект технологиялари (СИТ)нинг кенг жорий қилинишига боғлиқ бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, сунъий интеллектга қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, ривожланган мамлакатлар СИга асосланган ҳолда янги ишланмалар ва лойиҳаларда бир-бири билан рақобатлашмоқда. Шунингдек, бутун институтлар, илмий парклар ва юқори технологияли корпорациялар ҳамянги технологияларни ишлаб чиқишга кўпроқ эътибор қаратмоқда.
Аксарият манбаларда талқин қили- нишича, сунъий интеллект (АI, Artificial Intelligence) – бу компьютер тизими томонидан бошқариладиган техник қурилма ёки роботнинг инсон ақли томонидан ҳал қилиниши мумкин бўлган вазифаларни бажариш қобилияти, деган маънони англатади. Бундай қурилмалар ёки тизимлар инсон онгига хос хусусиятларга эга бўлиши керак. Яъни фикрлаш, фикр юритиш, қарор қабул қилиш, танлаш имконияти ва бажарилган ишлар асосида тажриба орттириш кабилар.
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакат иқтисодиёти тармоқларида виртуал ва тўлдирилган реаллик, СИ, криптография, машина, катта маълумотларни таҳлил қилиш, “булутли” ҳисоблаш технологияларидан фойдаланиш имкониятларини ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш, иш жойларини босқичма-босқич автоматлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини роботлаштириш, шунингдек, СИТни жорий этиш, олий таълим муассасаларига тегишли соҳаларда “Буюмлар интернети”, робототехника, СИТни қўллаш ва ўрганиш бўйича лабораториялар, шунингдек, хорижий корхоналарни ушбу соҳага жалб қилишни ташкил қилиш каби устувор вазифалар белгилаб берилган.

