Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган
асосий мақсад – инсон манфаатларини таъминлаш, халқ розилигига эришиш
ва давлат бошқарувида фуқароларнинг бевосита иштирокини кенгайтиришдир. Бунинг энг яққол ифодасини “Ташаббусли бюджет” дастури мисолида кўришимиз мумкин. У орқали фуқаролар ўз ҳудудидаги
долзарб муаммоларни ўзлари белгилаб, овоз бериш орқали уларга ечим таклиф қилмоқда. Шу билан бирга, ҳар бир муваффақиятга жамоавий масъулият ва саъй-ҳаракат туфайли эришилмоқда.
Мазкур дастур халқнинг жипслиги, ўзаро ҳамжиҳатлиги ва фаоллиги асосида шаклланмоқда. Аҳоли нафақат муаммони кўтармоқда, балки унинг ечимини топишда, амалга ошириш жараёнида ва назорат босқичида ҳам фаол иштирок этяпти. Бу эса жойларда ижтимоий бирликни мустаҳкамлаш, масъулият ҳиссини ошириш ва “менинг овозим ҳал қилувчи куч” деган қарашнинг қарор топишига хизмат қилмоқда.
Фуқаро эндиликда томошабин эмас, балки қарор қабул қилувчи фаол иштирокчига айланмоқда. Бундай ёндашувнинг самаралари 2024 ва 2025 йилларда олиб борилган ишлар мисолида яққол намоён бўлди.

