Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, анъаналари, одатлари, турмуш тарзи бўлади. Одамларнинг меҳнат фаолияти ҳам шунга қараб шаклланган. Масалан, Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида кўпчилик узумчилик билан шуғулланади. Ҳатто кўчасида ҳам офтоб тушиши мумкин бўлган тангадек жойни топа олмайсиз. Боиси, бир қарич бўш ер топилса ҳам ток етиштирадилар. Асака туманидаги Ахтачи маҳалласида барчанинг юмуши иссиқхонадан иборат. Баҳорда кўчат етиштиришади, йилнинг қолган қисмида помидор ва бодринг парвариши билан бандлар. Бунинг ортидан оиладаги барча меҳнат билан банд бўлиб келмоқда.
Марҳамат туманида эса деҳқончилик, ҳунармандчилик, тадбиркорлик ривожланган. Яна бир хусусияти шундаки, бу манзилда хотин-қизлар орасида қурувчилик соҳасида ишловчилар кўпчиликни ташкил этади. Шундай маҳаллалар борки, уларда истиқомат қилувчи опа-сингилларимизнинг 70 фоизи шу соҳада фаолият юритади. Зулхумор Абдуллаева ана шундай аёлларданбири. Қизиқ, аёлларга хос бўлган касб-ҳунарлар
турганда, нега бу опа-сингилларимиз қурувчилик қилмоқда? Оғир юк кўтариш, қишнинг совуқ кунларида ҳам очиқ ҳавода ишлаш, чанг ютиш..
Бу каби жиҳатларнинг нимаси қизиқ?
– Овсиним Қундузхон сувоқчи эди, – деди қаҳрамонимиз суҳбатда. – Бундан 15 йил муқаддам унга ҳавас қилиб, бирга ишлашга қарор қилдим. Устозим Фотима опа сувоқчилик сирларини ўргатди. Қарасам, қизиқарли касб экан. Тасаввур
қилинг, кўримсиз деворга ишлов бериш орқали эътиборингизни жалб қиладиган ҳолатга келтирасизда, уни ўзингиз ҳам ҳузур билан томоша қиласиз. Бу ишингиз қанчадан-қанча одамларнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Аёл кишилигим боисми, ҳар бир ишда гўзалликни кўргим келади. Шунинг учун қурилиш соҳасидаги ишларимиз ҳам сифатли бўлишини истайман. Касб сирларини пухта ўзлаштирган аёл бундан ўн йил муқаддам хотин-қизлардан иборат қурувчилар жамоасига асос солди. Дастлаб, аҳоли буюртмасига асосан иш юритган бўлса, кейинчалик “Марҳамат қурилиш инвест” МЧЖ жамоаси таркибида ишлай бошлади. Ҳозирда опахон пардозлаш бригадаси бошлиғи вазифасида фаолият юритяпти. – Ортда қолган йиллар давомида юзлаб объектларда ишладик, – дея ҳикоя қилади Зулхумор Абдуллаева. – Марҳамат туманидаги деярли барча қурилишларда иштирок этганмиз. Бундан ташқари, вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларида фойдаланишга топширилиши керак бўл-
ган янги бино ёки таъмирдан чиқарилган эски биноларда пардозлаш ишлари билан шуғулланяпмиз. Халқимизда “Меҳнат қилган – элда азиз”, деган гап бекорга айтилмаган. Зулхумор Абдуллаеванинг самарали меҳнатлари ҳам эл-юрт эътирофига сазовор бўлди. Республикамиз Мустақиллигининг 32 йиллик арафасида давлатимиз
раҳбарининг фармонига асосан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган қаҳрамонимизнинг қувончи чексиз.


