|

|

2026 йил 25 Май, Душанба
spot_img

Қўқоннинг машҳур лойиҳачилари

Муҳим хабарлар

Абдусами Ҳақбердиев
Абдусами Ҳақбердиев
Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. 1984 йилдан республика миқёсидаги матбуот нашрларида турли лавозимларда ишлаган. “O‘zbekiston bunyodkori” газетасида 2020 йилнинг сентябрь ойидан эътиборан бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Қўқонлик Алихўжа Фозилов эллик йил бир соҳада ишлаб, тўплаган тажриба ва маҳоратини эл корига сарф этиб келмоқда. Фарғона политехника институтини тугатгач, олийгоҳда талабаларга бир неча йил устозлик қилгани, турли қурилиш ташкилотларидаги меҳнат фаолияти давомида тўплаган тажрибасини тадбиркорлик фаолиятида ҳам синашни мақсад қилиб, 2003 йилда “Qo‘qon loyiha qurilish” МЧЖга асос солган. Корхонанинг асосий фаолияти уй-жой, жамоат, саноат бино ва иншоотларни ҳамда уларнинг ташқи муҳандислик тармоқларини лойиҳалашдан иборат.

Бунёдкорлик ва ободонлаштиришга қаратилган улкан мақсадларни кўзлаган корхона жамоаси ўн тўққиз йилдирки, амалга оширган лойиҳа ишлари билан нафақат Фарғона вилоятида, балки рес­публикамиздаги бошқа вилоятларда ҳам энг яхши лойиҳа ташкилотларидан бири сифатида эътироф этилади. Жумладан, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари, Тошкент шаҳрида буюртмачиларнинг талабига кўра, улар тайёрлаб берган ло­йиҳалар асосида қад ростлаган кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий бинолар, мактаб ҳамда болалар боғчалари, йўллар шу ҳудудларнинг янада кўркамлашуви ва ободонлашишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Масалан, Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги боғ ҳудудида жойлашган 7 қаватли “Марказ” меҳмонхонаси учун тайёрланган лойиҳа юртимизнинг бошқа бирор жойида учрамайди. Бунинг асосий сабаби 20 нафардан иборат жамоада шундай бир тартибга қатъий амал қилинади, яъни, бир жой учун тайёрланган лойиҳа, қайта бошқа жойда қўлланилмайди.

Юртимиз гавҳари ҳисобланган Фарғона вилояти ва унинг таркибидаги туман-шаҳарларнинг гуллаб-яшнашида бошқалар сингари “Qo‘qon loyiha qurilish” МЧЖ жамоасининг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Хусусан, кейинги беш йилда давлатимиз томонидан тадбиркор ва ишбилармонлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган эътибор мазкур жамоани ҳам барча ишларда янада кўпроқ ҳисса қўшишга чорлаяпти. Унинг самарасини вилоятнинг Қўқон шаҳри, Данғара, Учкўприк, Бувайда каби туманларида қурилган янги ва реконструкция­дан чиқарилган мактаб, болалар боғчалари, коллежлар ло­йиҳалари мисолида кўриш мумкин.

Шулар баробарида Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университетининг 2 200 ўринли бош биноси ва шунча ўринли ётоқхонаси, Боғдод туманида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида маданият саройи, вилоят ҳокимлигининг мажлислар зали, Ёзёвон туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида қад кўтарган 400 ўринли маданият саройи, Қўқон давлат университетининг асосий бинолари лойиҳаси ҳам жамоа аъзоларининг меҳнатлари маҳсулидир.

Булардан ташқари, Қўқон шаҳридаги Шохруҳобод кўчасида жойлашган шаҳар кўп тармоқли поликлиникаси, 95 ўринли туғруқ бўлими, оилавий поликлиникалар, Фурқат туманидаги Навбаҳор шаҳарчасида жойлашган марказий шифохона ҳудудида кўп тармоқли тиббиёт муассасаси, юқумли касалликлар бўлими, 1- ва 2-вилоят руҳий касалликлар шифохоналари, Фарғона ҳамда Қўқон шаҳар наркология диспансери сингариларнинг лойиҳа-сметалари шу жамоанинг изланишлари натижасида ҳар томонлама талабга жавоб берадиган замонавий масканларга айланган.

Қўқон шаҳрининг архитектуравий кўринишини тубдан қайта қуриш ва бу ерда инфратузилма объектларини қуриш юзасидан қабул қилинган қарор ижросини таъминлашда ҳам мазкур жамоа лойиҳачилари катта ташаббус кўрсатган. Уларнинг лойиҳалари асосида бунёд этилган Ўзбекистон Респуб­ликаси товар-хомашё биржаси биноси, Шохруҳобод ва Давронбек кўчалари кесишмасида қад ростлаган 4 қаватли 32 ҳамда 12 хонадонли уй-жойлар, Фурқат кўчасидаги “Камолот”чилар учун 48 хонадонли турар жой биноси, Имом Исмоил Ал-Бухорий кўчасидаги “Кўкат” савдо мажмуаси, “Универсалбанк”нинг бош офиси, “Қўқон” меҳмонхонаси, куйловчи ҳамда кимёгарлар майдонидаги фаввораларда атрофида меҳнатдан сўнг ҳордиқ чиқараётганлар, замонавий уйларда яшаётган аҳоли, айниқса лойиҳачилардан жуда миннатдор.

Бугун жамиятимизда фаолият олиб бораётган ҳар бир корхона аҳли 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган давлат дастурлари ижросини амалда татбиқ қилишда ўз ҳиссаларини қўшиш учун астойдил киришган. Халқимизни ҳар томонлама дунёга танитиш имконини берувчи мана шу тарихий жараёнда “Қўқон лойиҳа-қурилиш” МЧЖ корхонаси лойи­ҳачилари меҳнати билан тайёрланган чизмалар асосида айни кунларда Қўқон шаҳридаги 3- ва 9-сонли ихтисослаштирилган мактабларда реконструкция ишлари бажариляпти. Шунингдек, Қўқон шаҳрининг Муқимий шаҳарчаси ҳудудида 8 та 12 қаватли, битта 16 қаватли уй-жойлар, улар атрофида мактаб, болалар боғчаси, ёшлар ҳамда катталарга мўлжалланган спорт мажмуалари лойи­ҳалари тайёрланиб, қурувчилар ишларни жадаллик билан олиб боришмоқда ва аксариятини фойдаланишга топшириш арафасида.

Лойиҳачилар қаламида шаклланган ҳар бир ижодни мўъжизага мингзаш мумкин. Чунки уни яратиш учун кези келса бир соат, баъзан, ойлар талаб этилади. Пишиқ-пухта ва мукаммал қилинганини эса буюртмачиларнинг ўзлари излаб топишади. Жорий йил бошида Марғилон шаҳридан “Қўқон лойиҳа-қурилиш” МЧЖни излаб келган буюртмачи бунга мисолдир. Гарчи, Марғилонда ҳам лойиҳа корхоналари кўплаб топилса-да, талабгор айнан мазкур жамоадан лойиҳаларни чизиб беришини сўрагани бежиз эмас. Унинг айтишича, вилоятдаги 30 дан ортиқ лойиҳага ихтисослашган корхоналарда қилинган ишларни ўрганган ва охири, мазкур корхонада тайёрланаётган лойиҳаларнинг мукаммаллиги ўзига маъқул келган. Шу туфайли Марғилон шаҳри ҳудудида ҳам 9 қаватли биноларни бунёд этишга киришилган. Ҳозирда уларнинг 4 таси қуриб битказилди, қолганларида ҳам бунёдкорлик ишлари жадаллик билан боряпти.

Эътиборли томони шуки, жамоа аҳли лойиҳа бўйича муаллифлик назоратига алоҳида эътибор қаратиб, ҳар бир объектда бажарилган ишларни ўз ўрнида лойиҳада кўрсатилгани билан таққослаб боради. Камчиликлар ёки қўшимчалар киритилса, дарҳол зарур чораларни кўради. Шунинг учун ҳам ўн тўққиз йилдирки, экспертлар томонидан жамоа бажарган лойиҳаларда бирорта эътирозлар бўлмагани корхонанинг қандай салоҳиятга эгалигидан далолатдир.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img