Фидойи инсонлар эл бошига иш тушса билинаркан. Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборида содир бўлган талафот туфайли юзага келган аянчли воқеалар бошқалар қатори “Шуҳрат” медали соҳиби, “Хоразм гранит” хусусий корхонаси раҳбари Мансурбек Маҳмудовни ҳам жабр кўрганларга уй-жойлар қуриб бериш орқали ёрдам кўрсатишга чорлади.
Жамоасининг соҳада тўплаган тажрибалари 3 та кўп қаватли уйларни муддатидан олдин қуриб битиришга имкон берди. Ишбилармоннинг бу ерда кўрганлари унга қаттиқ таъсир қилганди. Шу сабабли Хива шаҳрига келиши билан кам таъминланган ва иқтисодий ночор оилалар учун қурилиши режалаштирилган 2 та 5 қаватли иншоотни тендерда ютиб, қисқа вақт оралиғида сифатли қуриб, фойдаланишга топширди.
Саховатпеша кишининг ишлари ҳам шунга яраша юришаверар экан. Мансурбек бу борада вилоятда кўпларга ибрат кўрсатяпти, ҳар йили ишлаб топган даромадининг бир қисмини корхона ривожига сарфлаб, ундан орттирганини Хива шаҳри ва ён-атрофдаги туманларда яшаётган кўп болали, кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотганлар учун сарфлашни одатга айлантирди. Бундан ташқари, шаҳарга туташ кўчалардан бир нечтасини ўз ҳисобидан таъмирлади. Шу билан бирга, 12 та оилага бир неча йилдан буён ҳомийлик қилиб келади. Ана шулар хусусида ундан сўралганда: “Давлатимиз тадбиркорларга керагидан ҳам ортиқ шароит ва имкониятлар яратиб берган. Унинг мазмун-моҳиятида кўплаб маъно бор. Тўғри англаган киши ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратиш билан чекланмай, муҳтожларга ҳам кўмаклашади. Зеро, Президентимиз айтганларидек, фуқароларимиз ҳеч кимдан кам бўлмасдан яшаши керак”, дейди у.
Мана шу мақсадга ҳамоҳанг фаолият юритаётган жамоа аъзолари ўтган йиллар мобайнида Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи асосий йўлларни замон талабига мос равишда реконструкциялаш ишларини сифатли қилиб бажарди. Шунингдек, Урганч туманида туғруқхона комплексини қуриб, фойдаланишга топширди. Шу ҳудудда 2 та мактаб ва 2 та мактабгача таълим ташкилотларини пойдеворидан тортиб, бошқа барча юмушларини замонавий тарзда бажарганлар ҳам ана шу жамоанинг ишчи-ходимларидир. Шулар баробарида Хива шаҳридаги ёшлар учун барча жиҳозлари билан 9-сонли сунъий футбол майдони қуриб берилди.
Шу ҳудудда яшаётган ёшулли Мадиёр отанинг айтишича, авваллари меҳнатдан сўнг, кечки пайтлари одамлар қаерда ҳордиқ чиқаришни билишмас, ёшлар эса бекорчиликдан турли ножўя ишларга қўл уриб, тартиббузарликларни келтириб чиқаришган экан. Ҳозирги кунда спорт майдонида катталар ҳам бошқа маҳалладагилар билан спорт мусобақалари ўтказишмоқда. Шунингдек, ҳар ҳафтада турли қизиқарли тадбирлар ҳам шу спорт майдонида ўтказилиши анъанага айланган.
“Хоразм гранит” хусусий корхонаси қуриб, фойдаланишга топширган бу сингари кўнгилочар ва фуқароларга наф келтираётган иншоотлар вилоят ҳудудида кўплаб топилади. Бу ишларнинг аввалида корхона жамоасининг нафақат қурувчилиги, балки соҳа бўйича ижодий изланишлари ҳам мужассам.
Бугунги кунда мазкур корхона аъзолари Урганч шаҳрида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида ҳам қурилиш ишларини олиб боришмоқда. 80 нафардан иборат ишчи-хизматчилар ўзларига корхона томонидан яратиб берилган шароитлардан кўнгиллари тўқ. Ҳар бирига меҳнат дафтарчаси юритиляпти, таътилларда талабга қараб, соғлиқни тиклаш учун республикамиздаги сўлим санаторийларга йўлланмалар олиб берилади, бажарган иши бўйича 2-3 миллион сўмдан маош тўланади. Ваҳоланки, жамоада меҳнат қилаётганлардан бир неча нафари беш-олти йил аввал ишсизликдан бошқа юртларга бориб ишлаб келгани билан бири-икки бўлмасдан, рўзғор тебратиши танг аҳволга тушиб қолганини уларнинг ўзлари эътироф этишмоқда.
Тадбиркор Мансурбек Маҳмудовнинг хусусий корхонани ташкил қилишдан кўзлаган мақсади ҳам аслида бунёдкорлик соҳасида тўплаган тажрибаларини ҳаётга татбиқ этиш орқали юртдошларимиз бошқа жойларда сарсон-саргардон бўлиб юришининг олдини олишга қаратилганди. Бугунги кунда у мақсадига эришаётганидан руҳланиб, яна кўплаб янги иш ўринлари яратишга ҳаракат қиляпти. Ҳозирда эса вақтинча ишсиз юрган 20 нафар ёшларни меҳнатга жалб этиб, уларга иш ўргатяпти, яқин орада корхона яна шунча киши ҳисобига кенгайишига шубҳа йўқ. Чунки бунга аллақачон замин ҳозирланган.

