Бугун ўзбек брендлари остида жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган миллий маҳсулотлар билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Ана шундай маҳсулотларни яратишда сифат ва сон жиҳатдан ҳам юртимизда етакчи ўринда турувчи корхоналардан бири бу – “TEXNOPARK” МЧЖдир.
TEXNOPARK – 2019 йилдан буён таркибидаги мавжуд йирик корхона ва заводларда инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали Ўзбекистон номини дунёга танитишга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда юқори технологиялар, рақобатбардош, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи саноат, электротехника ва қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича топшириғининг амалий ифодаси ҳисобланган TEXNOPARK 105 гектар майдонда қурилган. Режага кўра, 17 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Бор-йуғи 3 йил мобайнида 13 та катта завод фаолияти йўлга қўйилиб, айни пайтда йирик ҳажмдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш авжида.
Энг асосийси, яратилаётган ҳар бир маҳсулот халқаро ва маҳаллий сертификатларга эга. Шу боис, барча маҳсулотлар рақобатбардош бўлиб, айни пайтда дунёнинг бир қатор давлатларига ҳам экспорт қилиняпти. Хусусан, бир неча турдаги лифтлар, саноат совутиш тизимлари, ақлли газ ҳисоблагичлар, иситиш тизими радиаторлари шулар жумласидандир.
Шунингдек, TEXNOPARKда сервис маркази фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир маҳсулотга тегишли кафолат муддати белгиланган. TEXNOGARANT маркази доимий равишда юқори сифатли сервис хизмат кўрсатишга шай.
TEXNOPARKда айни пайтда қуйидаги маҳсулотлар бир қатор брендлар остида ишлаб чиқарилмоқда:
- металл конструкциялар (“AVANT” бренди);
- PIR қатламли сендвич панеллар (“AVANT” бренди);
- лифтлар ва эскалаторлар (“OSTEN” бренди);
- саноат совутиш тизимлари ва кондиционерлар (“SHIVAKI” бренди);
- сув насослари (“LEO” бренди);
- панел радиаторлар (“LIDER” бренди);
- электрон газ ҳисоблагичлар (“OSTEN” бренди);
- эшик ва дераза ромлари учун фурнитура ва аксессуарлар;
- штамплар ва пресс-формалар (“TEXNOMOLD” бренди);
- маиший совутгичлар (“SAMSUNG” бренди);
- саноат музлатгичлар ва савдо совутгичлари (“SHIVAKI FRIGO COOL” бренди);
- кир ювиш машиналари (“SHIVAKI”, “SAMSUNG”, “ARTEL” брендлари);
- мис қувурлар ва мис маҳсулотлари ишлаб чиқариш (“UZCOPPER” бренди).
Шунингдек, TEXNOPARKда қуйма чўян ва алюмин маҳсулотлари, бўяш линиялари ва полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлимлари фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Шу йилнинг сентябрь ойида яна учта янги лойиҳа ишга туширилиши режалаштириляпти. Булар – газ қозонлари (“ФЕРРОЛИ” бренди, Италия), базалт тошидан иссиқлик ўтказмайдиган материаллар ҳамда HPL панеллари. Қолаверса, тўлиқ автоматлаштирилган логистика маркази ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.
Корхонанинг яна бир муҳим хусусияти шуки, бу ерда Марказий Осиёда ягона бўлган лифтларни махсус тестдан ўтказувчи 60 метрли синов минораси мавжуд. Ушбу минорада масалан, юк ташувчи лифтлар маълум миқдордаги юкларни ортиш орқали халқаро стандартларга мувофиқ синовдан ўтказилиб, махсус сертификат берилади. Шунингдек, эскалаторлар ҳам Марказий Осиёда фақатгина шу ерда – OSTEN бренди остида ишлаб чиқарилади.
Юқорида TEXNOPARK универсал маҳсулотлар макони, дея бежиз таърифламадик. Боиси, ундан енгил конструкцияли бинолар учун лойиҳа ишлаб чиқаришга рухсат берувчи лицензиядан тортиб, то бино ишга тушгунича бўлган барча маҳсулотларни топиш имкони мавжуд. Масалан, бир мижоз завод қуриш ниятида мурожаат қилди. TEXNOPARK унга лойиҳани ишлаб чиқиб, металл конструкциялар ёрдамида бино каркасини кўтариб, энергия тежамкор маҳсулот сифатида сендвич панеллар билан деворини қоплаб беради. Сўнгра, сув учун насос, иситиш қозонлари ва радиаторлари, совутиш ва иситиш тизимлари, лифт билан таъминлаш имконига ҳам эга.
Демак, TEXNOPARK ёрдамида ҳар қандай мурожаатга комплекс ечим топиш мумкин.
– Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистоннинг барча қурувчиларини касб байрами билан табриклаймиз. TEXNOPARK маҳсулотлари айни пайтда юртимиз ва хориждаги турли йирик объектларда ўрнатилгани ва йирик қурилиш майдонларида ишлатилиши бизга фахр бағишлайди, – деди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича директор ўринбосари Наргиз Шоисламова. – Хусусан, “ОSTEN” бренди остида ишлаб чиқарилаётган лифтларимиз “IT-PARK”, “MAGIC CITY”, “OLMAZOR CITY”, Технопарк, “Эко бозор”, Фарғона вилоятидаги “GREAT SILK ROAD” меҳмонхонаси, турар жой комплекслари, Мудофаа вазирлиги госпитали, Наманган вилоятидаги кутубхонада ўрнатилган. Бундан ташқари, “AVANT” бренди остида яратилаётган металл конструкциялар, “LEO” сув насослари, “OSTEN” газ ҳисоблагич ҳам юртимиздаги кўплаб йирик объектларда ишлатилмоқда. “SHIVAKI” бренди билан яратилаётган саноат ва ярим саноат совутиш тизимлари Темирйўлчилар санъат саройи, кафе ва ресторанлар, Миллий банкнинг Наманган филиали ва мономарказда, Андижондаги кўнгилочар савдо марказида, “Akfa” университети ҳамда Тошкент архитектура-қурилиш институтининг янги қурилган биноларида ишлаб турибди.
Ҳозирда TEXNOPARKда фаолият юритаётган беш ярим минг нафар ишчининг 70 фоизи ёшлардир. Улар орасида хориж давлатларининг йирик компанияларидан, жумладан, Туркия, Хитой, Россия, Италия ва Жанубий Кореядан келган мутахассислар ҳам бор. Улар TEXNOPARK ходимларига иш ўргатиб, маҳсулотни яратиш технологияси билан батафсил таништирмоқда.
Металл конструкциялар заводи
Лойиҳа 2021 йилнинг апрель ойида ишга туширилган. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 12 минг тонна. Ишлаб чиқариш майдони 24 минг квадрат метрни ташкил қилади. Иш ўринлари 250 та. Корхонада конструкцияларнинг LSTK, PSPK, QMK турлари ишлаб чиқарилади.
LSTK – енгил пўлатдан ишланган юпқа девор тузилмаси. Бу маҳсулот 1,5 дан 3,5 мм гача қалинликдаги рух билан қопланган пўлат профиллардан ташкил топган комплекс тизимдан иборат бўлган бино тузилмаларининг бир туридир. Улар ўзига хос енгил вазнга эга, логистикада транспорт ташиш-етказиш ишларида қулай, профилларнинг геометрик ўлчамлари барқарор ва аниқ, осон монтаж қилинади.
PSPK – деворлар орасидаги бўшлиқни тўлдириш учун ишлатилади. Бу тизим ҳар қандай ҳажм ва муаммони ҳал қилишга имкон берувчи кенг шаклланувчи қобилиятга эгалиги билан аҳамиятлидир. Мархи тизимлари (PSPK) аҳоли ва саноат ишлаб чиқаришида кенг қўлланилади. Хусусан, улардан ангарлар ва бошқа мураккаб лойиҳалар қуришда фойдаланилади.
QMK – қора металл конструкциялар пайвандланган элементлар ва прокат профиллар асосидан иборат. Бу маҳсулот юқори мустаҳкамлик хусусиятига эга. Ушбу хусусияти пўлатнинг сифат даражасига боғлиқ бўлиб, оғир юкларга бардошлилик, механик шикастланиш ва бошқа ташқи таъсирларга чидаш хусусиятига эгалиги билан ажралиб туради. Шунингдек, мавсумий ўзгаришларга барқарор, осон ўрнатиш мумкин.
PIR қатламли сендвич панеллар заводи
Лойиҳа 2022 йил апрель ойида ишга туширилган. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 1 000 000 квадрат метр. Айни пайтда лойиҳа доирасида 3 хил (қалинлиги 50, 75 ва 100 мм) сендвич-панеллар ишлаб чиқарилмоқда. Булар – том ёпиш, девор ва совитиш камералари учун мўлжалланган.
PIR сендвич панелларидан қурилган объектлар юқори даражадаги иссиқлик ва шовқин изоляцияси, намликка чидамлилиги билан ажралиб туради. Панелларнинг лаборатория ва техник синовлари материалнинг 150 даражагача бўлган ҳароратда ёнғинга чидамлилигини кўрсатади. Шунингдек, PIR сендвич панеллари юқори иссиқлик изоляцияси кўрсаткичи, механик бардошлиликнинг юқори даражаси, 50 йилдан ортиқ бўлган хизмат муддати, ўрнатиш осонлиги каби қўшимча қулайликларга эга.
TEXNOPARKда ишлаб чиқарилаётган PIR панеллари қишлоқ хўжалиги объектлари, ишлаб чиқариш ва омборхоналар, савдо майдончалари, станция мажмуалари, фармацевтика саноати учун бинолар, спорт иншоотлари ва музлатгичлар ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади.
Корхона Италиянинг “Ekosystem” компаниясининг замонавий ва тўлиқ автоматлаштирилган ишлаб чиқариш линияси билан жиҳозланган. TEXNOPARK объектларни лойиҳалаштириш бўйича ҳам сертификатга эга бўлиб, “AVANT” металл конструкцияларини ишлаб чиқариш билан бирга ҳар қандай мураккабликдаги объектни қуриш учун ўз ҳиссасини қўшишга тайёр.
“OSTEN” лифт ва эскалаторлар заводи
Лойиҳа 2021 йилнинг сентябрь ойида ишга туширилган. Заводнинг қуввати “OSTEN” бренди остида йилига
2 000 та лифт ва 500 та эскалатор ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Европа стандартларига тўлиқ жавоб беради ҳамда энергия тежамкор ҳисобланади. Ўзбекистонда илк бор автоматлаштирилган ва роботлаштирилган линияларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, ва бошқа Марказий Осиё ва МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда.
Дунёнинг етакчи лифт ва эскалатор ишлаб чиқарувчи “Shanghai Mitsubishi” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу заводда энг илғор, замонавий технология ва ускуналар ўрнатилган. Лифт эшиклари роботлаштирилган тарзда “Auto door line” автоматик равишда ишлаб чиқариш линиясида тайёрланади. Заводда лифтларнинг йўловчи ташувчи, касалхона учун, юк ташувчи ҳамда панорамик турлари ишлаб чиқарилади.
Қолаверса, завод ҳудудида замонавий синов маркази ҳам ташкил этилган. Бу маҳсулотни синовдан ўтказиш ва сертификатлашга мўлжалланган. Синовларни лифт ускуналари билан шуғулланадиган ва натижаларнинг объективлиги учун масъул бўлган техник жиҳатдан малакали лаборатория ходимлари амалга оширадилар. Текшириш тугагандан сўнг, лифтнинг техник ҳолати ва унинг Ташкилот Стандарти (TS), Давлат Стандартлари (ГОСТ) ва Европа EN стандартларининг талабларига мувофиқлиги тўғрисида баённома тузилади.
“OSTEN” лифтларга масофадан бошқариш имкониятларига эга бўлган замонавий диспетчерлик хизматини ҳам кўрсатади. Бу хизматнинг афзаллиги, лифт кабинаси ички бошқарув панелидаги махсус тугмани босиш орқали диспетчерлик марказига 24/7 реал режим форматида боғланиш мумкин. Лифт кабиналарида ўрнатилган видеокамералар йўловчига қўшимча қулайлик яратади. Бу реал режимдаги видео ёзув бир ой мобайнида махсус серверларда сақланади. Диспетчерлар лифтларни масофадан бошқаришни ҳам амалга оширадилар. Масалан, улар лифтни ёқишлари ёки ўчиришлари, эшикларини очишлари ёки ёпишлари ҳамда бошқа қаватга йўналтиришлари мумкин. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида 22 тилда овозли хабар бериш тизими мавжуд.
“SHIVAKI” саноат совутиш тизимлари ва кондиционерлар заводи
SHIVAKI бренди энг замонавий технологияларни тақдим қилади. Лойиҳа 2020 йилнинг ноябрь ойида ишга туширилган. Саноат ҳаво кондиционерлари ва совутиш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича режалаштирилган ишлаб чиқариш қуввати бир йилда 80 000 донани ташкил этади.
Заводда иссиқлик алмашинувчиларни ишлаб чиқариш участкаси, модулли чиллерларни йиғиш линияси, металл қисмларни бўяш линияси, кондиционерларни ички блокини йиғиш линияси, кондиционерларни ташқи блокини йиғиш линияси, сплит тизимли совутгичлар йиғиш линияси, AHU (Air Handling Unit) йиғиш линияси, металлга ишлов бериш участкаси, пенополиуретан қуйиш участкаси ҳамда иқлим (климатик) лаборатория мавжуд.
Ҳозирги кунда корхонада 8 хил турдаги маҳсулотлар, жумладан чиллер, фанкойл, марказлашган ҳаво кондиционерлари, совутиш агрегатлари, мулти-сплит кондиционерлари, канал ва устунбоп турдаги ҳамда кассетали кондиционерлар ишлаб чиқарилмоқда.
Масалан, устунли кондиционерлар унумдорлиги 24~100 BTU (British Thermal Unit) оралиғида. Ушбу турдаги кондиционер замонавий дизайн ва юқори функционалликка эга. Канал туридаги кондиционерлар унумдорлиги 18~100 BTU оралиғида. Уларнинг афзаллиги уй, ишхона ёки офисни бир маромда совутиш ёки иситиб бериш қуввати мавжудлигидир. Кассетали кондиционерлар унумдорлиги 24~60 BTU оралиғида. Улар кам шовқинда ишлаши, юқори унумдорлиги ва ҳаво оқимини ҳамма йўналишларда бир хил миқдорда тақсимлай олиши билан фарқланади. Мулти-сплит кондиционерларнинг ташқи блок унумдорлиги 18~42 BTU оралиқда. Бу турдаги кондиционерларнинг афзаллиги турли хил ички блоклар билан мутаносиб ишлай олиш қобилиятидир. Чиллерларнинг унумдорлиги 65~440 кВт бўлиб, асосий афзалликлари иссиқликни тўлиқ қайта тиклаши, хизмат кўрсатишга қулайлиги, атроф-муҳитга зарарсизлигидир. Фанкойллар унумдорлиги 1,3~15 кВт оралиғида. Чиллер-фанкойл тизимидаги элементлар орасидаги масофа анча узунлиги ушбу қурилмаларни исталган жойга ўрнатиш имконини беради. AHU (Air Handling Unit) унумдорлиги 1500~15000 м3/с оралиғида бўлиб, бу қурилмалар тиббиёт, фармацевтика ишлаб чиқаришида, нисбатан катта майдонларни тоза ҳаво билан таъминлашда кенг қўлланилади. Совутиш агрегатлари унумдорлиги 1,7-39.6 кВт оралиғида. Ушбу қурилмалар ёрдамида мева ва сабзавотларни узоқ муддатга сақлаш имкони мавжуд.
“LEO” сув насослари заводи
Лойиҳа 2020 йилнинг ноябрь ойида ишга туширилган. Ишлаб чиқариш қуввати 550 000 дона. Сув насослари тоза сув ёки шунга ўхшаш физик ва кимёвий хусусиятларга эга бўлган бошқа суюқликларни ўтказиш учун мўлжалланган. Улар саноат ва шаҳар сув таъминотида, юқори қаватли бинолар ва ёнғиндан ҳимоя қилиш тизимлари учун мўлжаланган сув босимини оширувчи қурилмаларда, боғларни суғоришда, узоқ масофали сув ўтказмаларида қўлланилади.
Шунингдек, ушбу насослардан боғдорчиликда сувни қияликларга етказиб бериш учун ҳам фойдаланилади. Қудуқдан сувни кўтаришда, суғоришда, сув таъминоти тизимларида, турли хил ёрдамчи иншоотларда сув босимини оширишда ҳам бу насослар анча қулайлиги билан аҳамиятлидир.
“LIDER” панел радиаторлари заводи
Лойиҳа 2021 йилнинг апрель ойида ишга туширилган. Ишлаб чиқариш қуввати 640 000 дона. Лойиҳа доирасида 5 та модификациядаги радиаторлар ишлаб чиқарилади. Панел радиаторининг афзалликлари юқори иссиқлик чиқиши (иссиқлик тарқалиши), ўрнатиш қулайлиги, турли хил конфигурация, чиройли ташқи кўриниши, кенг ассортимент ва ранглар палитрасига эгалиги билан белгиланади.
Панел радиаторларнинг ранги ўрнатилиши мўлжалланган бино ички қисмига мос тушиши билан ҳам аҳамиятлидир. Бундан ташқари, радиаторни ички интерьер детали сифатида ҳам ишлатиш мумкин. Барча панеллар темир пўлатдан ишлаб чиқарилади ва технологик жараён бир неча босқичда амалга оширилади. Бу эса маҳсулот сифатини таъминлайди. Бугунги кунда панел радиаторлар Шарқий Европага, хусусан Руминияга, экспорт қилинмоқда.
“OSTEN” электрон газ ҳисоблагичлар заводи
Лойиҳа 2020 йилнинг февраль ойида ишга туширилган. Қуввати йилига 3 000 000 донани ташкил қиладиган заводда Италиянинг “Pietro Fiorentini”, “Euro Impiantini”, “Motan” ва “Inotech” (Германия) корхоналари томонидан технологик жиҳозларнинг мувофиқлаштирилиши натижасида метрологик ва қиёсий ишлар олиб борилган. Заводда “Terranova” (Италия) компаниясининг дастурий таъминотидан фойдаланилади. “Aқлли” газ ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш буйруғини 4 миллион донагача қабул қилиш ва қайта ишлаш имконияти мавжуд.
“OSTEN” электрон газ ҳисоблагичлари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжон давлат метрология хизматларининг тегишли экспертизасидан муваффақиятли ўтган. Ушбу экспертиза натижалари асосида “OSTEN” электрон газ ҳисоблагичлари давлат реестри таркибига киритилди. Бугунги кунда ушбу газ ҳисоблагичларни Россия Федерацияси ва Беларус Республикаси ўлчов воситаларининг давлат реестри ихтиёрига киритиш ишлари олиб борилмоқда.
Демак, TEXNOPARK – 16 та ишлаб чиқариш объекти ҳамда логистика марказини бирлаштириб, маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқаришга йўналтирилган кенг турдаги саноат, техник, электрон, қурилиш ва маиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёдаги энг илғор ва истиқболли корхона деган номга ҳар жиҳатдан муносибдир.









