Бугун ўлкамизнинг барча ҳудудларида қурилиш ва бунёдкорлик жараёнлари жадал олиб борилмоқда. Ижтимоий объектлар, турар жой бинолари, кўнгилочар бинолар-у равон йўллар юртимизнинг кўркига кўрк қўшмоқда. Жиззах вилоятида ҳам бу борада кўплаб ижобий ҳаракатлар бажарилмоқда. Бундай ўзгаришларни вилоят марказининг ҳар бурчида ҳис этиш мумкин.
– Бу қанақа объект?
– Бу Жиззах шаҳрига қарашли 22-мактабнинг янги биноси. Бизнинг “Мамажоновлар” корхонаси қурган.
Мамлакатимиз марказида жойлашган Жиззах бир томондан Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани чегараларидан бошланиб, жанубий-ғарбий тарафда Нурота ва Туркистон тизма тоғлари, шимолда Арнасой, Айдаркўл оралиғини қамраб олган ҳолда Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани сарҳадларига қадар бўлган заминда ястаниб ётади. Вилоят ҳудуди икки томони тоғлар билан ўралган, ўртаси текисликдан иборат узун йўлакни эслатади. Унинг маркази Жиззах шаҳри ана шу йўлакда қад ростлаган.
Бугун Жиззах қурилишлар домида. Қурилиш ва бунёдкорлик ишларига қаратилаётган юксак эътибор натижасида соҳада беқиёс ютуқлар қўлга киритилмоқда. Вилоятдаги барча шаҳар ва қишлоқларнинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланмоқда. Улар замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида ривожлантирилаётир. Аҳолининг уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани самарали натижалар бермоқда.
Азиз Комилов Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини тугаллаб, 1997 йил қурилиш соҳасида ўзининг “Мамажоновлар” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этади. Мазкур корхона 25 йиллик фаолияти давомида 70 дан ортиқ объектларда қурилиш ишларини бажарди. Жамият таъсисчиси Азиз Комилов кўп йиллик қурилиш соҳаси фахрийларидан ҳисобланиб, у кишининг тажрибаси ортида “Мамажоновлар” масъулияти чекланган жамияти ҳудуддаги энг илғор қурилиш корхоналаридан бирига айланди.
– Жиззах вилоятидаги ўзгаришлар бугун бошланган эмас, ҳудудда кўп йиллик қурилиш маданияти шаклланиб улгурган, – деди корхона раҳбари Азиз Комилов. – Қизиғи, бу жараёнларда бизнинг корхонамиз ҳам фаол иштирокчи сифатида ўз ўрни ва нуфузига эга дея оламиз. Жиззах вилояти маркази ва туманлардаги умумий ижтимоий объектларнинг қурилишида бизнинг фирмамиз ҳам муносиб иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Жиззах шаҳридаги мактаб ва болалар боғчалари, таълим ташкилотларининг бинолари шулар жумласидандир. Ҳозирги кунда Жиззах шаҳрида Президент мактаби қурилишини бошлаганмиз. Мазкур мактаб 4 қаватли 1 200 ўринли янги бинолардан иборат бўлиб, ўқув масканининг қурилиши жорий йилнинг сентябрь ойида тўла тугалланиши назарда тутилган. Айтиш жоизки, вилоятимизда бундай мактабларнинг қурилиши, энг аввало, ёш авлоднинг маънавий ўсиб-улғайишида улкан ютуқ бўлса, уларнинг бунёд этишда эса, биз каби қурилиш корхоналари учун ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Корхона ўз фаолияти давомида кўплаб ижтимоий объектларнинг қурилишида катта ўрин эгаллади. Жумладан, ўтган 2021 йил давомида Жиззах вилояти прокуратураси бинолари реконструкция этилиб, қўшимча янги бинолар билан бойитилди.
Жамиятда 50 дан ортиқ доимий ишчи бўлиб, мавсумга қараб қўшимча 250-300 нафаргача ёлланма ишчилар қабул қилинади. Корхона, айтиш мумкинки, асосий қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни Жиззах шаҳри ва Зомин туманларида олиб боради. Йиллик 100 минг куб бетон шлакоблок, плита маҳсулотлари, ғишт каби ўнлаб қурилиш материаллари ишлаб чиқариш қувватларига эга ишлаб чиқариш тармоғи, ҳозирги кунда корхонанинг жами қурилиш ишларида асқатмоқда.
“Мамажоновлар” масъулияти чекланган жамияти айни дамда Зомин туманида корхона томонидан 400 ўринли икки қаватдан иборат янги мактаб биноси ҳамда 670 ўринли ўқув биноларининг жорий таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.
Ҳозирги кунда 62 миллиард сўмлик қурилиш ҳажмига эга корхонанинг келажак режалари орасида яна бир қанча ўхшаш турдаги объектлар ўрин олган бўлиб, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, Жиззах вилоятининг ландшафт кўринишини юксалтириш умумий мақсад этиб белгилаб олинган.
Ҳар бир қурилиш корхонасининг таянч кучларидан бири, албатта, қурилиш техникаларидир. “Мамажоновлар” корхонасининг ҳам бу борада кенг техник базаси мавжуд. Кранлар, 4 та самосвал, 3 та экскаватор корхонанинг қурилиш ишларида беминнат кўмакчи вазифасини бажариб келмоқда.
Жиззах – узоқ йиллик тарихга, ўзига хос маданиятга эга юрт. Шаҳарнинг шу кеча-кундуздаги кўриниши аҳолининг фаровонлик даражаси билан боғлиқ ҳолда олиб борилаётгани ютуқли ҳолат. Бу жараёнларда “Мамажоновлар” корхонаси каби ишбилармон ташкилотларнинг иштироки ортаётгани, ҳудудда эркин иқтисодий муносабатларни шакллантирмоқда. Албатта, булар келажакда ўз самарасини беради.

