Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида “Қурилиш соҳасида инновацион технологиялар” ҳафталиги бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва ташкилотлар, олимлар, олий ўқув юрти талабалари иштирок этишди. Ҳафталик давомида соҳада илм-фан ютуқларини жорий этиш, илмий ишлар таҳлили, такдимотлар, эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди.
5 сентябрдан 9 сентябрга қадар давом этган мазкур ҳафталикда Қурилиш вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси вакиллари, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти олимлари инновацион маҳсулотлар ҳамда драйвер лойиҳалари билан қатнашдилар.
Тадбирда қурилиш материаллари саноатида амалга оширилаётган ишлар, илмий ишлар ва изланишлар ҳақида сўз юритилди. Дастлаб, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Aзизбек Баҳодиров сўзга чиқиб, қурилиш материаллари йўналишда эришилган ютуқлар, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳақида тақдимот ўтказди. Шу билан бирга, 2022–2026 йилларда амалга оширилиши керак бўлган ислоҳотлар хусусида фикр билдирди.
Таъкидлаш лозимки, айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республика иқтисодиёти соҳалари, ҳудудларнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини ошириш, илмий ва инновацион фаолият учун замонавий инфратузилмаларни шакллантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада жаҳон мамлакатларининг инновацион ривожланиш тенденцияларини белгилаб берадиган Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистон 132 та давлат орасида 86-ўринда қайд қилинди. 2020 йилдаги ўрнига нисбатан 7 поғонага, 2015 йилдагига нисбатан эса 36 поғона юқорилади.
2021-2022 йилларда қурилиш соҳасини ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳисобидан умумий қиймати 5,184 млрд сўмлик 3 та амалий ва 1 та инновацион лойиҳа молиялаштирилган.
Кўргазма иштирокчиларининг таассуротлари қандай?
Аброр ГАДАЕВ, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори:
– Ушбу кўргазмада биз ҳар йили иқтидорли олимларимиз томонидан яратилаётган инновацион лойиҳалар билан қатнашиб келамиз. Бугунги кунда аввалги кўргазмаларда намойиш этилган бир қатор таклиф ва лойиҳаларимиз амалда ўзини оқлашга ҳам эришгани қувонарли. Бу йилги ҳафталикда ҳам институтимиз саноатнинг турли соҳалари учун инновацион лойиҳалар таклифлари билан фаол иштирок этди. Хусусан, энг аввало, А-ОТ-2019-14-рақамли “Тошкент-Самарқанд йўналишидаги Афросиёб тезюрар поезди темир йўли ёқасининг инновацион ландшафт ва дизайни ечимини ишлаб чиқиш” мавзусидаги илмий-амалий лойиҳа натижалари тақдим этилди.
Шунингдек, институт таянч докторанти Арслонбек Исмоилов “Автомобилларга табиий газ қуйиш шохобчаларида ортиқча босим ҳисобига атмосферага чиқариб юбориладиган газлардан самарали фойдаланиш” мавзусидаги лойиҳаси билан иштирок этди. “Маиший чиқиндилардан лок-буёқ ва елим олиш ҳамда қуруқ-иссиқ муҳитга чидамли эгилувчан пардозбоп қурилиш материаллари ишлаб чиқариш” мавзусидаги лойиҳа муаллифи катта ўқитувчи Алишер Очиловдир. PhD Ғафур Каримов эса “Микрокремнизём қўшимчали кам сув талаб қилувчи боғловчи моддалар ишлаб чиқариш” мавзусидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқиш таклифи билан қатнашди.
Кўргазмада СамДАҚИ ректори Чидем Туркйилмаз ҳам қатнашиб, бошқа олий таълим даргоҳларининг инновацион лойиҳалари билан қизиқди. СамДАҚИ олимларининг сифатли табиий ресурслар танқислиги шароитида қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялар ишлаб чиқаришда маҳаллий хом ашё, техноген ва саноат чиқиндиларининг потенциал имкониятларидан фойдаланган ҳолда энергиясамарадор қурилиш материалларининг мақбул таркибларини ишлаб чиқиш каби лойиҳалари долзарб муаммолар ечими сифатида эътиборга олинди. Тақдим этилган инновацион характердаги лойиҳалар дастлабки стартап тоифасида баҳоланди ва молиялаштириш учун тавсия этилди.
Булардан ташқари, кўргазма доирасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланади. Хусусан, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасида Самарқанд Давлат архитектура-қурилиш институти раҳбарияти билан ташкил этилган учрашув ҳар икки томон вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Унда Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси, белгиланган вазифалар, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш бўйича сўз юритилди. Шунингдек, қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш юзасидан устувор вазифаларга бағишланган йиғилишдаги топшириқлар ижросини таъминлашда СамДАҚИ, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “ЎзқурилишматериаллариЛИТИ” МЧЖ илмий тадқиқот ва инжиниринг маркази билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича фикрлар билдирилди.
Равшан НУРИМБЕТОВ, Тошкент архитектура-қурилиш институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори:
– Кўргазмада институтимиз доценти Икромжон Сиддиқов “Вермикулит асосида ўта енгил бетонларнинг самарадор таркиблари ва технологиясини ишлаб чиқиш”, ассистент Асрор Холиёров “Иккиламчи хомашё асосида яратилган импорт ўрнини босувчи модификацияланган суперпласификатор қўшилган юқори мустаҳкамликка эга ва емирилишга бардошли бетон ишлаб чиқариш технологиясини яратиш”, техника фанлари доктори, профессор Юсуф Рашидов “Кўп қаватли турар жой бинолари учун энергосамарадор ва ишончли, ўз-ўзини тартибга солувчи фаол элементли қуёш иссиқлик сув таъминоти тизими” ва “Биноларни иситиш учун металл симли тола абсорберли қуёшли ҳаво қиздиргич коллектори” каби мавзуларидаги тақдимотлари билан қатнашди. Масалан, “Иккиламчи хомашё асосида яратилган импорт ўрнини босувчи модификацияланган суперпласификатор қўшилган юқори мустаҳкамликка эга ва емирилишга бардошли бетон ишлаб чиқариш технологиясини яратиш” лойиҳасига тўхталадиган бўлсак, бунда полимер-минерал суперпластификаторли қўшимчалар цементни 20-40 фоиз ва иссиқлик сарфини 30-50 фоиз тежаб, совуққа бардошли (F500-F800) юқори маркали бетонлар, шу жумладан, енгил ва ячейкали бетонлар олиш имконини яратади. Бетоннинг хосса ва хусусиятларини бошқаришнинг энг мақбул усули унинг таркибига полифункционал суперпластификатор қўшимчалар киритиш орқали амалга оширилади. Бу каби инновацион лойиҳаларнинг амалда қўлланилиши натижасида келгусида қурилиш материаллари саноатида юқори ўсишга эришилади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу инновацион технологиялар ҳафталиги соҳада олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни рағбатлантириш ҳамда юқори тижорат салоҳиятига эга ва амалга оширишга тайёр бўлган истиқболли лойиҳаларни танлаб олиш учун катта имконият майдони экани билан ҳам аҳамиятлидир.

