Куни кеча “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Электр энергиясини сотишни автоматлаштириш маркази” филиалида “Электр тармоқларидан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар” мавзуида халқаро энергетика форуми ўтказилди.
Жанубий Корея, Хитой каби қатор хорижий давлатларнинг йирик компаниялари вакиллари, тизим ташкилотлари мутасаддилари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда энергетика соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Айниқса, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) татбиқ этилиши таъминотчи ташкилотлар ва истеъмолчилар учун катта қулайлик яратди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан бугунги кунда энергетика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, мазкур йўналишга илғор технологияларни кенг жорий этиш, “рақамли трансформация” жараёнларини изчил амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Алвар Гайбуллаев йиғилишни кириш сўзи билан очар экан. – Айни соҳада олиб борилаётган ишларнинг кўлами ва натижадорлиги бугун ҳар бир хонадон, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўз аксини топмоқда. Айниқса, электр энергия етказиб бериш тизимини янада ривожлантириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳага истиқболли лойиҳаларни татбиқ этиш, самарали ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имконини бермоқда.
Хусусан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Жанубий Кореянинг
“KT Corporation” компанияси ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамкорлигида ишга туширилган “Электр энергиясини сотишни автоматлаштириш маркази” мамлакатимизда энергетика соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш, хусусан, электр энергия таъминотида инновацион технология ва ечимлардан фойдаланиш имконини кенгайтиргани билан аҳамиятлидир


