Жамоат транспортлари шаҳримиз аҳолисини ҳамёнбоп нархда манзилига етказиб қўяди. Айниқса, метро бу борада бир қанча қулайликлари билан алоҳида ўрин тутади. Айни дамда Тошкент шаҳар метрополитени ер усти линиясининг “Дўстлик – Қўйлиқ” йўналишида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур йўналишда яна иккита бекат қурилиб, “Олмазор – Сергели” йўналиши билан боғланади.
– Айни пайтда биз Дўстлик йўлининг ўн иккинчи ва ўн учинчи бекатлари оралиғида метро қурилишида фаолият олиб бормоқдамиз, – деди “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси мутахассиси Мақсуд Нормуродов. – Айнан мана шу бекатлар оралиғида корхонамизнинг 90 нафар ходими ишлаяпти. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида метро қурилишини тез ва сифатли амалга ошириш учун ишчиларимиз билан астойдил меҳнат қиляпмиз.
Қурилиш жараёнларида кўплаб корхоналарнинг қурувчи ва мутахассислари фаолият олиб боришяпти. Ушбу метро бекатлари Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллигига совға сифатида сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
– Корхонамиздан 270 нафар ишчини ушбу метро қурилишига олиб келиб, кўплар қатори биз ҳам мазкур ишга ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз, – деди “Бухоро минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси ходими Фарҳод Мусинов. – Қурилиш жараёнларида сифатли хомашёлардан фойдаланиляпти ҳамда кўп йиллик тажрибага эга соҳа мутахассислари иштирок этмоқда. Қурилиш ишлари шитоб билан бораётган бўлсада, материалларда узилиш кузатилмаяпти. Керак бўладиган барча техникалар ҳам хизматимизда ҳозиру нозир.
Ҳаво ҳароратининг юқорилигига қарамасдан, офтоб нурларининг тиғида тер тўкиб меҳнат қилаётган инсонларни кўриб, уларга ташаккур айтгиси келади кишининг. Биз шундай ишчилардан бирини суҳбатга тортдик.
Темирйўлчи Чориёр Отамуродов метро қурилишига ўзининг беминнат ҳиссасини қўшмоқда.
– Биз Самарқанддан “Бухоро минтақавий темир йўл узели” УКга тегишли “Самарқанд темир йўл масофаси” корхонаси томонидан метро қурилишида ёрдамга келганмиз, – деди Чориёр Отамуродов. – Метро қурилиши жадал кетяпти. Қурилиш тезроқ якунланиб, фойдаланишга топширилиши учун ҳамма қурувчилар тер тўкиб меҳнат қилишмоқда. Ишчилар учун турар жой ва овқатланиш учун ҳам шароитлар мавжуд. Ҳаво ҳарорати жуда юқори бўлган пайтлари, куннинг маълум қисмида танаффус берилади. Уйимизнинг олдидан темир йўл ўтганлиги сабаб болаликда шу соҳада ишлашни орзу қилганман. Улуғайганимдан сўнг, Самарқанд темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежида таҳсил олиб, мана 7-8 йилдан буён темирйўлчи бўлиб ишлаб келяпман. Шу касбнинг орқасидан рўзғоримизни тебратиб, кам-кўстимизни тўлдириб турибмиз. Агар фарзандларим ҳам темирйўлчи бўламан, деса, қаршилик қилмайман. Чунки ўзим ҳам шу касбни танлаб кам бўлмадим.


