|

|

2026 йил 28 Апрель, Сешанба
spot_img

Дашт бағридаги хазина

Муҳим хабарлар

Булунғурдаги “Ғўбдин соф парранда” МЧЖ фаолияти маҳаллий халқ орасида тилга тушган. Негаки, яқинда тоғ ёнбағирларида фойдаланишга яроқсиз ерда мукаммал лойиҳа асосида бунёд этилган корхона ишга туширилдики, унда эл манфаати ўйланди, иш ўринлари сонини кўпайтиришга ҳаракат қилинди. Фабрикани очган тадбиркорларнинг дашт шароитидаги имкониятлардан қандай даромад олиш, мураккаб вазиятда одамларни фойдали меҳнатга жалб қилиш, ташландиқ жойни ободонлаштириш, кўркам масканга айлантириш асосий мақсади эди. Улар ўз ниятларига етишиб эндиликда корхонани янада кенгайтириш учун дадил қадам ташлаяптилар. Бажарилган юмушлар ҳақида мазкур корхона раҳбари Манноп Содиқов шундай дейди:
– Ота-боболаримиз бежизга “Кўз қўрқоқ, қўл ботир”, дейишмаган. Биз қўл урадиган иш келажакда маҳаллий халқ учун фақат фойда келтиради, қақроқ ер меҳнат туфайли обод ҳудудга айланади, деган фикрга қатъий ишонч ҳосил қилиб мазкур жамиятга асос солишга бел боғлагандик. Иш бошида турганларнинг тажрибаси етарли, маблағдан қийналиб қолишмайди, уни жойида сарфлашни, қандай ишлатишни яхши билишади. Маҳаллий ҳокимлик томонидан имконият яратилиб берилдими, ундан ўринли фойдалана олиш лозим. Ахир паррандачилик биз учун бегона эмас. Чунки Сирдарё вилоятида ҳам шундай корхона очиб, яхшигина натижага эришяпмиз. Бугун эса соҳанинг аҳамияти янаям ошаяпти. Иш бошландими, энди ҳаммаси ҳаракатга, ҳақиқий меҳнатга боғлиқ. Шундай қилиб иш бошлайдиган бўлдик. Булунғурнинг Ғўбдин ҳудудида паррандачиликка ихтисослашган жамият ташкил этилди. Чўл ҳудудидан 5 гектар ер ажратиб берилди. Чинакам замонавий корхонани қисқа фурсатда қад ростлаши учун барча имкониятни ишга солдик. Бу 2021 йилда рўй берганди. Шундан буён паррандачиликни ривожлантириш борасида бир қатор ишларни амалга оширдик, тухум ишлаб чиқаришда эришилган натижаларимиз ёмон бўлмади. Товуқларнинг тухум беришдаги сермаҳсуллиги биринчи навбатда парваришга, уларнинг қандай озиқлантирилишига боғлиқ. Қолаверса, биз Германиянинг Ломанн зотли паррандаларини олиб келганимиз ниҳоятда асқатмоқда. Тўғри, уларни парваришлаш анча мушкул. Лекин бизнинг озуқа ишлаб чиқариш учун бунёд этилган махсус цехимиз бор. Ҳар бир концентратларга бой озуқаларни ўзимизда тайёрлаймиз, уларни четдан сотиб олмаслигимизнинг ўзи анчагина иқтисодий тежамкорликка олиб келяпти.
Асрлардан буён ташландиқ ҳолатда ётган жойда паррандачилик корхонаси ташкил этилиб, хато қилинмаган экан. Зеро, соҳа етти хазинанинг бири эканлиги кўпчиликка маълум. Унинг етти хазинага қиёс этилиши сабаби, товуқ жуда сермаҳсул жонивор. Унга етарли миқдорда озуқа берилса бас, ҳар куни тухум қилаверади. Тўғри, бунинг ҳам ўз босқичлари, фазалари бор. Маълум муддатдан сўнг улар тухумдан қолади. Бундай пайтда она товуқлар изидан етишиб келаётган навбатдаги авлод ишга туширилади, тухумдан қоладигани эса гўштга топширилади. Биз буни назарда тутиб айни пайтда жўжа боқиладиган яна битта бинони қуриш учун астойдил жон койитяпмиз. Мана уч йилдирки, халқимиз дастурхонига сифатли парҳез маҳсулотлари етказиб беришга ҳисса қўшяпмиз. Йил сайин корхона кенгайиб, ундаги иш ўринлари сони ошиб боряпти. Бу ҳаракатлар ҳали бошланиши. Ҳадемай ишлаб чиқаришда ҳам, тадбиркорликни ривожлантиришда ҳам юқори натижаларни қўлга киритамиз. Негаки, паррандачиликнинг кони фойда эканини жамоамиз аҳли дилдан англайди, яратилган имкониятдан эса самарали фойдаланишни билади.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img