Британия меъморлари Қироллик институти (RIBA) томонидан нашр этилган дунёнинг 100 нафар меъмор аёллар фаолияти ҳақидаги “100 women architects in practice” китобига ўзбек меъмори Тахмина Турдиалиева ҳам киритилди.
“Дунё” ахборот агентлигига кўра, Лондонда ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Британия меъморлари Қироллик институти томонидан ташкил этилган тадбирда дунёнинг турли бурчакларидан иштирокчилар онлайн ва офлайн тарзда қатнашди. Қайд этилишича, “Дунёнинг 100 аёл меъмори” китоби хотин-қизларнинг меъморий муҳитга қўшган ҳиссасини ёритиб берган. Нашрда Тахмина Турдиалиева ижодий ишларига ўзига хос нуқтаи назар билан ёндашилган. Хусусан, китобда юртдошимиз томонидан пойтахтимизда лойиҳалаштирилган Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Шота Руставели кўчасидаги маъмурий биноси ва Замонавий санъат марказидаги ёзги ҳовлининг сояли конструкцияси ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
Ушбу нашр бутун дунёдаги истеъдодли меъмор аёллар фаолиятини юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлашда муҳим қадамдир. Тахмина Турдиалиеванинг дунёдаги юз нафар энг яхши меъмор аёллар қаторидан ўрин олгани эса Ўзбекистоннинг жаҳон архитектура соҳасига таъсирини намоён этади, дейиш мумкин.
Маълумот ўрнида, Тахмина Турдиалиева Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳамда Хитойнинг Хуачжун фан ва технология университетларини тамомлаган. Халқаро архитектура танловларида ғолибликни қўлга киритиб, ўзининг профессионал маҳоратини намоён қилган. Хитойнинг “Cube design” халқаро архитектура фирмасида архитектор сифатида ишлаган. Шунингдек, у Самарқанд вилоят ҳокимининг архитектура ва қурилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ҳам фаолият юритган. Бугунги кунда у Тошкентда ўзининг “TT Design Lab” меъморлик студиясини муваффақиятли бошқармоқда.


