Президентимиз топшириғи билан Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасида “Шамол электр станциясини ташкил этиш” лойиҳасининг қурилиш ишлари кенг кўламда давом этмоқда.
Амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишиш мақсадида Қорақалпоғис тон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Орынбаев, республика фаоллари, нуронийлар қурилиш объектида бўлишди. Шамол электр станциясининг “Нукус1” лойиҳаси Қораўзак тумани “Қойбақ” ОФЙ ҳудудида олиб борилмоқда. Умумий қиймати 107 миллион АҚШ доллари, қуввати 100 МгВТ бўлган лойиҳа доирасида ҳар бирининг қуввати 6,5 МгВТ бўлган 16 та шамол турбинаси генератори барпо этилиши режалаштирилган. Бугунги кунда 3 та турбина тўлиқ қуриб битказилган, шунингдек, 1 та турбина қурилиши яқин кунларда якунланади.
Асосийси, лойиҳани амалга оширишда 150 дан ортиқ маҳаллий фуқаро бандлиги таъминланган. “Нукус1” лойиҳаси тўлиқ ишга тушиши натижасида ҳар йили 350 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига имконият яратилади. Ўртача 100 миллион куб табиий газ сарфи тежалиб, ҳавога 180 минг тонна карбонат ангидрид тарқалиши камаяди.
Бундан ташқари, “Қойбақ” ОФЙ ҳудудида умумий қиймати 220 миллион АҚШ долларилик яна бир “Нукус2” лойиҳаси ҳам амалга оширилиб, 26 та шамол турбинаси генератори қурилади. Қурилиш ишларида 200 дан ортиқ маҳаллий фуқаронинг бандлиги таъминланиши режалаштирилган. Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг ҳар йили 794 миллион киловатт/соат электр энер гияси ишлаб чиқарилишига имконият яратилади.


