Ўсиб бораётган талабни ҳисобга олган ҳолда барқарор бозор механизмларини яратиш ва инвестицияларни жалб этишга қаратилган тарифларнинг эркинлаштирилиши энергетика соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг давоми бўлди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2024 йил
май ойида жорий этилган ижтимоий истеъмол нормасига асосланган янги тариф сиёсати доирасида уй хўжаликларининг энергия истеъмолига таъсирини баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказди.
Тадқиқотда республиканинг барча ҳудудларидан 3516 минг уй хўжаликлари иштирок этди. Шунингдек, 3,5 миллион табиий газ ва 8 миллион электр энергияси абонентларининг истеъмол маълумотлари таҳлил қилинди. Бу эса, энергия истеъмоли таркиби ва тарифлар ўзгаришига аҳолининг муносабатини тушуниш имконини беради. Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, 2024 йилнинг май-декабрь ойларида электр
энергияси истеъмоли 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 10,6 фоизга камайиб, 1,3 миллиард кВт/соат тежалган. Илгари ойига 10 минг кВт/соатдан ортиқ электр энергияси истеъмол қилган уй хўжаликлари сони айниқса сезиларли даражада камайди. 2023 йилда бундай оилаларнинг сони 80 мингга яқин бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 15 мингтага камайди.

