|

|

2026 йил 25 Апрель, Шанба
spot_img

Бунёдкорлик орқали ҳудуд ўзгача чирой очмоқда

Муҳим хабарлар

Наргиза Мирёқубова
Наргиза Мирёқубова
"2011-2015 йилларда Ўзбекистон Давлат Санъат ва Маданият институтини тамомлаган. Юртимизда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳақидаги кўплаб мақолалари матбуотда чоп этилган. 2016 йилдан буён “O‘zbekiston bunyodkori” газетаси мухбири.

Ўтмишда яшаб ўтган буюк алломаларимиз яратиб қолдирган бой маданий меросни ўқиб-ўрганиш, асраб-авайлаш, уларнинг табаррук қадамжоларини ободонлаштириш бугунги куннинг муҳим талабларидан саналади. Ана шу мақсадда Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан нафақат юртимиз, балки, Ислом оламидаги табаррук қадамжолардан бири – буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий зиёратгоҳини қайта қуриш ва ободонлаштириш жараёнлари бошлаб юборилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида “Enter Engineering” компанияси қурувчилари томонидан барпо этилаётган мажмуанинг умумий майдони 4,8 гектардан иборат бўлиб, унинг 2,8 гектар қисмида масжид, айвонлар, мақбара, таҳоратхона ва меҳмонхоналар қуриш, қолган қисмида эса ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

– Самарқанд вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси буюртмачилиги асосида 2022 йил дастур доирасида 110 дан зиёд объектларда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиши белгиланган, – деди компания бўлим бош­лиғи Анвар Қодиров. – Шундан, 10 таси йилдан йилга ўтувчи ҳисобланади. 100 тасида бугунги кунда лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертиза хулосалари расмийлаштирилган. Танлов асосида пудрат ташкилотлари аниқланиб, ҳозирда жойларда қурилиш-монтаж ишлари бошланган. Шу билан биргаликда 2021 йил дастури асосида Имом ал-Бухорий мажмуасини қайта реконструкция қилиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда қурилиш-монтаж ишлари тендер асосида ғолиб бўлган “Enter Engineering” компанияси томонидан қурилиш меъёрлари асосида олиб борилмоқда. Қурилишда доимий сифат назорати ўрнатилган, замонавий техникалардан фойдаланилмоқда. 750 дан зиёд ишчи-ходимлар жалб қилинган. Объектни 2023 йил охирида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Объектда инжиниринг компаниясининг техник назоратчилари томонидан доимий техник сифат назорати ўрнатилган.

Мажмуанинг кириш қисмида томонлари 60 метрга 60 метрни ташкил қилувчи 4 минг кв.метр майдонни эгаллаган масжид биноси қад ростламоқда. Масжид пештоқининг баландлиги 29 метрни, гумбазнинг баландлиги эса 47 метрни ташкил қилади. Масжиднинг икки ёнида унга туташ даҳлизлар, ҳар бири бир вақтда 168 нафар кишига хизмат кўрсатувчи аёллар ва эркаклар таҳоратхоналари, мажмуа ходимлари учун хизмат хоналари барпо этилмоқда.

– Қурилиш майдонимиз 5 гектар, – деди “Enter Engineering” компанияси етакчи мутахассиси Фахриддин Абдуллаев. – Масжид қурилиш майдони 2 гектар, бундан ташқари 4 минг квад­рат метрдан зиёд ҳудудда кўкаламзорлаштириш ва дарахт экиш ишлари олиб борилмоқда. Масжиднинг ўзида 10 минг кишилик жой бор. Агар бу ерда Ҳайит намозлари ўқиладиган бўлса, 25 мингга яқин киши сиғдира олади. Биринчи қават айвон, унинг пастида эса ертўла бор. Яъни, у ер музей бўлади ёки имомларга хизмат кўрсатадиган хона. Реконструкция ишларини 2021 йил февраль ойида бошлагандик. Насиб бўлса, объектни 2023 йилда топширишни режа қиляпмиз. Ҳозирда қурилиш майдонида 750 киши ишламоқда, улардан 150 нафари Туркиядан келган мутахассислар. Бизнинг қонун талабларимизга мувофиқ, туркиялик қурилиш соҳасидаги ишчилар 3 йил малака кўникмасига эга бўлиши керак. Ундан ташқари, бу ерда уларнинг ҳам ускуналар, ҳам хавфсизлик қоидалари мезонлари билан ишлаш кўникмалари оширилади.

Эътиборлиси, масжид остидаги ҳамда унга туташ даҳлизлар остидаги ертўлаларда ҳам намозхоналар учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Натижада жума ва Ҳайит намозлари пайтида қарийб 10 минг намозхон масжид ичида, яна 15 минг нафари эса мажмуа ҳовлисида ва атрофдаги айвонларда ибодатларни адо этишлари мумкин бўлади.

Бу зиёратгоҳга ташриф буюрувчиларга яратаётган қулайликларимиздан бири бу барча замонавий шароитларга эга 2 қаватли меҳмонхоналар. Бу меҳмонга келган зиёратчилар учун жуда қулай, чунки унинг ичида барча шароитлар бор. Шу билан бирга 2, 3 ва 5 қаватли 20 дан зиёд меҳмонхоналар қурилмоқда. Бу ерда 160 дан ортиқ одамларга мўлжалланган таҳоратхоналар бўлади. Бундан ташқари, ташриф буюрувчилар учун махсус конференц зал ҳам бор. Масжид 6 қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисми Масжид, 2- ва 3-қисмлари даҳлизлар, 5- ва 6-қисми эса имомларга хизмат кўрсатиш хоналари бўлади. Масжид қопламалари чет элдан келтирилган, энг тоза ва сифатли оқ мармардан қурилмоқда. Нақш ва шакллар ўзимизни миллий услубда яратилмоқда. Эшик-дарвозалар ҳам миллий ёғоч ўймакорлик санъати асосида қурилган. Масжидда имомлар мактаби, Имом ал-Бухорий номидаги Илмий марказ ҳам бунёд этилди. Маж­муа атрофига хориждан келтирилган дарахт ва ўсимликларнинг экилиши ҳам ҳудудга қўшимча гўзаллик бахш этади. Ташриф буюрувчилар бир пайтнинг ўзида ташкил этилган музейни томоша қилишлари, намоз ўқишлари ва меҳмонхоналарда дам олишлари учун барча шароитлар яратилмоқда.

Мажмуада амалга оширилаётган қурилиш ободонлаштириш ишлари давомида Имом ал-Бухорий мақбарасининг аввалги кўринишини сақлаган ҳолда қабр атрофи кенгайтирилиб, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, аввалги 9 метр ҳажмдаги мақбара ўрнига томонлари 12,8 метрдан иборат бўлган, баландлиги 26 метрни ташкил қилувчи мақбара бунёд этилмоқда. Эътиборлиси, зиёратга келувчилар мақбарага нафақат мажмуа ҳовлисидан, балки атрофдаги айвонлар остидаги ертўла орқали ҳам келишлари мумкин бўлади. Мажмуа атрофида 4 та улкан минора кўкка бўй чўзмоқда. Ҳар бирининг баландлиги 75 метр бўлган миноралар мажмуага улуғворлик ва салобат ба­ғишлайди.

– Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бу ерда улкан қурилишлар бўляпти, – деди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Қурбон Ҳудойқулов. – Меҳмонхоналар, ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, туманга кириш қисмида Туризм қишлоғи барпо қилиняпти. Бу ерда сайёҳларни қабул қилиш, меҳмонхоналарда келган меҳмонларни кўнглини олиш учун шароитлар муҳайё этиляпти. Бу ерда бир қанча янги иш ўринлари, истиқомат қиладиган аҳоли учун ҳам катта имкониятлар яратилади. Мажмуа битгач, дунё мусулмонларининг бу ерга ташрифи ва зиёратининг сони ошиши кутилмоқда. Ҳар бир кўча, хиёбонлар обод қилиниб, кўчаларга асфальт ётқизилмоқда. Мажмуа қурилиши асносида ҳудуд янгича қиёфа касб этмоқда.

Эътиборли жиҳати, мажмуада амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, барпо этилаётган янги ва замонавий меҳмонхоналар, халқаро андозаларга хос ва мос келадиган маиший хизмат ва санитария-гигиена шохобчалари келгусида маҳаллий ҳамда хорижий зиёратчиларга қулайлик яратиб, зиёрат туризмини ривожлантиришга пировардида, ҳудуд аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилади.

- реклама -spot_img

Мавзуга оид

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Сўнгги хабарлар

spot_img