Авваллари йўлимиз тушиб, Тўрақўрғон туманининг охири ва Мингбулоқнинг бошланиш қисмидаги кўприкка етай деганда, Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги адирликка монанд баландликнинг ўртасида ғорга ўхшаш аркали туйнук ҳамиша эътиборимизни тортарди. Ва, беихтиёр ўша ғорнинг ичкарисида қандай сир-синоат яширингани ҳақида ўйлардик. Пишиқ ғиштдан тикланган меҳроб шаклидаги ушбу обида – кўҳна Ахсикент шаҳрининг кичик бир қисми эканлиги ҳақида кўп эшитгандик. Бу сафар мухбир сифатида мазкур археологик ёдгорликлар яшириниб, ястаниб ётган ҳудудга бориб, бу ерда қандай бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани билан қизиқдик.
Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси мутахассисларининг маълум қилишича, бу ерда туризм кластерини ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилиши баробарида маҳаллий ва хорижий экспертлар билан тегишли ишлар ҳам олиб борилмоқда. Бош режага кўра, тадқиқот олиб борилган объектларда очиқ осмон остидаги музейлар барпо этилади. Марказий Осиёдаги энг катта музей ташкил этилиб, рамзий дарвоза қурилади. Сайёҳларга Сирдарё бўйлаб қайиқларда сайр қилиш, туяда кўҳна шаҳарни томоша қилиш имконияти яратилади. Булардан ташқари, иккита меҳмонхона, карвонсарой, ресторан ва овқатланиш тармоғи, миллий ҳунармандчилик расталарини ўз ичига олган марказ, Ахсикент археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси маъмурий биноси, бир сўз билан айтганда, зарур инфратузилма, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади. Эътиборли жиҳати шундаки, Ахсикент туризм кластерини яратиш бўйича ўрганишлар натижасида нафақат тарихий обида, балки ўзида 15 хил туризм маҳсулотини таклиф этадиган марказ бўлиш имкониятига эга, деган хулосага келинди. Тарихни севадиганлар учун археологик топилмалар, Сирдарё балиқлари ресторанлар тармоғи, водий ноёб қўлёзмалар кутубхонаси, зиёрат туризми объектлари ва Чуст пичоғи, қиличлари устахоналари, Қўқон ипак қоғози маркази ҳамда Ахси кулолчилик устахоналари, этно-мода, камончилик, чавандозлик каби бошқа миллий ўйинларни ўз ичига олувчи этно-спорт марказларини ташкил этиш шулар жумласидандир. Бу манзилдан 5 километр масофадаги Яккатом маҳалласида нодир қўлёзмаларни ўрганиш илмий маркази, осори-атиқалар музейи, меҳмонхона ва археологик манзиллар тармоғини ўз ичига олган йирик маскан – Янги Ахси зиёра туризм мажмуаси барпо этилмоқда. Замонавий сайёҳларнинг барчаси смартфондан фойдаланишини ҳисобга олиб, Олий таълим фан ва инновациялар ҳамда Рақамли технологиялар вазирликлари билан ҳамкорликда туризм мобил иловалари яратилади.


